Сарвиноз Қурбонбоева — халқаро гроссмейстер
Ўзбекистонлик халқаро гроссмейстерлар сафи яна кенгайди. 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида Халқаро шахмат федерацияси — FIDE томонидан Сарвиноз Қурбонбоевага хотин-қизлар ўртасида халқаро гроссмейстер (WGM) унвони берилгани эълон қилинди.
Сарвиноз — Мустақиллик фарзанди. 1994 йилнинг 6 декабрида Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган. 5 ёшидан отаси, Боёвут туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси Каримберди Жумуқов раҳбарлигида шахмат билан шуғуллана бошлаган. Кейинчалик FIDE устаси Маматқул Хайлаев ёш шахматчининг маҳорати ошиши, иқтидорини республика ва халқаро миқёсда намоён этишига кўмак берди.
Таъкидлаш жоизки, ¡збекистон шахматида Боёвут шахмат мактабининг ўзига хос ўрни бор. Маматқул Хайлаев, Жамшид Шодиқулов, Анвар Хайлаев, Элбек Жуманов каби спорт усталари етишиб чиққан туман вакили бугун нафақат Боёвут тумани, балки ¡збекистон довруғини дунёга ёймоқда.
— Сарвинознинг шундай даражага эришишида отаси — чинакам оилапарвар инсон, шахмат фидойиси Каримберди аканинг ҳиссаси катта, — дейди таниқли мураббий Маматқул Хайлаев. — Шахматда мураббий ва ота-она бир қушнинг икки қаноти, дейиш мумкин. Бола қанча истеъдодли бўлмасин, бу икки қанот ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмаса, истеъдоднинг юксакларга парвоз қилмоғи қийин. Яқинларининг қўллаб-қувватлаши туфайли Сарвиноз 2003 йилдан буён ўз ёш тоифасида Ўзбекистон чемпионлигини ҳеч кимга бермай келди. Бир қанча халқаро мусобақаларда ғолиб бўлди.
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофоти ва “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби бўлган Сарвиноз Қурбонбоева бугун мамлакат хотин-қизлар терма жамоасининг етакчиларидан бири. Шахсий ютуқлари қатори терма жамоанинг ҳам бир нечта халқаро мусобақаларда ғолиб чиқишига ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, 2016 йили Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган “Осиё миллатлар кубоги” халқаро турнирида 2-ўринни олган Ўзбекистон терма жамоаси сафида Сарвиноз Қурбонбоева ҳам бор эди.
Ҳаётда анча камтар бўлса-да, шахмат тахтаси узра ҳеч кимдан тап тортмайдиган истеъдодли шахматчи қизимизга ҳаётда ва спортда янада улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Ҳусан НИШОНОВ