Халқ ўйинларини тарғиб қилайлик!
Узоқ йиллардан буён бошланғич синфларга дарс бераман. Ўқувчилар пухта билим эгаллаши, аввало, саломатлигига боғлиқ. Шу маънода, синфдан ташқари машғулотларда кўпроқ халқ ўйинларига мурожаат қиламан. Аслида халқ ўйинлари ўқувчилар орасида оммалашса, қандай яхши. Бугунги мактаб ўқувчиларининг интернет, уяли алоқа воситаси, техникаларга тобора қарам бўлиб бораётганидан ташвишланаман.
Ваҳоланки, ўқувчилар бўш вақтини китоб ўқишга, спорт майдончасида қизиқарли ўйинлар ўйнашга сарфласа, қандай соз. Биз ўқитувчилар ҳам бир четда қўл қовуштириб турмай, уларга аждодларимиздан қолган миллий ўйинларни, халқ ўйинларини ўргатишимиз, тарғиб қилишимиз лозим. Зеро, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-маданий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда халқ ўйинларининг аҳамияти катта.
Халқ ўйинлари ҳамма замонларда муҳим педагогик восита саналган. Ўйинлар орқали болаларга ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, тўғрилик, ботирлик, аҳиллик, бирдамлик, дўстлик, фидойилик каби фазилатлар сингдирилган. Агар бошланғич таълим жараёнида халқ ўйинларидан фойдаланилса, ўқувчилар жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жисмонан ва руҳан тайёрланиб боради, халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ҳақида дастлабки тушунчага эга бўлади, гуруҳда ишлаш, масъулиятни ҳис қилиш, ўз фаолиятини танқидий баҳолаш кўникмалари шаклланади.
Халқ ўйинлари соддалиги, мураккаб ҳаракатларни талаб этмаслиги, ўқувчиларда мерганлик, эпчиллик, чапдастлик, вазиятни назорат қила олиш, мураккаб вазиятларда тўғри ва онгли ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантириш билан бир қаторда, бир-бирини тушуниш, ўзаро ҳурмат, эзгу мақсад йўлида хайрихоҳлик сифатларини ошириши билан аҳамиятлидир.
Муҳими, бу ўйинлар тор ва диққинафас хонада эмас, табиат қўйнида ўтказилади. Шу орқали ўқувчиларда табиатга муҳаббат, жониворларга раҳм-шафқат туйғулари тарбияланади, қолаверса, ўзлари ҳам тоза ҳаводан тўйиб нафас олади.
Миллий ўйинлар оммалаштирилиб, жисмоний тарбия дарсларининг иш режаларига қатъий киритилса ва дарс давомида ўқувчиларга ўргатиб борилса, болалар телефон, компьютер каби воситаларга боғланиб қолмайди.
Келинг, сўзимиз исботи тариқасида «Жами» деб номланган халқ ўйинини ўрганамиз. Бу ўйинни ўғил ва қиз болалар ҳам ўйнаши мумкин. Унда 6 ёки 8 нафаргача бола қатнашади. Ўйинни бошлаш учун копток ва тошлар керак бўлади.
Ўртага доира чизилади. Доира ичига япалоқ тошлар устма-уст терилади. Шу доира ичида бир бола қўриқчи, қолган болалар эса қочувчи ролини бажаради. Болалар доирадан 3-4 қадам ташлаб, терилган тошларни копток думалатиб йиқитиши керак. Агар бир ўқувчи уринишидан кейин тошлар йиқилмаса, навбатдаги ўқувчи коптокни думалатиб отади. Тош йиқилгач, қўриқчи копток билан болаларни қувлайди. Болалар эса доира атрофига яқинлашиб, тошни теришга ҳаракат қилади. Агар қўриқчи бирор болани копток билан урса, ўйин якунланади. Копток теккан ўйинчи эса қўриқчига айланади.
Агар қўриқчи ўйин давомида бирор болани копток билан уришга улгурмай, тошлар териб бўлинса, қўриқчи ютқазади ва қолганлар «жами-жами» деб бақиради. Бу ўйинда қочувчилар ғолиб бўлганини ва қўриқчи ўзгармай қолишини англатади.
«Мак-маки» ўйини. Бу ўйинни кўпроқ қиз болалар ўйнайди. Унда 2-3 нафар қиз иштирок этади. Ерга тўртбурчак шаклида 6 та ёнма-ён хона чизилади. Еттинчи хона эса кичикроқ чизилади. Хоналар 1, 2, 3, 4, 5, 6 тартиб рақами билан белгиланади.
Биринчи қиз ўйинни бошлайди. У хоналардан биринчисига япалоқ тошни ташлайди. Тошни бир оёғи билан тепиб, кейинги хоналарга тартиб билан олиб ўтиши керак. Агар тош чизиқ устига тушса, ўйин тўхтатилади ва кейинги ўйинчига навбат берилади. Агар иккинчи ўйинчи хато қилмасдан ҳамма хонадан ўтса, орқасига қарамай тошни отади, тош қайси хонага тушса, ўша хонача қизнинг дам олиш жойи ҳисобланади. Ўйин давомида бу қиз шу хонага келганда бироз дам олиши, ке¬йин яна ўйинни давом эттириши мумкин.
Ўйиннинг иккинчи босқичига ўтган ўйинчи қўли билан кўзларини беркитиб, чизилган хона катакларидан ўтиши талаб этилади. Шартни бажариш пайтида «Макми? Макми?» деб сўраб турилади. У чизиқларни босмай, хоналарга кириб ўтиб, охирги катакдан тошни қўли билан олиб, сакраб ўтолса, ўйинни давом эттиради. Аксинча — босиб олса, ўйинни тўхтатади ва навбатдаги ўйинчи ўз омадини синаб кўради. Ўйин шу тариқа давом этаверади.
Одинахон ЙЎЛДОШЕВА,
Избоскан туманидаги 13-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси