Иштиёқ ва интилиш кучли, аммо...
Умрбой Бердимуродов олий ўқув юртини тамомлаб, Гурлан туманидаги 30-мактабга ишга келганида, бу маскан эски бинодан янгисига кўчиб ўтганди. Ёш ўқитувчи янги мактаб спорт залининг бор имкониятларидан фойдаланиб, жисмоний тарбия машғулотларини жонлантирди. Ваҳоланки, мактабда бу фан бўйича мутахассис-ўқитувчи йўқлигидан машғулотлар яхши йўлга қўйилмаган, дуч келган ўқитувчи «дарс ўтиши» натижасида болаларнинг қизиқиши ҳаминқадар эди.
У.Бердимуродов дастлаб дарсга кирганида синфдаги 26 ўқувчидан атиги 4 нафари спорт формасида турарди. Боиси, мактабда шу пайтгача жисмоний тарбия фанидан дарс берган ўқитувчиларнинг ўзи форма киймасди. Ёш мутахассис аввало ўқувчиларнинг барчаси дарсга спорт формасида қатнашишига эришди. Ўқитувчи ва ўқувчилар кўмагида спорт майдончасини тартибга келтирди. Ўша пайтлари ишлаб чиқарилган спорт инвентарлари сифати ҳаминқадар бўлиб, мактабга етиб келгунича, урилиб-сурилиб, баъзан яроқсиз ҳолга келиб қоларди. Фидойи мураббий улардан меҳр билан, асраб-авайлаб фойдаланишни ўқувчилардан талаб қилди.
Туман марказидаги спорт жиҳозлари дўконидан зарур нарсаларнинг аксариятини топиб бўлмасди. Шу боис у дарс¬лар янада қизиқарли бўлиши учун баъзи анжомларни ҳатто қўшни вилоятлардан олиб келди. Устози билан айрим ўқувчилар бирга боришар, баҳонада велосипедда 20 километрлаб йўл босиб, ҳам пойга ўйнарди, ҳам вело-спорт турига янада ошуфта бўларди.
Юртимиз мустақил бўлгач, Умр¬бой муаллимнинг меҳнатлари самара бера бошлади. Шогирдлари туман, вилоят мусобақаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. 1993 йили Наримон Эшмуродов юнон-рум кураши бўйича вилоят чемпиони бўлди. Фарғонада ўтган республика беллашувида эса 4-ўринни эгаллади. Бу муваффақият бошқа ўқувчиларда ҳавас уйғотди, ўзига бўлган ишончини оширди. Мураббий «Чемпионлар осмондан тушмайди, сизга ўхшаган оддий ўқувчилар ҳам мамлакат чемпиони бўлиши мумкин», дея уларни руҳлантираверди.
Айниқса, мамлакатимизда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг йўлга қўйилиши спортсевар ўқувчиларни янги марралар сари илҳомлантирди. Улар ўз қобилиятини ушбу мусобақаларда синаб кўрди. Анвар Ортиқовнинг белбоғли кураш бўйича вилоят чемпиони бўлиб, республика босқичига йўл олгани ўқувчилар орасида анча шов-шув бўлди. Бунинг натижасида фақат ўғил болалар эмас, қизлар ҳам беллашувларга астойдил киришди. Қишлоқ қизлари бу борадаги дастлабки зафарга енгил атлетика бўйича эришди. Хусусан, «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг вилоят босқичида ғолиб бўлган Барно Алламова айни мактабдан етишиб чиққан илк моҳир спортчи қиздир. Шундан сўнг, унинг изидан Зебо Каримова, Муҳайё Ўрозбоева каби иқтидорли ёшлар етишиб чиқа бошлади ва «Баҳор маликалари», «Умид ниҳоллари» каби мусобақаларда мамлакат чемпиони деган шарафга эришди.
Шу тариқа чекка ҳудуддаги қишлоқдан чиқаётган спортчилар республика биринчиликларида вилоят шарафини ҳимоя қила бошлади. Жумладан, енгил атлетика бўйича Санъат Ортиқов Сирдарёда бўлиб ўтган республика беллашувида диплом, Сирожбек Йўлдошев Жиззахда югуриш бўйича бронза медаль, Нурбек Аминбоев 1500 метрга югуришда Бухоро шаҳрида кумуш медалга сазовор бўлди. Лайло Давлатёрова тўсиқлар оша югуришда республикада 1-ўринни эгаллаб, спорт усталигига номзодлик талабини бажарди.
— Мактабимиз спортчилари 2002 йилдан бери бирор-бир вилоят мусобақаларидан сов¬ринсиз қайтган эмас, — дейди У.Бердимуродов. — Терма жамоалар ўртасида эса жамоамиз вилоятда 2-ўринни эгаллаб турибди. Шу ўринда битта муаммони айтиб ўтай. Ана шу рейтингда умумжамоа ҳисобида 1-ўринда турган Шовот тумани мактаб ўқувчилари Урганч олимпия захиралари коллежи ва бошқа спортга ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг терма жамоалари сафига қўшилган. Улар барча қулайликларга эга шароитда кучли мураббийлар қўл остида мунтазам шуғулланади. Мусобақаларда эса Шовот тумани мактаблари номидан қатнашиб, ғолибликни осонгина қўлга киритмоқда. Агар ҳамма ўз ўрнида туриб мусобақаларда иштирок этса, ҳудудлардаги мавжуд имконият ва шароит дарров маълум бўлиб қолади.
