Спортчи қачон ғалаба қозонади?
Халқимиз спорт, айниқса, футболга ўзгача меҳр қўйган. Терма жамоамиз «миллионлар ўйини» бўйича келаси йили ўтказиладиган жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқолмагани барчамизни хафа қилди. Бунинг сабабини ҳамма ўзича, ўз дунёқараши ва салоҳияти даражасида шарҳлади, таҳлил қилди. Мен ҳам профессионал футбол клубидаги узоқ йиллик фаолиятимдан келиб чиқиб, бу борадаги фикр ва мулоҳазаларимни умумлаштирдим.
Гап шундаки, мен спорт тиббиёти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларим, таклифларимни билдирмоқчиман.
Бугун ўзбек спорти, айниқса футболимизда машғулот ёки ўйинларда жароҳат олганларга тўғри биринчи ёрдам бериш, доимий тиббий профилактик назорат кўрсатиш олий лиганинг саноқли клубларидагина нисбатан яхшироқ йўлга қўйилган...
Ўтган йилларда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилдим, турли йиғилиш, семинарларда қатнашиб, маърузалар ўқидим. Аммо уларда илгари сурган таклиф ва мурожаатларим ҳали-ҳануз эътиборга олинмаяпти. Хоҳ марказий нашрлар, хоҳ спорт ёки футболга ихтисослашган газеталар бўлсин, хоҳ радио-телевидение бўлсин, мазкур долзарб мавзу деярли тилга олинмайди, эътиборсиз қолдирилади. Афсуски, футболимиз ичидаги чинакам камчилик ва хатолар чуқур таҳлил қилинмаяпти...
Аслида биринчи ёки иккинчи лига, вилоят, шаҳар ва туман миқёсидаги жамоалар, ҳаттоки спорт мактабларида ҳам бу жиҳатга профессионал даражада эътибор қаратиш лозим. Ачинарлиси, тиббий хизмат кўрсатиш ва даволаш хоналари бўла туриб фойдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган.
Инсон самарали меҳнат қилиши, фаровон яшаши учун, аввало, соғлом бўлиши керакми? Албатта. Футболчилар ҳам ўз имкониятларини тўла намоён этиши, олға интилиши, ғалаба қозониб, мухлисларини хушнуд этиши учун жисмонан соғ бўлиши лозим. Кўпчилик муаммо ҳақида гап кетса, дарҳол маблағни рўкач қилади. Лекин пулсиз бажариш мумкин бўлган ишлар ҳам ўлда-жўлда қолиб кетаяпти-ку.
Қисқаси, бугун футболчиларга намунали тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўймасак, кўзлаган орзу-ниятларимизга яқин орада эришиш амримаҳол бўлиб қолаверади. Ҳозирги замон талабига жавоб берадиган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини яхшилашга доир таклиф ва фикрларимни билдирмоқчиман.
Бунинг учун илк навбатда Республика жисмоний тарбия диспансерини қайта тиклаш керак. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманларда унинг бўлимларини ташкил этиш ва фаолиятини жонлантириш зарур.
Иккинчидан, тегишли идоралар, мутасадди ташкилотлар, футбол клублари ва спорт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Футболни ривожлантиришда тиббий хизматни яхшилаш ва тўғри ташкил этиш тўғрисидаги буйруқ ва қарорлари бажарилишини қатъий назоратга олиши керак. Футболчининг касаллигини яширишга уринишларга чек қўйилиши лозим.
Учинчидан, футбол клуби шифокорининг малакасини ошириш учун семинарларни аниқ дастур ва режа асосида ташкил этиш зарур. Охирги шундай семинар, яъни ўқув йиғини 2013 йили ўтказилганини изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ.
Тўртинчидан, мамлакатимиз футбол жамоаларида йил мобайнида белгиланган умумий маблағнинг ҳеч бўлмаса 1 фоизи зарур тиббий асбоб-ускуналар, дори воситалари, витаминлар, даволаниш, профилактика ишлари ва тикланишлар учун сарф этилишини таъминлаш лозим. Шунингдек, болалар футболига эътиборни янада ошириш, унда тиббий саломатлик масаласини устувор қилиб белгилаш керак. Бу мавзуда ОАВда танқидий-таҳлилий чиқишлар бўлаяпти, аммо уларнинг амалий ўзгаришларга таъсири етарлича эмас...
Мирзабурҳон ДЎСТМУРОТОВ,
“Металлург” футбол клуби шифокори