Нафосат фестивали
Тошкент молия институти спорт мажмуасида юртимиздаги қатор вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида «Спорт — нафислик ва саломатлик манбаи» шиори остида фестивал ўтказилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ЁИҲ ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда спорт билан шуғулланишни аҳолининг кундалик ҳаёт тарзига айлантириш, айниқса хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
— Юртимизда 39 спорт тури бўйича ташкил этилган 35 мингта спорт секциясига 3,5 миллиондан зиёд спортсевар хотин-қиз аъзо бўлиб, уларнинг 459582 нафари қишлоқ жойларида яшайди, — деди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Шоира Нурматова. — Шуларнинг 647656 нафари умумтаълим мактаблари, 221193 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, 7 мингга яқини талаба, 129 минг¬дан зиёди меҳнат жамоалари, турли муассасалар ходимларидир. Улар орасида турон яккакураши, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати сингари миллий спорт турларига ошнолар ҳам талайгина. Уларга 2800 нафардан ортиқ аёл мураббий сабоқ бермоқда.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган мусобақада иштирокчилар бадминтон, гимнастрада, стол тенниси, сузиш, шахмат бўйича ўзаро куч синашди. Дўстона руҳда ўтган фестивалда барча жамоалар турли номинациялар бўйича диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири