Илмий-тадқиқот натижалари амалиётга кенг татбиқ этилаётир
Урганч давлат университети техника факультетида кўп йиллардан буён самарали илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, кимёвий технологиялар кафедрасида 3 нафар профессор, 12 нафар доцент ва фан номзоди ҳамда 15 нафар ўқитувчи 4 йўналишда бакалавр, 2 йўналишда магистрлар тайёрлаш билан бирга илмий изланишларга ҳам жиддий эътибор қаратишмоқда. Масалан, техника фанлари доктори, профессор Мақсуд Жуманиёзов раҳбарлигида маҳаллий хомашёлардан тайёрланадиган битум (маҳаллий тилда қора сақич дейишади), зангга қарши бўёқ ва бошқа янги кимёвий маҳсулотлар яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Илмий-тадқиқот натижалари ҳозир ишлаб чиқаришга татбиқ этилиб, уларга талаб кундан кунга ортиб бораётир.
Устознинг шогирдларидан бири техника фанлари номзоди Шерзод Қурбонбоев “Маҳаллий хомашёлар асосида рақобатбардош занг модификаторлари олиш” мавзусидаги илмий-тадқиқот ишларини поёнига етказди. Бир неча компонентлар бирикмасидан ташкил топган металл зангини йўқотиш хусусиятига эга янги маҳсулот – кимёвий тозаловчи восита “PMR—2015” барча синовлардан муваффақиятли ўтди. Уни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш учун махсус сертификат ва давлат патенти олинди.
— Ёғ-мой саноатининг энг сўнгги чиқиндиси ва гидролиз саноати маҳсулоти қолдиғидан биз тайёрлаган янги бирикманинг чет элдан келтирилаётган занг йўқотувчи восита — антикордан афзаллиги шундаки, биринчидан, хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулот нархи анча қиммат, бунинг устига, йўл харажатлари билан баҳоси янада ошади, — дейди Ш.Қурбонбоев. — Иккинчидан, улар маҳаллий шароитимизга унчалик мос келмайди. Бизда алюмин, мис-хромли металл, пўлат, қора металл мавжуд бўлиб чет эл маҳсулоти буларнинг ҳаммасига бир хил таъсир этолмайди. Учинчидан, улардан фойдаланиш учун метал зангини яхшилаб тозалаш зарур. Аввал занглаган металл қириб тозаланиб, сўнгра қумпуфлагичдан ўтказилиши шарт. Бордию заррача занг юқи қолиб кетгудек бўлса, металл занглашда давом этаверади. Бундай тозалаш кўп вақтни олади ва бироз машаққатталаб иш. Маҳсулотимизни ишлатиш учун эса занг қолдиғини буткул йўқотиш шарт эмас. Металл юзаси чанг ва доғлардан тозаланса бас, қумпуфлагич орқали ялтирагунча тозалаб ўтирилмайди. Чунки маҳсулотимиз ювиб-тозалаш ва металга синггиб кетиш хусусиятига эга. Унинг таркибидаги “зангхўр” кимёвий модда – фосфат кислотаси занг билан реакцияга киришиб, уни “еб битиради”. Тўртинчидан, хориж антикорини қўллаш олдидан метални қиздириш зарур. Бизникида эса бунга ҳожат йўқ. Бундан ташқари, бизнинг антикор металга суртилиши билан реакция натижасида металл юзасида намдан сақловчи қоплама ҳосил қилади. Боз устига биз маҳсулотни чиқиндидан тайёрлаганимиз боис, таннархи арзонга тушаяпти.
Изланувчан ёш олим тадқиқотларини мукаммал даражага етказгунча озмунча машаққат чекмади. Зангни йўқотувчи янги бирикмани ҳосил қилиш учун ҳар битта кимёвий модданинг ўзига хос хусусиятларини чуқур ўрганиб чиқиш ва ҳар бирини меъёрида қўшиш зарур эди. Илмий раҳбари маслаҳати билан гидролиз магнини, фурфурол, гексаметилин, тетрамин ва ўртафосфат кислотасидан иборат композицион тузилма ҳосил қилинди. Кислота миқдорини оширса занг билан бирга метални ҳам емирар, камайтирса зангга қарши таъсири ҳам камаярди. Узоқ изланишлар, қайта-қайта ўтказилган тажрибалардан сўнг ҳар бир модданинг меъёри аниқланиб, устоз-шогирд якуний хулосага келишди.
“PMR—2015” ўтган йили Тошкент шаҳрида ўтказилган “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” республика ярмаркасида намойиш этилганида кўпчилик корхона ходимларининг диққатини ўзига жалб қилди. Жумладан, “MAXAM-CHIRCHIQ” АЖ раҳбарияти маҳсулотга қизиқиш билдирди ва уни ўз корхонасининг маълум бир объектида синаб кўришга қарор қилди. Ёш тадқиқотчи ўз меҳнати самарасидан намуна учун 20 литр олиб, Чирчиқдаги ўғит ишлаб чиқарувчи корхонанинг занглаган қувури ва қуритиш цехи ускунаси бўйлаб 20 кв.м. металл юзасига ишлов берди. Кейин устидан устози М.Жуманиёзов яратган зангга қарши бўёқ – “UNIAKOR”ни суртди. Занглаш даражаси юқори бўлган тузли шароитда ишлаётган корхонада янги маҳсулот синовдан муваффақиятли ўтди. Металнинг сақланиш сифатини аниқлаш бўйича иш олиб борган корхонани кимёвий ҳимоялаш бригадасининг 3 ойдан 6 ойгача бўлган даврда ва йиллик хулосаларига асосан олинган таҳлилий натижаларга кўра “PMR—2015” ўзини тўла оқлади. Металнинг антикор билан ишлов берилгандан кейинги ҳолати иссиққа, намга ва шўрга чидамли экани аниқланди.
Ҳозир “Xorazm antikorinvest” корхонаси томонидан синов учун ишлаб чиқарилган 500 литр кимёвий тозаловчи восита “PMR—2015” ўз эгаларининг талаб-эҳтиёжлари учун шай бўлиб турибди.
Урганч давлат университети техника факультети кимёвий технологиялар кафедраси олимлари томонидан яратилган маҳсулотлар Ўзбекистон миқёсида ўзига хос янгилик ва катта муаммонинг ечими сифатида эътироф этилмоқда. Негаки, мамлакатимизда металл камёб ашё ҳисобланиб, эҳтиёж ортиб бораётгани сабабли уни асраб-авайлаш талаб этилади. Нафақат техника жиҳозлари, балки ишлаб чиқариш корхоналари биноларини қуришда ҳам металл жисмлардан фойдаланишга тўғри келади. Нам ва тузли ҳудудларда метални зангдан ҳимоялаш муаммоси ҳамиша кўндаланг бўлиб келган. Буни юракдан ҳис қилган интеллектуал салоҳият эгалари илмий изланишларининг бир қисмига якун ясаб, янги тадқиқотлар устида бош қотирмоқдалар.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири