Ойдин орзулар ошёнида
Ўзбек футболининг бўлғуси юлдузлари шуғулланмоқда
Юртимизда вояга етаётган ёш авлоднинг саломатлик ва дўстлик гарови — спортга бўлган қизиқиши тобора кучайиб бормоқда. Улардаги иштиёқу чанқоқликни қондиришга мактабдаги жисмоний тарбия фанининг ўзи камлик қилади. Шу боис аксарият ўғил-қизлар дарсдан кейин бўш вақтини Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ўтказмоқда. Ана шундай гавжум масканлардан бири пойтахтимиздаги 16-БЎСМ эканига шубҳа йўқ.
1991 йили ташкил этилган футбол мактаби 2007 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг энг номдор клуби "Пахтакор" футбол жамоаси қошидаги 16-болалар ва ўсмирлар спорт мактабига айлантирилди. 2013 йилдан ўз фаолиятини Чилонзор туманида давом эттираётган спорт мактабида бугун 530 нафар бола футбол билан мунтазам шуғулланаяпти. Шулардан 17 нафари қизлар экани эътиборлидир. Улар учун алоҳида футбол жамоаси ташкил этилган. Ёшларга 23 нафар мураббий "миллионлар ўйини" сирларини ўргатмоқда.
— Мактабимиз фаолиятининг асосий вазифаси болаларнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бўлиб улғайиши, бўш вақтини самарали ўтказиши ҳамда спорт орқали ўзига бўлган ишонч ҳиссини оширишдан иборат, — деди спорт мактаби директори Шуҳрат Раҳмонқулов. — Муассасамизда 2 та сунъий ҳамда чимли футбол майдони бор. Тўгаракларимизга турли ёшдаги ва турли ҳудудларда истиқомат қиладиган болалар жалб этилган. Машғулотлар давомида мураббийлар энг иқтидорли деб топган болалар "Пахтакор" клубининг футбол академиясига юборилади. Мактабимизда турли ёшдаги терма жамоалар сафида тўп сураётган болалар ҳам борлигидан ғурурланамиз.
Ўғил-қизлар 16-БЎСМга доим катта иштиёқ ва қизиқиш билан келади. Чунки футболнинг ўзи қизиқарли ва мароқли. Бу ерда футбол машғулотлари жадвал асосида ташкил этилган бўлиб, улар болаларнинг асосий таълим жараёнига халал бермайди. Мактаб дарслари эрталаб бошланадиган болалар учун футбол машғулотлари соат 15.00—16.00 га қўйилса, тушликдан сўнг ўқийдиган ўқувчилар машғулотларининг бошланиш вақти эрталабки соат 9-10 га белгиланган.
Энг асосийси, мактабда болаларнинг футбол билан кўнгилдагидек шуғулланиши учун барча имкониятлар мавжуд. Қолаверса, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бошқа ҳомий ташкилотлар доимий равишда тўплар ва спорт кийимлари билан таъминлайди. Ҳар 15 кунда тарбияланувчиларнинг тиббий ҳолати, саломатлиги кўздан кечириладиган мавжуд 2 та тиббиёт хонасида ҳам керакли дори-дармон ва бошқа жиҳозлар бор.
— Биз тарбиялаётган ёш футболчилардан иборат "16-БЎСМ" футбол жамоасини республикамиздагина эмас, балки қўшни давлатларда ҳам яхши билишади, — деди Ш.Раҳмонқулов. — Болаларимиз жуда кўп мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Ўтган йили ўтказилган кўплаб футбол мусобақаларида футболчиларимиз мактабимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, ютуқ ва кубокларимиз сонини янада оширди. Хусусан, Мақсуд Зокиров мураббийлигидаги 2004 йили туғилган болалар жамоамиз Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда 3-ўринни эгаллади. Кейин Қозон шаҳридаги мусобақада 2001 йилда туғилган футболчиларимиз фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Россияда кечган халқаро турнирда Шуҳрат Бўриев шогирдлари (2002 йилда туғилган болалар) кумуш медалга сазовор бўлди. Ҳозир ҳам мактабимиз жамоаларига кўплаб халқаро турнирлардан таклифномалар келмоқда. Биз бундан фақат ва фақат қувонамиз.
Мактаб жамоасининг 2017 йил учун режалари ниҳоятда кўп. Ҳозир мактабда болаларни бўлғуси халқаро мусобақаларга тайёрлаш жараёнлари жадал олиб борилмоқда. Бутун мактаб жамоаси 2017 йилда янада юқори натижаларни қўлга киритишга аҳд қилиб, астойдил интилмоқда.
Футбол майдонида завқу шавқ, ўз келажагига собит ишонч билан шуғулланаётган болаларга омад тилаймиз. Уларнинг ўтдек чақнаб турган кўзлари ҳамиша ғалаба суруридан янада порлаб, аланга олиб юраверсин, деймиз.
Ирода ТОШМАТОВА