Мактаб босқичи қизғин паллада
Аввал хабар берганимиздек, жойларда «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг дастлабки — мактаб босқичи қизғин давом этмоқда. Хусусан, Жиззах шаҳридаги 1-мактаб спорт майдони ҳам ўқувчилар билан гавжум. Енгил атлетика баҳсларида 9-синф ўқувчиси Ҳасан Шодибеков 800 метрга югуриш бўйича маррага биринчи бўлиб етиб келди. Мураббийи уни рағбатлантириб, натижани янада ошириши зарурлигини айтди. Ахир, 2015 йилги мусобақаларда финал босқичигача етиб бориб, тажриба тўплаган Ҳасан бу сафар ғалаба қозонишни кўзлаган.
Бугун ушбу мактабдаги 2500 дан зиёд ўқувчига 8 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сабоқ бермоқда. Кўп йиллик тажрибага эга мураббийлар ушбу нуфузли мусобақага тайёргарликни узлуксиз олиб бормоқда. “Ёз—2017” спорт мусобақаларининг шаҳар босқичида 1-ўринни қўлга киритган мактаб жамоаси “Умид ниҳоллари”нинг барча босқичларида иштирок этишни мақсад қилган.
Жараёнга бошланғич синф ўқувчилари ҳам фаол жалб этилмоқда. Кичик ёшдаги ўқувчилар ўртасидаги беллашувлар ҳам мусобақа низоми асосида ўтмоқда. Жумладан, 3-синф ўқувчиси Темур Хидиров 30 метр масофага югуришда мактабда 1-ўринни эгаллади. Шахмат, шашка, бадиий гимнастика, стол тенниси мусобақаларида ғолиблик учун кураш айниқса қизиди. Бадиий гимнастика бўйича республика чемпионатида 1-ўринни эгаллаган 4-синф ўқувчиси Райҳона Эшонқулова рақибларига ҳеч қандай имкон қолдирмади. Бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори Анора Мелиева, таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони Жавоҳир Ўткиров ҳам “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларининг мактаб босқичида фаол иштирок этди. “Умид ниҳоллари”нинг мактаб ва ҳудудий босқичларини ўтказиш режасига асосан ҳар куни мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари Алимжон Ҳамидов, Юнус Аҳрорқулов, Артур Мамин, Азиза Маманова, Улуғбек Жўрақулов мунтазам машғулот олиб бормоқда. Ҳар бир жамоа билан алоҳида машқлар йўлга қўйилган.
* * *
Чироқчи туманидаги 35-умумтаълим мактабида ҳам ушбу спорт мусобақасининг илк босқичи уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Тегишли ташкилотлар вакиллари, тумандаги жисмоний тарбия фани методистлари, ўқувчиларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари ушбу мусобақа адолатли ўтишини назорат қилмоқда.
Мактаб ҳовлиси ҳар қачонгидан-да байрамона безатилган. Зиё маскани кираверишида мамлакатимиз байроғи қаторида “Умид ниҳоллари” республика спорт мусобақасининг рамзий байроғи ҳам ҳилпирайди. Шунингдек, ўқув муассасаси пештоқи ва спорт майдончалари атрофидаги истиқлолимизнинг 26 йиллигини мадҳ этувчи шиорлар, паннолар спортчи ўқувчиларни ғалабага ундаб турибди.
— Таълим масканимизда “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг мактаб босқичини байрамона тарзда ўтказиш анъанага айланган, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Худойберди Зиёдуллаев. — Ўқувчиларни мусобақага тайёрлаш жараёнида беллашувнинг ўтиш тартиби, мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди, қатнашчилар тиббий кўрикдан ўтказилди. Спорт беллашувларини кўнгилдагидек ўтказиш учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Спорт мусобақасида мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари мини футбол, шахмат, шашка, қувноқ эстафета, кичик тўпни улоқтириш, 30 метрга югуриш бўйича ўзаро беллашди. 4-синф ўқувчиларидан иборат футбол жамоаси туман бос¬қичида ўз омадини синаб кўради.
Мактабнинг 5—10-синф ўқувчилари ўртасида ҳам “Умид ниҳоллари”нинг илк босқичи муросасиз кечмоқда. Улар спортнинг 20 тури бўйича беллашади. 12—15 ёшлилар ўртасидаги баҳслар декабрнинг сўнгига қадар давом этади. Шу тариқа ўқувчиларнинг кузги таътили ҳам мароқли кечади.
— Бугунга қадар жамоавий ўйинларда 9-синф ўқувчиларидан иборат ўғил болалар футбол жамоаси ҳамда баскетболчи қизлар мусобақанинг туман босқичи йўлланмасини нақд қилиб қўйди, — дейди жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Анвар Маҳманазаров. — Бундан ташқари, шахмат бўйича 9-синф ўқувчиси Сарвар Каримов, стол тенниси бўйича 10-синф ўқувчиси Жавоҳир Эшқувватов ҳам туман босқичига йўлланма олган бўлса, 100 метрга югуришда 8-синф ўқувчиси Гулжаҳон Каримовага тенг келадиган топилмади. Ёш шахматчилар ўртасида кечган «ақл муҳорабаси»да эса 5-синф ўқувчиси Зуҳриддин Михлибоев зафар қучди.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбирлари