Маънавий жасорат соҳиби
Юртимиздаги таълим муассасалари, турли маданият масканларида ўзбек давлатчилиги тарихида ўчмас из қолдирган улуғ аждодимиз Амир Темур таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар юқори савияда ўтказилмоқда.
Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида Республика Маънавият тарғибот маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбир «Амир Темир — маънавий жасорат соҳиби» деб номланди. Унда таниқли тарихшунос ва темуршунос олимлар, санъат ва маданият намояндалари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, Республика Маънавият тарғибот маркази бўлим мудири Гуллола Исоқова ва бошқалар юртимизда миллий ўзликни англаш, аждодларимиздан қолган бой маънавий, маданий меросни асраб-авайлаш ва ўрганиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самараси хусусида тўхталди.
Ёш авлод қалбига тарихий хотира, буюк ўтмишимизга дахлдорлик, ватанпарварлик туйғуларини янада чуқурроқ сингдиришга қаратилган, буюк Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ маърузалар талабаларда қизиқиш уйғотди. Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов Амир Темур ҳаётига бағишланган саҳна асарларидан ўқиган монологлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида уюштирилган экскурсияда иштирокчилар музей экспонатлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири