Ёш спорт раққослари фестивали
Тошкент шаҳри Сергели туманидаги яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди кубоги учун VI спорт фестивали бўлиб ўтди.
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ижроси доирасида «Соғлом авлод учун» хал¬қаро хайрия фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган спорт рақси мусобақасида 100 нафардан ортиқ ҳаваскор иштирок этди.
Тадбир аввалида сўзга чиққанлар мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлод, айниқса қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
Ана шундай ёшлардан бири Шайхонтоҳур туманидаги 76-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси София Зокирова икки йилдан буён спорт рақси сирларини мураббийи В.Ворошиловдан ўрганмоқда. Онаси Наргиза Зокированинг таъкидлашича, бу унинг соғлом улғайишида муҳим омил бўлмоқда.
— Мусобақадан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш, уларнинг иқтидорини тўла намоён этиши учун зарурий шароитлар яратишдан иборат, — деди Н.Зокирова. — Шунингдек, фарзандларимизни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, бўш вақтларини спорт билан мазмунли ўтказишини таъминлашга қаратилгани биз ота-оналарни қувонтирди.
Фестивалда Севинч Пирназарова, София Розахўжаева, Авана Маткаримова, Эвита Маҳмудова, Алена Лемова ва Ноила Исломхўжаева, ўғил болалардан Ҳумоюн Шавкатов, Бахтиёр Норбоев, Данил Бондаренко ва Элдор Юнусов сингари умидли спортчиларнинг чиқишлари ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди. Уларга мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик сов¬ғалари берилди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири