Журналист қаерда малака оширади?
Бирор соҳа ёки тармоқда фаолият олиб бораётган мутахассис муайян даврда малака ошириш орқали жабҳага кириб келаётган янгиликлар, технологик ўзгаришлардан хабардор бўлади. Бу, ўз навбатида, соҳанинг замон билан ҳамнафаслигини таъминлайди. Афсуски, мамлакатимизда журналистларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими шаклланмаган.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ёки Халқаро журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан баъзи лойиҳалар доирасида қисқа муддатли ўқув-семинарлар ташкил этилади. Бироқ бу тренинглар жамиятдаги айрим масалаларга қаратилгани боис барча журналистларни қамраб ололмайди.
Дунё тажрибасида мазкур касб эгалари мунтазам малака оширади. Юртимизда журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари бу борада бир неча бор тузган дастурлар амалиётга татбиқ этилмай қолиб кетди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Аввало, малака ошириш қайси олий ўқув юрти базасида ташкил этилади: Ўзбекистон Миллий университети қошидаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш тармоқ марказидами ёки Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази бўйича Инновацион таълим марказидами, деган савол пайдо бўлади.
ЎзМУ қошидаги тармоқ малака ошириш маркази фаолияти, асосан, университетларда фаолият олиб борувчи педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган. Бу ерда журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари ҳам малака оширади (Тўғриси, буни малака ошириш деб бўлмайди). Бу алоҳида мавзу. ЎзДЖТУ ҳузуридаги чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази эса, асосан, хорижий тил ўқитувчилари малакасини оширишга ихтисослашган. Шунга қарамай, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетида ОАВда фаолият олиб бораётган амалиётчи журналистлар малакасини ошириш бўйича 144 соатлик дастур ишлаб чиқилган.
Олий таълимдан кейинги таълим талабларига мувофиқ, буюртмачининг таклифига биноан малака оширувчилар рўйхати ОАВ таҳририятлари тавсиясига кўра шакллантирилиши ва бу жараёнга ишдан ажралган, ойлик маоши сақланган ҳолда жалб этилиши лозим. Буюртмачи сифатида ОАВ таҳририятлари малака ошириш учун юборадиган ходимига шундай имконият ва шароитни яратиб беришга қодирми, йўқми, бу ҳам бир муаммо.
Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида узилишлар мавжудлиги, интеграция таъминланмаганига урғу берилган. Дарҳақиқат, фан билан ишлаб чиқариш бир-бирига мувофиқ бўлсагина соҳа ривожланади. Журналистикада эса ҳали бундай шароит яратилмаган.
Журналистика соҳасида олий таълим тизимидан кейинги таълим хорижий давлатларда қандай ташкил қилинган?
Буни Ҳиндистон мисолида кўриб чиқамиз. Шу йилнинг январь ойида ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети профессор-ўқитувчилари Ҳиндистонда хизмат сафарида бўлдик. У ерда соҳанинг энг етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланган Оммавий коммуникация институти фаолияти, ўқув жараёни билан яқиндан танишдик.
Ҳиндистон матбуоти ошкоралик ва шаффофлик борасида Осиё мамлакатлари ичида катта обрўга эга. Оммавий коммуникация институти эса Осиё мамлакатлари орасида энг нуфузли журналистик тадқиқотлар маркази мавжуд бўлган таълим масканларидан ҳисобланади. Муассасада янги медиа ва ахборот-коммуникация технологиялари, журналистикани ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқотлар олиб бориш, ихтисослик бўйича тўрт ойлик журналистларни қайта тайёрлаш курслари фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, институтда радио ва тележурналистика, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар (PR), аспирантлар билан ишлаш бўлимлари мавжуд. Ҳиндистондаги ахборот хизматлари, ҳатто ҳарбий соҳада ахборот билан ишлайдиган мутахассислар учун ҳам махсус курслар ташкил этилган.
Ўтган давр мобайнида институт ўз фаолиятини бир неча бор кенгайтирди. Ҳозир мамлакатнинг олтита штатида унинг филиали бор. ОАВнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб институтда қўшимча қатор ихтисосликлар бўйича ҳафталик, бир, икки ва уч ойлик курслар ташкил этилади. Уларда турли оммавий ахборот воситалари, давлат идоралари ва жамоат ташкилотларида фаолият олиб бораётган амалиётчи журналистлар ахборот коммуникацияси бўйича малака оширади.
— Биз оммавий коммуникация институти билан мунтазам ҳамкорлик қиламиз, — дейди Ҳиндистондаги энг йирик ОАВ ҳисобланган “Prasar Bharati” жамоатчилик телерадиоэшиттиришлар корпорацияси раҳбари Сурия Пракаш. — Бир йилда икки марта радио ва телевидение бўйича белгиланган режа асосида ходимларимизни малака оширишга юборамиз. Малака оширишдан ўтган журналистлар фаолиятида ўзгаришлар бўлиб, ўз жамоасига бирор янгилик билан қайтиб, уни амалиётга татбиқ этади. Ҳатто баъзан институт маъмуриятига соҳамизда оқсаган ёки эҳтиёж юқори бўлган йўналишлар бўйича ҳам мутахассисларимизни ўқитиб беришларини сўраб мурожаат қиламиз. Мурожаатимиз ўрганилиб, ташкил этилган курсларда машғулот олиб бориш учун, керак бўлса, хориждан ҳам мутахассислар таклиф этилади.
Институтда нафақат маҳаллий журналистлар, балки хорижий давлатларнинг ОАВ вакиллари ҳам малака оширади. Шу пайтгача мазкур институтда 128 мамлакатдан олти мингга яқин журналист малака оширган. Бундан ташқари, ривожланаётган мамлакатлар ёш журналистлари учун аспирантура бўлими ҳам ташкил этилган. Унда, асосан, Африка ва Осиёдан келган амалиётчи журналистлар таҳсил олади. Улар учун дарслар инглиз тилида, маҳаллий журналистлар учун инглиз, ҳинд, урду тилларида олиб борилади. Институт кутубхонасида биргина журналистикага оид 33 мингдан ортиқ адабиёт мавжуд.
Институтда ўқишни хоҳлаган хорижлик тингловчилар учун бир йилда икки марта махсус лойиҳа грантлари ажратилиб, улар интернет тармоғи орқали эълон қилинади. Ушбу грантни қўлга киритиш учун талабгор муайян ОАВда фаолият кўрсатиши, қандай йўналишда малака ошириши бўйича аниқ мақсади ва режаси, муайян мавзуда кичик илмий тадқиқотини тақдим этиши, ва албатта, инглиз тилини билиши зарур. Таҳсил олган тингловчига малака оширгани ёки қайта тайёрлашдан ўтгани тўғрисида диплом берилади.
— Институтга келганимга икки ҳафта бўлди, — дейди татаристонлик Гулнора Ҳакимова. — Фреланс журналистикасига жуда қизиқаман. Бу анъанавий журналистикага нисбатан янги йўналиш. “Автостоп” (ихтиёрий равишда бирор-бир манзилга дуч келган транспорт орқали бепул бориш) орқали бутун Марказий Осиёни кезиб чиққанман. Бу ерда ҳам шу йўналиш бўйича ўқиб, билимларимни оширяпман.
— Сурия телевидениесининг янгиликлар бўлимида ишлайман, — дейди Рим Аҳмад. — Бу институтда малака оширишнинг иккита афзаллиги бор. Биринчиси, телеянгиликлар бўйича дунё тажрибасини ўрганиш, иккинчиси — йўналишингиз бўйича илмий тадқиқот олиб бориш. Ҳозир курсимизда ўн олти давлатдан келган тингловчилар таҳсил олади. Бу — бир-биримиздан ўрганиш, тажриба алмашиш, дўст орттириш, хорижлик ҳамкасблар билан доимий мулоқотда бўлиш учун жуда яхши имконият.
Мазкур институтда ҳозирга қадар 50 нафардан зиёд ўзбекистонлик журналист 4 ойлик “Янгиликлар агентликлари журналистикаси” (News Agency Journalism) ўқув курсларида таҳсил олган. Улар бугун республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, вазирлик ва идораларда самарали фаолият олиб бормоқда.
— Мазкур институтда 2014 йили малака ошириб қайтганман, — дейди журналист Фотима Махсумова. — Амалий фаолиятда билмаганларимни шу институтда ўргандим ва улар менга жуда асқотяпти. Дарсларга фақат институт профессор-ўқитувчиларигина эмас, балки дунё¬нинг “ВВС”, “Рейтер” каби кўзга кўринган ОАВ мутахассислари таклиф қилинарди. Қани энди бизда ҳам шунга ўхшаш малака ошириш маркази бўлса.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев¬нинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда журналистика таълими соҳасида хорижий тажрибани кенгроқ ўрганиш, унинг илғор жиҳатларини соҳага татбиқ этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ёш журналистларнинг чет тилларни мукаммал ўрганиши ва дунёнинг исталган мамлакатида фаолият олиб бора оладиган кадрлар етиштириш масалаларига алоҳида тўхталиб, келгусида Ўзбекистонда Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш бўйича таклиф берди. Бу мамлакат истиқболи учун ҳозирги ахборот глобаллашуви шароитида узоқни кўзлаб ташланган муҳим қадам бўлди.
Замон шиддат билан ўзгаряпти, бугунги янгиликнинг аҳамияти эртага одатий ҳолга айланаётган ҳозирги шароитда жамият кўзгуси бўлган оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва журналистлар малакасини муттасил ошириб боришни давр¬нинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу маънода келгусида ташкил этилиши кўзда тутилаётган Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети қошида Жур¬налист¬ларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш маркази фаолияти йўлга қўйилса, айни муддао бўларди. Бу, ўз навбатида, таълим муассасаси ва ишлаб чиқириш ўртасидаги сансоларлик тўсиғини олиб ташлаб, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция таъминланишига хизмат қилади.
Назира ТОШПЎЛАТОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети доценти