Ақл ёшда эмас, бошда...
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги арафасида бир гуруҳ ёшлар “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Ҳазорасп туманидаги 5-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Нодирбек Ёқуббоев ҳам бор. Нодирбекнинг “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонини Халқ таълими вазири, Республика шахмат федерацияси президенти У.Иноятов қўлидан қабул қилиб олиши Янги йил байрами арафасида таълим маскани жамоаси учун чинакам шодиёнага айланди.
— Нодирбек берилган ҳар қандай вазифани масъулият ва қунт билан бажаради, — дейди ёшлар етакчиси Ҳавожон Собирова. — Тенгдошлари ва кичик ёшдаги ўқувчилар ҳам унга ҳавас қилишади. Бу эса ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига ижобий таъсир қиляпти. Шунингдек, у “Ёшлар маркази”да очилган шахмат клубини бош¬қариш, ўқувчиларни спортнинг бош¬қа турларига ҳам жалб қилиш, давра суҳбатлари ва турли тадбирлар ўтказиш, ёшларнинг маънавиятини ошириш каби ишларда энг фаол ёрдамчим.
Қаҳрамонимизнинг китобга бўлган муносабати билан ҳам қизиқиб, ўқитувчиларини саволга тутдик.
— Болалигидан эртак китобларни севиб ўқийди, — дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Саодат Искандарова. — Ҳозир тарихий китобларни қўлидан қўймайди. Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров сингари ўзбек ёзувчилари қаҳрамонлари унинг қалбидан чуқур жой эгаллаган.
Ўқитувчилар билан суҳбатимиз асносида Нодирбек учун шахматдан ташқари қайси соҳа муҳим ўрин тутиши ҳақида суриштирдик. Қайси ўқитувчига юзланмайлик, ҳаммаси ўзи дарс бераётган фандан Нодирбекнинг аъло баҳога ўқиши ҳақида фахр¬ланиб гапирди. Бири физика-математика фанига ихлоси баландроқ, деса, иккинчиси она тили ва адабиёт фанини кўпроқ севади, деди. Яна бошқаси инглиз ва рус тилини ўрганишга иштиёқи кучли, деган фикрни илгари сурди.
Бу даражада юксак натижаларга эришишнинг сири нимада? Саволимизга отаси Муродбек Искандаров билан мулоқотимизда қисман жавоб топгандек бўлдик. — Ўғлим мусобақада ютқазса, уйга кайфиятсиз кириб келади, — дейди у. — Ўзим ҳам шахмат мусобақаларида кўп қатнашганим учун мағлубият аламини яхши ҳис қиламан. Шу боис дарҳол уни юпатишга киришаман. “Боксчи мушт емагунча пишмайди. Шахматда ҳам мағлубият фойдали ва муҳим босқич, келгуси ғалаба учун йўл очади. Мағлубиятсиз ўсиш йўқ”, дейман. Унинг хафалиги беш дақиқага етмай тар¬қаб, кейинги мусобақаларга тайёргарликни бошлаб юборади.
Нодирбек дунёнинг турли давлатларида бўлиб ўтган мусобақаларда қатнашиб, 30 дан ортиқ олтин, кумуш ва бронза медаллар соҳиби бўлди. Юртимизда 2016 йилнинг “Энг яхши шахматчиси” дея тан олинган Нодирбек яқиндагина Ҳиндистонда 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро олимпиадада 1-доскада 3-ўринни қўлга киритиб, бронза медаль соҳибига айланди. Ноябрь ойида Санкт-Петербург шаҳрида Чигорин хотирасига бағишлаб ўтказилган халқаро турнирда блиц йўналишида 1-ўринни эгаллаб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ўтган йили Монголияда 14 ёшгача ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 1-ўринни қўлга киритиб, олтин медаль соҳиби бўлган ёш шахматчи бу йил Тошкент шаҳрида 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида яна 1-ўринни эгаллади.
— Нодирбекнинг халқаро мусобақалардан ғалаба билан қайтиши биз учун байрам, — дейди синф раҳбари Гавҳар Қаландарова. — Шу муносабат билан мактаб миқёсида тантанали тадбирдан ташқари, синфимизда ҳам алоҳида йиғилиш ўтказамиз. У сафар таассуротларини сўзлаб, юракларни тўлқинлантиради. Синфдошлари уни саволларга кўмиб ташлайди. Ўқувчиларим бир неча кун шу суҳбат таъсиридан чиқолмай юради. Кўпчилик ундан ўрнак олишга ҳаракат қилади.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири