Саралаш мусобақалари қизғин кечмоқда
Биринчи Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли тизим — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт мусобақалари ёшларимизнинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб камол топишларида муҳим босқич вазифасини ўтамоқда. Бу йилги «Баркамол авлод–2017» спорт ўйинларига Жиззах вилояти мезбонлик қилади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ҳар уч йилда анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур спорт мусобақасининг финал босқичига бериладиган йўлланмалар учун саралаш мусобақалари қизигандан қизимоқда.
Айни пайтда коллеж ўқувчиларининг энг севимли спорт байрамига муносиб тадорик кўришни таъминлашга масъул тегишли ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда махсус дастур ишлаб чиқиб, мусобақалар ўтказилиши белгиланган Жиззах олимпия захиралари коллежи спорт иншоотлари, Жиззах политехника институтининг футбол майдони, ушбу институт қошидаги академик лицейнинг спорт залида катта ҳажмда таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилди. Шунингдек, Жиззах шаҳридаги кўчалар таъмирланиб, эрта баҳорда гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилаётгани мезбон шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.
Мазкур мусобақа билан боғлиқ энг асосий воқелик айни кунда саралаш босқичи бошланганидир. Жиззах вилояти ҳокимлигида ўтказилган тадбирда волейбол, футбол, баскетбол, қўл тўпи, бокс бўйича Наманган, Қарши, Самар¬қанд, Нукус ва Термиз шаҳарларида ўтадиган саралаш мусобақаларида қатнашиш учун жўнаб кетаётган терма жамоалар аъзолари қатнашди. Айни кунларда “Баркамол авлод” мусобақалари дастурига киритилган жами 17 спорт тури: баскетбол, футбол, волейбол, қўл тўпи, бокс, теннис, стол тенниси, бадиий гимнастика, енгил атлетика, оғир атлетика, шахмат, сузиш, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, таэквондо (WTF) ва бадминтон бўйича тажрибали мураббийлар ўқувчилар жамоалари билан машғулотларни фаол ўтказмоқда.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ўғил ва қиз болалар жамоалари ўртасидаги баскетбол бўйича саралаш мусобақалари Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда.
Қўл тўпи бўйича квалификация баҳслари эса Нукусда бошланди. Ҳозир Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг янгидан қурилган спорт зали ҳамда Нукус шаҳридаги ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида мусобақанинг финал бос¬қичига йўлланмани қўлга киритиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 терма жамоа ўзаро куч синашяпти. Шубҳасиз, мазкур мусобақаларнинг энг ҳаяжонли баҳслари футболчилар қарама-қаршилигида кузатилади. Қарши шаҳридаги “Геолог” мажмуаси ва “Насаф” футбол мактаби стадионларида “Баркамол авлод—2017” футбол мусобақасининг республика босқичига саралаш ўтказилмоқда.
Унда 14 жамоа қуръа натижасига кўра тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда қатнашяпти. Хусусан, “А” гуруҳи: Тошкент шаҳри, Хоразм ва Наманган вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, «B» гуруҳи: Қашқадарё, Жиззах ва Андижон вилояти, «C» гуруҳи: Сирдарё, Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилояти, «D» гуруҳи: Тошкент, Навоий ва Фарғона вилояти.
Мазкур масъулиятли бос¬қичда ғолиб бўлган спортчилар “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг мамлакат босқичида ўз вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Термиз шаҳрида ўтган бокс бўйича саралаш мусобақасида мухлислар бир-биридан қизиқарли мушт¬лашувларга гувоҳ бўлди. Дарвоқе, жорий йилда бокс жанглари яна бир вазн(81 кг)га кўпайди ва 8 тага етказилди. Ҳудудий саралаш баҳсларининг энг охиргиси — волейбол мусобақалари 8—13 апрель кунлари Наманган шаҳрида ўтказилади.
З.ХОЛОВ