Замонавий сузиш ҳавзаси
Бектемир тумани ёшлари учун қиш фасли янада мароқли ва мазмунли ўтадиган бўлди. Боиси, яқинда уларнинг энг севимли масканларидан бири 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида янги ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди.
Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида сўзлаганлар юртимизда болалар спортига катта эътибор қаратилаётгани ва бу соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб улғайишига қаратилган эътибор ҳамда ғамхўрлик намунаси экани ҳақида алоҳида тўхталди.
— Замонавий спорт мажмуаларини кўрганда, ҳавас қилардик. Қани, бизнинг спорт залларимиз ҳам ана шундай имкониятларга эга бўлса, дердик, — деди ушбу спорт мактаби раҳбари Тоҳир Эгамқулов. — Шукр¬ки, истагимиз амалга ошди. Замонавий иншоотда сузиш ҳавзаси, ювиниш хоналари мавжуд. Сувни тозалаш, иситиш тизимлари, хона ҳароратининг мўътадиллигини сақлаш ускуналарининг борлиги иншоотнинг кўп йиллар давомида ёш авлодга хизмат қилишини таъминлайди. Албатта, бу объект болаларимиз учун қанчалар қадр¬ли эканини, уни асраб-авайлаш зарурлигини уқтирамиз. Энг асосийси, ушбу имкониятлар мактабимиз тарбияланувчиларининг маҳаллий ва халқаро мусобақаларда янада яхшироқ қатнашиши, ютуқларни қўлга киритишига кўмак беради.
Мактабда айни пайтда 16 та спорт тўгараги очилган бўлиб, уларга жами 750 нафар ўғил-қиз мунтазам қатнайди. Ёш спортчилар учун энди ёпиқ сузиш ҳавзасида сузиш тўгараги ташкил этилади. Бу эса бектемирлик ёшлар орасидан ҳам яқин келажакда сув спорти турлари бўйича чемпионлар етишиб чиқишини, қолаверса, ўғил-қизларнинг янада соғлом ва дуркун бўлиб вояга етишини таъминлайди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2003—2015 йиллар давомида фақат Тошкент шаҳрининг ўзида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 119 объект фойдаланишга топширилди. Хусусан, 2016 йилда Мирзо Улуғбек, Бектемир, Миробод ва Сергели туманлари ёшларига янги спорт иншоотлари совға қилинди. Муҳими, муҳташам спорт залларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётган фарзандларимизнинг ўз мақсади, орзу-интилиши бор. Уларнинг барчаси ватанимиз шаънини янада юксалтириш йўлидаги улкан ғалабаларга қаратилгани билан ғоят қадрлидир.
Шерали НАМОЗОВ,
“Ma’rifat” мухбири