Мушак чиқараман, деб...
Ёшлар орасида бодибилдинг (инглизча “тана тузилиши”) ёки культуризм спортига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Унинг инсон қадди-қоматини эртаклардаги паҳлавонларникидек шаклга солиши бу қизиқишга асосий сабаб бўлмоқда. Афсуски, айрим ўсмирлар “мушак чиқараман” деб, ўз билганича иш тутиб, ички аъзоларига жиддий зарар етказиши оқибатида майиб-мажруҳ бўлиб қолаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, ушбу спорт билан тўғри шуғулланишни ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида культуризм бўйича уч карра Ўзбекистон, икки карра Марказий Осиё чемпиони, спорт устаси Ҳамид Низомовга мурожаат қилдик.
— Бодибилдингда ақл ва мантиққа таяниш лозим. Акс ҳолда мувозанат издан чиқади. Яъни, илк бор машғулотга қадам қўяётган ҳаваскордан “Бу залга нима учун келяпсиз?” деб сўраймиз. Унинг жавоби моҳиятида жисмоний бардамлик ва соғ¬лом турмуш тарзига риоя қилиш истаги мужассам бўлсагина у билан шуғулланамиз. Афсуски, ҳозир кўпчилик ёшлар ташқи кўриниш, мушак чиқариш, атрофдагилар уни “ёқимтой”, “полвон” деб чақириши учун бодибилдинг билан “ошно” тутинмоқда. Аммо улар шуни англаши керакки, ташқи кўриниши ҳайбатли бўлгани билан ички аъзолари хаста, руҳи мажруҳ, маънавий олами қашшоқ бўлса, демак, у спортчи эмас.
Бодибилдинг билан шуғулланмоқчи бўлган одам, аввало, соғлом бўлиши керак. Жисмоний зўриқиш ва юкламаларнинг имкониятга мувофиқ келмаслиги асаб тизими фаолиятини бузади. Натижада шунча вақтдан буён яширин тарзда намоён бўлаётган касалликлар юзага чиқади. Айниқса, у юрак билан боғлиқ бўлса, янада ачинарли. Шу сабаб нафақат профессионал, балки ҳаваскорлар учун мўлжалланган оддий машқларни бажаришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш лозим. Сўнгра бодибилдингнинг моҳиятини яхши билган, чинакам мутахассисга шогирд тушса бўлади.
— Кўпчилик мушак чиқарадиган дори-дармонларга зўр бериб, уни жисмоний юкламалар билан уйғунлаштириш лозимлигини унутади. Аслида, мана шу воситаларнинг тана саломатлиги учун нечоғлик фойдаси бор?
— Чиндан ҳам, бизга мурожаат қилаётган аксарият ёшлар айнан шундай «қўшимчалар» ҳақида кўп гапиради, чунки қизиқади-да. Тўғри, профессионал спортчи учун зарур қўшимча дори-дармонлар мавжуд. Уларнинг орасида фойдалиси ҳам, зарарлиси ҳам бор. Аммо «қўшимчалар»га ўта мойиллик билимсизлик ва калтабинликдир. Уларнинг мақсади аён: тер тўкиб, жонини оғритишдан қочиб, эриниб, қимматга “дори” сотиб олиб, тезда «полвон» бўлиш. Ҳали бир ой шуғулланмай туриб ёки тартиб ва қатъий қоидаларга чидолмай «қадоқланган оқсиллар», креатинларга зўр бераётганлар оз эмас.
Демак, ҳали ҳам кўпчилик ушбу спорт тури ҳақида нотўғри тушунчага эга. Шу сабаб — бодибилдинг билан шуғуллана бошлаганлар соғлом бўлиш ўрнига турли касалликларни орттириб оляпти. Буни четдан кўриб турганлар назарида спорт айбдор бўлиб қолмоқда: “Бодибилдинг билан шуғулланиб, касал ёки майиб бўлиб қолди”. Йўқ. Бодибилдинг ҳеч қачон ҳеч кимни касал қилмайди.
Айрим ёшлар бодибилдинг — мушак чиқариш санъати экан деб шошма-шошарлик билан қарор қабул қиляпти. Мутахассис бир ёқда қолиб, “сохта полвонлар”дан дарс оляпти. Уларга эса болаларнинг саломатлиги, келажаги эмас, балки мўмай даромад муҳим. Кўряпсизми, масаланинг моҳияти қаерда? Кимёвий воситалар сунъий тарзда тананинг ички метаболизмини тезлаштириши, сунъий тарзда иштаҳани очиши, қисқа муддатда организмда сув йиғиши, натижада ташқи кўринишни шишириб туриши эса тиббиётдан хабари бор одамлар учун янгилик эмас. Бу — мушак эмас, тўқималар ичидаги сув, зарарли бирикма, десангиз тушунишни хоҳламайди. Ваҳоланки, вақт ўтиб, улар ўз салбий оқибатини бирин-кетин намоён эта бошлаганда, кеч бўлади. Сохта дори воситалари организмни чарчатади, гепатит, ошқозон-ичак, буйрак, юрак ва бошқа аъзолар касалликларини келтириб чиқаради.
Бунда тўғри овқатланиш ва тўғри машғулот олиб боришга алоҳида эътибор бериш лозим. Турли зарарли воситалар эмас, кўпроқ оқсил, углеводга бой, табиий озиқ-овқат истеъмол қилиб, ўз вақтида шуғулланган спортчини касаллик маҳв этолмайди.
— Бодибилдинг билан неча ёшдан ва қанча муддат шуғулланган маъқул?
— Ёш масаласи кўпинча бодибилдинг билан профессионал шуғулланмоқчи бўлганларга тааллуқли. Улар бодибилдингни қанча кеч бошласа, юқори натижаларга эришиши шунча қийин бўлади. Профессионаллар машғулотларга 15 ёшидан киришиши мақсадга мувофиқ. Аслида, мушакларнинг меъёрида ривожланиши ва қўшимча куч тўплаш учун ёшнинг деярли аҳамияти йўқ. 50 ёшдан ўтиб, қўлига илк бор штанга ушлаганлар орасида ҳам яхши натижага эришганлар бор. Зеро, спорт билан шуғулланаётган одамнинг ёши эмас, тушунчаси, дунёқараши муҳим.
— Кўплаб хотин-қизларнинг ҳам мазкур спорт билан шуғулланаётганига гувоҳ бўламиз. Бу нозик хилқат вакилларига нечоғлик фойдали?
— Бу, албатта, халқимизга эришроқ туюлади. Аммо ўзгараётган дунёда буни ижобий қабул қилиш керак, назаримда. Сабаби, бу спорт тури билан тўғри шуғулланса, аёлларга ҳам асло зарар қилмайди. Йилдан-йилга аёлларимиз орасидан моҳир спортчилар етишиб чиқяпти. Масалан, Алёна Нураева, Гулжаҳон Турдиқулова каби спортчиларимизни Осиёда яхши танишади. Аммо аксарият ҳолларда аёллар уй юмушлари билан бўлиб, ўзига вақт ажратолмайди. Ҳеч бўлмаганда, гимнастика машқларини мунтазам бажариш уларнинг соғлом бўлишини таъминлайди. Қолаверса, аёллар спорт залига келиб шуғулланиши шарт эмас, ўз саломатлиги учун тўғри маслаҳат ва тавсия асосида уйда шуғулланса ҳам бўлади.
Шоҳсанам МАҲМУДОВА суҳбатлашди.