Гап шундаки, қишлоқлар тугул туман марказида ҳам замонавий спорт иншооти йўқ. Гурлан шаҳарчасидаги БЎСМ биноси эскириб қолган. У ерда спорт билан шуғулланишнинг деярли имкони йўқ. Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг ҳатто спорт майдончаси ҳам йўқлигидан туман миқёсидаги мусобақалар бирор мактабнинг спорт залида ўтказилади. Аниқроғи, қайси мактабда туман миқёсидаги мусобақа ўтказилаётган бўлса, шу куни ўша мактаб ўқувчилари спорт залида жисмоний тарбия фанидан дарсга киритилмайди.
Ўзбекистонимиз шарафини халқаро ареналарда ҳимоя қилишни, чемпион бўлишни орзу қилган қишлоқ ўқувчилари эса ўз ниятини рўёбга чиқариш учун вилоят марказига боришига тўғри келади. Вилоят маркази эса қишлоқдан салкам 60 км узоқда.
Мактаб спорт зали 1989 йилда қурилган бўлиб, инсоф билан айтсак, ўша даврда қад ростлаган шундай иншоотлар ичида энг сифатлиси эди. Бир неча йил ўтгач поли тешилиб, спорт зали томидан чакка ўта бошлади. Инвестиция дастури асосида капитал таъмирлангач, яна қаторга қўшилди. Аммо спорт жиҳозлари масаласида ҳали ҳануз етишмовчилик мавжуд. Шогирдлари спортдан «совиб» қолмаслиги учун айрим спорт жиҳозлари, масалан, байроқча ва тўсиқларни Умрбой муаллим ўз ҳисобидан олиб келган. У об-ҳаво шароитига қараб, имкон қадар спорт залини асраш мақсадида қиш кунлари спорт залида, илиқ кунларда спорт майдончасида машғулот олиб бормоқда.
— Ўзбек ва рус тилларида чиққан методик қўлланмаларни йиғаман, — дейди У.Бердимуродов. — Ушбу китоблардан фойдаланишда асосан ўқувчиларнинг ёши ва маҳаллий шароитни ҳисобга оламан. Уларни бошланғич синф¬дан бошлаб спортга қизиқтиришда «Оқ суяк», «Кўзбойлағич», «Чиллак», «Қочармон» каби халқ ўйинларини ўйнатиб, маҳоратини ошираман.
Қишлоқ жойда қиз боланинг спортчи бўлишига ҳамма ота-она ҳам бирдек розилик билдиравермайди. Бу масалада қаҳрамонимиз ҳам дастлаб қийинчиликларга дуч келди. Айрим иқтидорли ўқувчи-қизларнинг уйига бориб, ота-онаси билан юзма-юз суҳбатлашди. Баъзиларини спорт мусобақаларига, тақдирлаш маросимларига таклиф қилиб, бироз бўлса-да фикрини ижобий томонга ўзгартиришга интилди. Шу тариқа спорт тўгракларида қизлар сафи ҳам кенгайди, улар орасидан аста-секин чемпионлар чиқа бошлади.
Умрбой муаллим билан учрашиб, суҳбатлашиш учун хонасига кирганимизда, у шогирдлари билан яқинда ўтказилган беллашувда йўл қўйилган хатолар ва навбатдаги мусобақаларга тайёргарлик борасида маслаҳатлашаётган экан. Фурсатдан фойдаланиб, енгил атлетика бўйича вилоят мусобақаси ғолиблари Сарвар Зарипов (9-«Д» синф), Қувондиқ Умрбоев (10-«А»), Жамол Холимметов (10-«Б»), Санжар Фарҳодов (10-«Б») ва бошқаларга «Республика чемпиони бўлишингиз учун сизларга нима етишмаяпти?» дея савол бердик.
Улардан деярли бир хил мазмундаги жавобни эшитдик. Жумладан, мактабда яратилган шароит яхши, аммо республика ғолиблигига даъвогарлик қилиш учун етарли даражада эмас. Мактаб спорт майдончасида машқ қилиб юрган ўқувчини нуфузли спорт ареналарининг салобати босади, ҳаяжонни енгиши қийин бўлади. Шундай экан, машқларни катта ва кенг майдонларда олиб бориш керак. Шунингдек, кучли спортчи ва жамоалар билан ўртоқлик учрашувларини кўпроқ ўтказиш лозим. Бу тажриба тўплашда, кучли рақобат муҳити ҳосил қилишда катта аҳамиятга эга.
Ўйлаймизки, 3 йилда бир маротаба ўтказиладиган «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг финал босқичида муносиб иштирок этиб келаётган иқтидорли спортчи ўқувчиларга бой бу масканда ажойиб шароитлар яратилади ҳамда ютуқлар салмоғи янада ошиб бораверади.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
«Ma’rifat» мухбири