Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан кимлар сабоқ бериши керак?
Юнусобод туманидаги 313-мактабнинг 10-«А» синф ўқувчиларига «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фанидан «Танкка қарши граната улоқтириш усуллари. Аскарнинг тунги ҳужумдаги ҳаракати ва сув тўсиқларидан ўтиши» мавзуси ўтилмоқда. Ўқитувчи «Ақлий ҳужум» методини қўллаб, мавзу юзасидан шогирдларининг дастлабки фикрини аниқлади, дарсликда берилган маълумотлар билан билимларини кенгайтирди.
Хусусан, «Муаммо» технологияси орқали ўқувчиларнинг ўзлаштирган билимларини амалиётда қўллай олиш кўникмаси синалди. Ҳозиржавоб ўқувчилардан бири Жалолиддин Фатҳуллаев тунда ўқ узиш натижасида чақнайдиган ёруғликка қараб, душман позициясини аниқлаш мумкинлигини, Умарбек Абдуқодиров оқшомда душманнинг ҳужуми ва ҳаракати аввало тунги дурбинда пайқалишини айтди. Мавзуга доир мунозараларда қизлар ҳам фаол қатнашди.
Жорий ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқитилаётган «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» (ЧҚБТ) фани орқали ўқувчилар Ватан мудофаасининг ҳуқуқий асослари, Қуролли Кучларимиз қўшинларининг турлари ва тузилиши, ҳарбий низомлар ҳақида тушунчаларга эга бўлмоқда. Сафланиш, ўқотар қуроллар, ҳарбий техника турлари, улардан фойдаланиш қоидаларини ўрганиб, чидамлилик, кучлилик, тезлик, чаққонлик бўйича жисмоний машқларни бажариш кўникмаларини ўзлаштирмоқда.
— Миллий армия халқ, мамлакат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва тинч-осойишта ҳаётининг кафолати, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг катта мактабидир, — дейди Юнусобод туман халқ таълими бўлими методисти Баҳодир Ғиёсов. — Шу жиҳатдан, чақирувга қадар бошланғич таълим ёшларни меҳнатга, Ватанимизни ҳимоя қилишга тайёрлаш, уларнинг сиёсий, маънавий дунёқарашини ўстириш, халқимизнинг бой тарихи, шонли жанговар анъана ва қадриятларига садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, спортнинг ҳарбий ва амалий турларини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
ЧҚБТдан сабоқ бериш учун, аввало, мураббийнинг ўзи ҳарбий хизматни ўтаган, бирор ҳарбий унвонга эга бўлган, соҳада катта тажриба тўплаган бўлиши зарур. Афсуски, бугун аксар ҳолларда бундай мутахассис кадрларга эҳтиёж тўла қондирилмаяпти. Натижада уларнинг ўрни жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳисобига тўлдирилмоқда.
Айни пайтда умумтаълим мактабларида мавжуд ҳолат таҳлилий ўрганилиб, мазкур фан ўқитувчиларига қўйиладиган малака талаблари янада такомиллаштирилмоқда.
Шунга қарамай, таълим даргоҳларида мазкур фанни ўқитиш юзасидан қатор муаммолар кўндаланг турибди.
Биринчидан, ушбу фан ўқитувчиларининг ойлик маошининг аниқ сметаси ҳали-ҳануз тасдиқланмаган. Иккинчидан, ёшларга бошланғич ҳарбий таълим беришда қўшинларнинг ўқув-жанговар фаолиятида бажариладиган машқлар, ҳаракатлар ва амалларни ҳарбий қисмлардагидек, унга мумкин қадар яқинлаштирилган ҳолда ўргатиш назарда тутилган. Аммо бунинг учун фан ўқитувчилари фақат назарий манба — дарсликкагина таяниб қолмоқда, чунки улар ўқув жараёнига мослаштирилган қурол-аслаҳа ёки жиҳоз тугул, бирорта кўргазмали восита билан таъминланмаган.
— Болалигидан ўйинчоқ машинаю техникага қизиққан ўсмирнинг ёши улғайиб, ўша иштиёқи ҳаётий мақсадга айланиши учун мактабда пойдевор қўйилиши, туртки берилиши керак, — дейди Юнусобод туманидаги 313-умумтаълим мактабининг «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фани ўқитувчиси, катта сержант Анвар Сулаймонов «Танкка қарши граната улоқтириш усуллари» мавзусида фойдаланган «Танкка қарши қўл гранатомёти РПГ-7 ва танкка ҳамда пиёдаларга қарши гранаталар» плакатини кўрсата туриб. — Акс ҳолда, қизиқиш шунчаки қизиқишлигича қолиб кетади. Айниқса, ўқувчиларим орасида айнан ўғил болалар ҳарбий қурол-аслаҳаларга катта қизиқиш билан қарашини юз-кўзидан, берадиган саволларидан билиб тураман. Ҳар бир дарсим имкон қадар қизиқарли ва кўргазмали ўтиши учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб, тегишли мавзуга доир кўргазмали плакатларни муассасамизга яқин касб-ҳунар коллежидан олиб келиб фойдаланяпман.
Мазкур мулоҳазаларимиз далили сифатида ушбу фанни ўзлаштириш бўйича ўқувчиларга қўйиладиган айрим талабларни келтирамиз:
— ҳарбий қисмнинг қуролланиши, ҳарбий техникаси ва шахсий таркибнинг жойлашиш фаолияти билан танишиш;
— ҳарбий иш асослари, зарурий ҳарбий билим ва амалий кўникмалар, шунингдек, жисмоний чиниқиш ва руҳан бардам бўлишни ўрганиш;
— фуқаро ҳимояси ва тиббий билим асосларини эгаллаш;
— Қуролли Кучлар сафига ҳарбий хизматга чақирилган пайтда Ватанни ҳимоя қилишда ўзининг конституциявий бурчини бенуқсон бажариши ва қисқа муддатда уларга ишониб топширилган замонавий қуроллар ҳамда ҳарбий техникаларни билиши лозим.
Суҳбатимиз чоғида ўқитувчи ушбу фанни худди аввалгидек, қизлар ва ўғил болалар алоҳида ажратиб ўқитилса, нур устига нур бўларди, деб қолди. Ўғил болаларга жанговар тайёргарлик борасидаги ҳарбий билимлар нисбатан кучайтирилган ҳолда ўтилади, қизлар эса фуқаро муҳофазаси, тиббий билим асосларини ўрганади.
Яна бир оғриқли масала шуки, «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фани учун аксарият мактабларда, хусусан, 313-мактабда ҳам ҳалигача махсус ўқув хонаси ажратилмаган. Шу боис дарс пайтида ўқувчилар у ёқдан бу ёққа «кўчиб», саргардон бўлади.
— Мактабимиз 600 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлса-да, ҳозир 1511 нафар ўқувчи таълим олмоқда, — дейди мактаб директори Гулноза Мансурхонова. — Бу эса ўқув хоналари етишмаслигига сабаб бўлмоқда. 2018 йилги Инвестиция дастурига киритилиб, ўқув даргоҳимиз ёнидан қўшимча 400 ўринли бино қурилиши, янги ўқув йилидан фойдаланишга топширилиши режалаштирилди. Ўшанда ушбу фан учун ҳам алоҳида хона ажратилади. Унгача мавжуд шароитлардан фойдаланиб турамиз.
Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, тезкор, жанговар қобилияти юксак кадрлар тайёрлаш давр талаби. Ўйлаймизки, юқорида қайд этилган муаммолар тез орада бартараф этилади ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлиги янада ошади.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири