Ўқув режанинг ўзгариши: ўқитувчини чалғитадими ёки чарчатади?

Олий таълим тизимида фаолият олиб борадиган ҳар бир мутахассис соҳанинг асосий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари «Таълим тўғрисида»ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа, фан дастурлари, ўқув-услубий мажмуа ва ўқув адабиётлари эканини яхши билади. Чунки мазкур меъёрий ҳужжатлар олий таълимни ташкил этиш тартиби ва мазмунини белгилайди. Улар ичида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳужжат бу — ОТМнинг ўқув режасидир. Унинг тўғри ишлаб чиқилгани, фанларнинг жойлашиш тартиби, амал қилиш муддати таълим сифати ва мазмунига бевосита таъсир кўрсатади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йилда қабул қилинган “Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 343-сонли қарорига 2015 йил 10 январда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларда, жумладан, шундай қайд этилган: “...фаннинг ўқув режаси — олий таълимнинг муайян бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги бўйича ўқув фаолияти турлари, ўқув фанлари ва курсларининг таркиби, уларни ўрганишнинг изчиллиги ва соатлардаги ҳажмини белгилайдиган ҳужжат”. Демак, ўқув режада муайян йўналиш, мутахассислик бўйича ўтиладиган фанлар блоки, уларнинг номи, ҳажми, семест¬ри, муддати акс этади. Шу асосида кафедралар ўз йўналишлари бўйича ўқув юкламаси ишлаб чиқади ва профессор-ўқитувчиларга соатлар тақсимланади. Хўш, ана шундай муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур ҳужжат ким томонидан ишлаб чиқилади? Бу ҳужжатга қанча муддат амал қилинади? Уни ўзгартириш мумкинми? Агар мумкин бўлса, у таълим сифатига қандай таъсир кўрсатади?
— Ўқув режа таянч олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилиб, Олий ва ўрта махсус таълими вазири томонидан тасдиқланади ва ўқув жараёнига татбиқ этилгандан кейин камида беш йил амалда бўлади, — дейди Ўзбекистон Миллий университети доценти, юридик фанлари номзоди Воҳид Топилдиев.
Агар шундай бўлса, муайян йўналиш ёки мутахассислик бўйича ишлаб чиқилган ўқув режа биринчи курсдан то тўртинчи курсгача бўлган муддат ва шу даврда ўтиладиган фанларни қамраб олиши керак. Аммо ҳозир аксарият олий таълим муассасалари бир эмас, балки бир неча ўқув режа асосида иш олиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, сўнгги уч йилда ўқув режага тўрт марта ўзгартириш киритилган.
— Тўғри, бугунги кунда университет ва институтларда тўрт курсда тўртта ўқув режа ишлатиляпти, — дейди Воҳид Топилдиев. — Бунинг натижасида айрим профессор-ўқитувчилар қайси ўқув режага таяниб ишлаётганини аниқ билмайди. Бир эмас, бир неча ўқув режа асосида ишлаш ўқитувчиларни жуда чалғитади. Таянч олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқиладиган ўқув режани ўзгартиришга, табиийки, шу муассасаларнинг соҳа бўйича етакчи профессор-ўқитувчилари жалб этилади. Унда, асосан, жаҳондаги таълим жараёни ва фанлардаги ўзгаришларга қараб ўқув режадаги фанларни оптималлаштириш ҳамда замонавий фанларга кўпроқ ўрин ажратиш мақсад қилинади. Аслида, бундай мақсад бўлгани яхши. Бироқ ўқув режадаги ўзгаришлар ўзини қанчалик оқлаяпти? Унинг ўзгартирилиши кадрлар тайёрлаш сифатига ижобий таъсир этяптими? Энг муҳими, олий таълим муассасасида фаолият олиб бораётган мутахассис бу ўзгаришларнинг моҳиятини англаб, ўз фаолиятига татбиқ эта оляптими? Афсуски, бу саволларга ижобий жавоб бериш қийин. Чунки биргина шу ҳужжатнинг ўзгариши ўқитувчи аудиторияга кирганда қўлида бўлиши керак бўлган муҳим ҳужжатлар: фан дастури, календар-тематик режа, ўқув-услубий мажмуа, модуллар, ўқув адабиётлари номи ва ҳажмининг ўзгаришига олиб келади.
— Ўқув режани ўзгартириш — таълимнинг генетик кодига аралашиш демакдир, — дейди филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов. — Уни тез-тез ўзгартириб бўлмайди. У таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Шундай экан, нега у тез-тез ўзгартириляпти? Муаммо нимада? Бу саволга Воҳид Топилдиев шундай жавоб берди:
— Ўқув режадаги энг катта муаммолардан бири унда фанлар сонининг кўплигидир. Битта ўқув режада салкам 50—60 тагача фан бор. Ўқув режаларда бир-бирини такрорлайдиган фанлар жуда кўп. Тўртта ўқув режадаги фанларнинг битта-иккитасидаги ўзгариш, соатлардаги фарқларни ҳисобга олмаганда, деярли такрорланади. Ўқитувчиларнинг юклама ва фаннинг ортидан қувиши туфайли бир-бирини такрорлайдиган фанлар кўпайиб боряпти. Бунинг реал ечимини топиш лозим. Асосий мақсад юкламани ёки фанни кўпайтириш эмас, балки таълим сифатини таъминлаш экан, фанлар сонини қисқартириб, соатини оптималлаштириш зарур. Шунда юклама камайиб, бир ставкада ишлайдиган ўқитувчининг соати 900 дан 500—600 соатга тушади. Тўғри, авваллари ўқитувчи юкламаси фанга қараб тақсимланар эди. Энди эса талаба сонига қараб белгиланади. Шунингдек, ўқув режада фанларнинг кўплиги туфайли бир ўқитувчи 5-6 та, ҳатто ундан ҳам кўп фандан дарс беради. Бу албатта таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Чиндан ҳам, фанларнинг керагидан ортиқлигини талабалар ҳам эътироф этишади. Олий таълимдаги камчиликлар ҳақида гап кетганда улар, биринчи нав¬батда, ортиқча фанларга эътироз билдирадилар. Шундай фанлар ҳисобига талабалар бир семестрда 13—15 тагача фанни ўзлаштиришга мажбур. Буни хорижий давлатлар, масалан, АҚШ мисолида кўрадиган бўлсак, битта семестрда ўтиладиган фанлар 5-6 тадан ошмайди.
Шу маънода, фанларни муайян мутахассислик, йўналишлар талабидан келиб чиқиб қисқартириш, оптималлаштириш ниҳоятда зарур. Аммо ўқитувчи юкламасининг бажарилишига келганда масала биз ўйлагандан кўра анча чигал ва мураккаб экани кўринади.
Олий таълим муассасасида фаолият олиб борадиган оддий ўқитувчининг йиллик ўқув юкламаси 1540 соат қилиб белгиланган бўлса, шунинг 900 соати ўқув ишларига ажратилади. Бу катта ўқитувчида 850, доцентда 800, профессорда 770 соатни ташкил этади. Шундан аудитория соати 400—450 дан кам бўлмаслиги керак. Тўғри, ҳозир бу юклама мажбурий эмас, жорий ўқув йилида вақт меъёрлари бўйича рейтинг баҳолаш тизимига кўра, ўқитувчи рейтингини 110 баллдан келиб чиқиб баҳолаш белгиланди. Аммо ўқув йили сўнгида барибир юклама соатларининг бажарилиши ҳисобга олинади. Шундан келиб чиқиладиган бўлса, ўқув режадаги биринчи блок: гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар барча таълим йўналишларида ўқитилиши мажбурий бўлгани боис, тарих, фалсафа, иқтисод, ҳуқуқ каби фанлардан дарс берадиган ўқитувчилар учун ўқув юкламани бажариш муаммо бўлмаслиги мумкин. Аммо тор доирадаги мутахассисликлар, йўналишлар, масалан, консерватория, маданият, журналистика йўналишлари ўқитувчиларининг фанлардан соатлари кам. Чунки талабалар контингенти, гуруҳлар, курслар кам. Шунингдек, ўқув режанинг учинчи — умумкасбий, тўртинчи — ихтисослик фанлари соати кам бўлгани учун етарли соат чиқавермайди. Профессор-ўқитувчи, хоҳласа-хоҳламаса, тўрт-беш фандан дарс ўтишига тўғри келади. Бўлмаса, юкламани бажаролмайди. Илмий унвони бўлмаган ўқитувчиларга маъруза дарслари берилмаса, асосий оғирлик профессор ва доцентлар зиммасига тушади. Илмий унвони бўлмаган ўқитувчига фақат истисно ҳолларда, яъни Илмий кенгашнинг қарори билан маъруза дарслари берилиши мумкин. Энди 5-6 фандан дарс берадиган профессор-ўқитувчи шунча фанга қандай тайёргарлик кўради? Бунинг устига, ўтиладиган фанлардан ўқув-услубий мажмуа яратиш ёки уни такомиллаштириб бориш зарур. Қолаверса, ҳар ўқув йилида ўқув-методик мажмуа тузилишига талаблар ўзгариб турибди. Бундай ҳолатларда ўқув режадаги қайси фанларни қисқартириш мумкин? Тор доирадаги йўналиш ва мутахассисликларга тегишли умумкасбий, ихтисослик фанлари соати кам бўлса-чи?
— Мутахассис учун керак бўлган фанлар ўқитилиши зарур, — дейди Воҳид Топилдиев. — Масалан, биринчи блокдаги иқтисод, фалсафа, сиёсат каби фанлар бўлғуси мутахассислар учун жуда зарур. Қисқартириш деганда ўқув режада такрорланаётган фанлар сонини камайтиришни назарда тутдим. Шу боис ўқув режа яхши ўрганилиб, фанлар мазмунан оптималлаштирилса, ўқитувчининг юкламаси чиқади. Бир пайтлар штатлар соатга боғлаб қўйилганди. Эндиликда соатга боғлиқлик жойи қолмади. Ўқитувчи 900 соатни йиғиши шарт эмас. У маданият йўналиши ёки консерватория, санъат, журналистика йўналиши бўладими, бундан қатъи назар, ўқув режа асосида юклама реал бажарилса, 400—500 соат бемалол чиқади. Чиндан ҳам, текширишларда 5-6, ҳатто ундан кўп фандан дарс ўтаётган ўқитувчилар борлигига гувоҳ бўлдик. Натижада педагог битта мажмуа билан ҳамма курсга кириб кетаверади. Янги талаблар бўйича ўқув режадан келиб чиқиб, тўртта курсга, тўртта ўқув-услубий мажмуа яратилиши керак. Маъруза сони, аудитория соати, дарсларнинг кўплиги, бундан ташқари, ортиқча қўшимча ишлар ўқитувчини чарчатади. Аслида, профессор-ўқитувчи бир, энг кўпи билан иккита фандан дарс бериш керак.
Аксарият олий таълим муассасаларида ўқув режани ўз йўналиш ва мутахассисликларига мослаштириш туфайли юкламани белгилашда соатлар майдалашиб кетади. Битта фаннинг маърузаси бир ўқитувчига, семинар ва амалий машғулотлари бошқа ўқитувчига тақсимланади. Дарснинг сифатига жавоб беришга тўғри келганда, эгаси топилмай қолади. Маъруза ўқиган ўқитувчи ўқув-услубий мажмуани такомиллаштиришни семинарни ўтган педагогга юклайди. Маърузанинг моҳиятини яхши тушунмаган семинар ўқитувчиси эса мажмуани билганича ёзади. Охир-оқибат дарснинг сифатига путур етади.
— Мутахассислик йўналиши бўйича умумкасбий фанларнинг соати жуда кам бўлмайди, — дейди Воҳид Топилдиев. — Ўқув режада йўқ деганда бир фанда 100—200 соат бор. Бу фанлардан маъруза ва семинар бир ўқитувчига берилса, ихтисослик бўйича бир- иккита фан қўйилса, битирув-малакавий иши, магистрлик диссертацияси, курс иши, амалиёт билан бир ставка соатга етади. Ёш ўқитувчиларга эса илмий кенгашнинг қарори билан маъруза ҳам бериш мақсадга мувофиқ. Ахир, улар ўқитувчи-ку, маъруза ўқишни ҳам ўрганиши керак. Бу вазифаларни факультет деканининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва кафедра мудири бирга бажариши ва шунга мувофиқ дарс жадвали тўғри тузилиши зарур. Афсуски, айрим декан ўринбосарлари аудиториянинг қанчалигини, дарс жадвалини тузиш қоидаларини яхши билмайди. Шунинг учун ўқув режани танқидий таҳлил қилиш ва шунга қараб ўқув юкламани ишлаб чиқиш ўқитувчига ҳам қулайлик яратади, ҳам ўз ишига масъулиятни оширади.
Олий таълим муассасасида биргина ўқув режани ишлаб чиқиш, ўзгартириш билан боғлиқ чигалликлар, мураккабликлар жуда кўп. Буни аксарият кафедра мудирлари жуда яхши билади. Ўқитувчилар ўқув режанинг ўзгаришидан қийналишади. Ўқув йилининг сўнгида келгуси йил учун ишлаб чиқилган ўқув режага асосан, кафедранинг юкламаси ва соатлар тақсимоти ишлаб чиқилади. Бундан кўзланган мақсад, таътилга кетаётган педагог-ходимлар янги ўқув йилида қандай фанлардан дарс ўтишларини олдиндан билиши ва тайёргарлик кўриб бориши назарда тутилади. Аммо таътилдан сўнг ўқув йилининг бошида тасдиқланган ўқув режада соатларнинг ўзгаргани кафедралар ва айниқса, ўқитувчиларни чалғитади.
Ҳозир олий таълим тизимида катта ўзгаришлар бўлмоқда, янгиликлар кутиляпти. Айрим ОТМда эксперимент сифатида кредит тизими жорий қилиняпти. Бундан ташқари, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган халқаро олий таълим муассасалари қаторига яна янгилари қўшилиши кўзда тутилаётган пайтда, табиийки, ўқув режанинг яна ўзгариши кутиляпти. Шундай экан, бу ўзгаришлар, аввало, олий таълимда фаолият олиб борадиган педагог ходимлар учун қулай, қолаверса, таълим учун самарали бўлиши мақсадга мувофиқ. Зеро, таълим сифатига қўйилаётган талаблар ва меҳнат бозори конъюнктураси тез ўзгараётган ҳозирги шароитда ўқув режа ва фан дастурларининг тушунарли ва пухта ишлаб чиқилиши олий таълимга, қолаверса, мутахассислар тайёрлаш сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Назира Қурбон
“Ma’rifat” мухбири