Зўрлардан зўр чиққан ўзбек ўғлонлари
Хабарингиз бор, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги жаҳон чемпионатида 1 олтин, 3 кумуш ва 2 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллади.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида терма жамоамизни вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали равишда қарши олди.
Қувонарли томони шундаки, ўзбек ўғлонларининг мазкур тарихий ғалабаси жонажон Ўзбекистонимизда исталган майдонда ва исталган рақибга қарши ўз кучи ва салоҳиятини намойиш этишга қодир чемпионлар авлоди камол топганини яна бир карра исботлади. Бунинг учун ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиб, юксак марраларни забт этиши учун кенг шароитлар яратилганига дунё аҳли яна бир бор иқрор бўлди.
Ахир ўзингиз бир ўйлаб кўринг-а, мусобақада жаҳоннинг 85 давлатидан энг сара 280 нафар боксчи рингда медаллар учун чинакам курашди. Ана шундай мураккаб ва кучли рақобат майдонида Ўзбекистон бокс мактаби салоҳиятини намойиш этиб, зафар қучган йигитларимиз минглаб ёшларга намуна бўлмоқда.
Хусусан, олимпиада кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов олтин, олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ва иқтидорли боксчиларимиз Иқболжон Холдоров ҳамда Жасурбек Латипов кумуш, Санжар Турсунов ва Бектемир Мелиқўзиев бронза медални қўлга киритди. Айтиш жоизки, боксчиларимиз бундан ҳам яхшироқ натижаларни қўлга киритишга қодир эканини барча кўрди. Жумладан, Ҳасанбой Дўсматов, Бектемир Мелиқўзиев, Исроил Мадримов каби йигитларнинг мушти рақибларнинг эсидан чиқмайдиган бўлди.
Аммо бу сафар Шаҳрам Ғиёсовни тўхтатиб бўлмади. У рингда чинакамига музаффар бўлди. Рақибини ҳакамлар кўзи олдида дўппослади, томошабинлар ўрнидан туриб, ўзбек ўғлонини олқишлади. Ҳатто ижтимоий тармоқларда унга «тилла бола» дея таъриф берувчилар кўпа¬йиб кетди. Офарин, Шаҳрам!
Хабарингиз бор, Шаҳрам Ғиёсов номини ўтган йили Бразилияда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида билиб олгандик. Ўшандаёқ етакчи мутахассислар жаҳон боксида янги ном пайдо бўлаётганини таъкидлаганди. Бир йил ўтиб ана шу башоратлар ўзини оқлади. Қизиқ томони шуки, 2009 йилдан бери боксчиларимиз жаҳон чемпиони бўла олмаётганди. Ниҳоят, саккиз йилдан сўнг ана шу нохуш анъанага барҳам берилди.
Келинг, Шаҳрамнинг ғалабагача бўлган рақибларини эслайлик: дастлаб украиналик Евгений Барабановни бироз қийинчилик билан енгди. Кейин англиялик Пэт МакКормакдан яққол устун келди. Сўнгра жуда кўп марта йўлимизга тўғаноқ бўлувчи жамоа — Қозоғистон бокс мактаби вакили Аблайхон Жусупов устидан ғалаба. Шаҳрам 20 ёшли рақибини ранжитмаган ҳолда мағлубиятга учратди. Якунда мардларча қўл бериб, омад тилашни ҳам унутмади.
Ниҳоят, финалга ҳам етиб келди. Ҳал қилувчи жангда у чемпионатда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни олган Куба мактаби тарбияланувчиси Рониель Иглесиасга қарши рингга чиқди. Шаҳрам учун бу ҳолат таниш: ё борингни тўкиб, ғалаба қозонасан ёки кумуш билан чекланиб, ке¬йинги чемпионатни муштоқ кутиб яшайсан.
Буни ич-ичидан ҳис этган қаҳрамонимиз ўзи учун ҳам, сал олдин айнан кубаликларга енгилган, қолаверса, баҳолашдаги нохолисликлар туфайли кумушга лойиқ кўрилган жамоадошлари учун ҳам реванш олишга аҳд қилди. Бу аҳд унинг муштларини янада қаттиқ қилди, янада тезлаштирди.
Бундай тезкор, ошкора ва тажовузкор ҳужум услубида жанг қилувчи боксчининг зўрлигини ҳакамлар тугул, кубаликларнинг ўзи ҳам инкор этолмасди. Якуний ҳисоб — 5:0. Ўзбекистонлик спортчининг қўли баланд кўтарилди.
...Мана шундай таъриф ва ҳаяжонли сўзларни бошқа совриндор боксчиларимизга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Муҳими, боксчиларимиз интилган, ўз устида ишлаган, ватанпарвар бўлган спортчи ҳар қандай йирик мусобақаю ҳар қандай кучли рақибдан ҳайиқмаслигини, аксинча ҳайбату салобати билан бошқаларда қўрқув уйғотишини кўрсатиб қўйди. Дунё аҳли яна бир карра жуссаси офтобда пишган, буғдойранг ўзбек ўғлонларининг муштуми зарбини кўрди, ҳис этди, қойил қолди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири