Талабанинг ишлаши тўғрими?

Таҳририятга иш сўраб келган қиз мутахассислик фанларини яхши ўзлаштиргани, ўқишни имтиёзли диплом билан битирганини мағрурланиб сўзлади. Унга ўзи қизиққан мавзу бўйича мақола ёзиш тайинланди. Икки кун ичида берилган вазифани бажариб, ижод намунасини муҳаррир столига қўйди. Муҳаррир материални ҳижжалаб ўқиб чиқди ва бир бетли “мақола”да 15 та имловий хатони кўриб, ёш журналистнинг салоҳияти қай даражада эканини англади ва чуқур ўйга толди...
Ҳар йили журналистика факультетларини юздан ортиқ йигит-қиз тамомлайди. Бироқ улардан ярмининг ярми ҳам мутахаcсислиги бўйича ишламайди. “Қаерга борсанг, мақола сўрайди. Бизга бўлса хабар ёзишни ҳам ўргатишмаган-ку”, дея танлаган касбидан нолийди. Албатта, уларнинг гапида ҳам жон бор. Мутахассисликдан йироқ фанларнинг кўплиги ва ўқитувчиларнинг амалиётдан бехабарлиги салоҳиятли кадрлар тайёрлашда тўсиқ бўлаётгани ҳам ҳақиқат. Яна бир муаммо амалиёт машғулотларини ташкил этиш учун зарур моддий-техник базанинг етишмаслиги ҳамда амалиёт жараёнига юзаки ёндашувдир.
Бундай ҳолатни нафақат журналистика, балки бошқа соҳаларда ҳам учратиш мумкин. Масалан, молия соҳасида олий маълумот олган кадр ўз мутахассислиги бўйича иш бошлашга қийналади. Бухгалтерия ишини юритиш ёки шунга ўхшаш махсус курсларда малака ошириб, ташкилотда ишлаш кўникмасини ўзлаштиради. Тўрт йил тўлов шартнома асосида миллион-миллион сўм тўлаб ўқиган, бироқ ишга кириш чоғи “Мутахассислик бўйича малакангиз етарли эмас”, деган иддао билан ортга қайтарилган ҳар қандай кишининг танлаган касбидан кўнгли совиши табиий.
Муаммога чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, бундай ҳолатларнинг вужудга келишига, энг аввало, кадрларнинг ўзи сабабчи экани аён бўлади. Ҳар бир киши олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш пайтидаёқ қобилияти ва қизиқишини инобатга олиши керак. Қолаверса, ишга жойлашишда ортиқча муаммоларга учрамаслик учун талабалик давридаёқ ўқиётган йўналиши бўйича тегишли ташкилотларга бориб, малака ошириши зарур.
Таҳририятларда фаолият юритаётган талаба-мухбирлар журналистика факультетини тамомлаган кўпчилик кадрлардан савияли. Сабаби, улар ҳам ўқиб, ҳам ишлайди. Назария билан амалиётни бирдек олиб боради. Мунтазам ўқийди, ёзади, таҳрир қилади. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси Юлдуз Эшматова ҳам талабаларнинг ишлаши ҳар жиҳатдан фойдали эканини алоҳида таъкидлайди.
— Кўпчилик талабалар ўқиш даврида ишлаш мумкинлиги ҳақида етарли маълумотга эга бўлмагани боис бирон жойга иш сўраб бормайди. Меҳнат қонунчилигига мувофиқ, талаба ўқишдан бўш вақти куннинг иккинчи (ёки биринчи) қисмида ўзи таҳсил оладиган муассаса ёки бошқа ташкилотда меҳнат шартномаси асосида ишлаши мумкин, — дейди у. — Ҳам ўқиб, ҳам ишлаган кишининг дунёқараши, одамларга муносабати ўзгача бўлади. Бундай тоифадаги ёшлар вақтни тўғри тақсимлайди, ўқишга ҳам, ишга ҳам масъулият билан қарайди. Шу боис талабаларимнинг ҳам ўқиб, ҳам ишлашини қўллаб-қувватлайман. Зарур бўлса, 3-, 4-курсданоқ ишга жойлашишида кўмаклашаман. Гуруҳ мураббийи сифатида талабаларимга ёзги таътилда ўқув жараёнидан ажралмаган ҳолда мактабларга ишга киришни тайинладим. Тўққиз нафар шогирдимнинг пойтахт ва Тошкент вилоятидаги умумтаълим муассасаларига ишга жойлашганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Жумладан, Маҳлиё Жўраева ҳамда Замира Рашидова Янгийўл туманидаги мактабларда меҳнат фаолиятини бошлаган бўлса, Гулҳаё Дўлонова ва Зарифа Ўринова Ўрта-Чирчиқ туманида ўқувчиларга сабоқ бермоқда. Улар ўқитувчилик масъулиятли ва шарафли касб эканини чуқур англаган ҳолда дарсларда фаол ҳаракат қилиб, сабоқдошларига намуна кўрсатяпти. Ишга кира олмаган талабаларни ўқувчиларга индивидуал тарзда дарс беришга жалб этдик. Бу усул бўлажак педагогларнинг касбий маҳоратини оширишда ижобий натижа беряпти.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири