Бугун финал, эртага яна финал
Пойтахтимизда давом этаётган шахмат бўйича 8 ёшдан 18 ёшгача болалар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати қизғин паллага кирди.
Эътиборлиси шундаки, мусобақа бошланиши олдидан кўпчилик мутахассислар ғолиблик учун курашда Ўзбекистон терма жамоасига, асосан, Ҳиндистон, Эрон ва Қозоғистондан келган ёш шахматчилар қаршилик кўрсатади, деган фикрда эдилар.
Чиндан ҳам, бугун ўтказиладиган охирги тур олдидан А.Р. Илампарти (8 ёшгача ўғил болалар, Ҳиндистон), Афрўза Ҳамдамова (8 ёшгача қизлар, Ўзбекистон), Артин Ашраф (10 ёшгача ўғил болалар, Эрон), М.Саҳити Маршини (10 ёшгача қизлар, Ҳиндис¬тон), Жавоҳир Синдоров (12 ёшгача ўғил болалар, Ўзбекистон), Дешмух Дивя (12 ёшгача қизлар, Ҳиндис¬тон), Меруерт Камалидинова (12 ёшгача қизлар, Қозоғистон), Аржун Эригаиси (14 ёшгача ўғил болалар, Ҳиндистон), Нодирбек Абдусатторов (14 ёшгача ўғил болалар, Ўзбекистон), Д.Жишита (14 ёшгача қизлар, Ҳиндистон), Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов (16 ёшгача ўсмирлар, Ўзбекистон), Ассел Серикбай (16 ёшгача қизлар, Қозоғистон), Араш Таҳбаз (18 ёшгача ўсмирлар, Эрон), Гулрухбегим Тоҳиржонова (18 ёшгача қизлар, Ўзбекистон), Мубина Алинасаб (18 ёшгача қизлар, Эрон) чемпионлик учун асосий даъвогарлар бўлиб туришибди.
Ўзбекистонликлардан, шунингдек, Алихон Авазхонов, Ҳумоюн Бекмуродов, Одина Олимова, Умархон Фахриддинхўжаев, Султон Турсунов, Акобирхон Саидалиев, Абдумалик Абдусалимов, Саидакбар Саидалиев, Холида Намозова ва Баҳора Абдусатторова сов¬ринли ўринни эгаллаш имкониятини сақлаб турибди.
Шундай қилиб, бугун стандарт шахмат бўйича қитъа чемпионлари ва совриндорлари номини билиб олсак, эртага блиц мусобақаси билан навбатдаги Осиё чемпионати ниҳоясига етади.
Ҳусан НИШОНОВ