Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида “Олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион ҳамкорлик” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз олий таълим муассасалари илмий ишлар бўйича проректорлари, олий ўқув юртлари қошидаги илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиёти инновацион ривожлантирилаётгани, олимлар яратган илмий-техникавий ишланмалар тегишли соҳаларга татбиқ этилаётганини алоҳида таъкидлашди. Таълим, фан ва ишлаб чиқариш — тараққиётнинг бир-биридан ажралмас таркибий қисмлари бўлиб, улар ўртасидаги инновацион корпоратив ҳамкорлик ҳар томонлама манфаатлидир.
Олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни, фан соҳасидаги изланишлар ва уни амалиётга жорий этишдаги янгиланишлар бирлашса, инновацион фаолият юксалади, ҳамкорлик изчиллиги тўла таъминланади. Бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим тизимида улар ўртасидаги интеграцияни жадаллаштириш, ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаяпти. Ишлаб чиқариш корхонаси ўз фаолиятидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни олий таълим муассасасига тақдим этмоқда, олий ўқув юртида фан соҳасининг етакчи олим ва мутахассислари талаба ва магистрларга бириктирилиб, улар ўз битирув-малакавий иши, магистрлик диссертациялари, шунингдек, катта илмий ходим изланувчилар докторлик диссертацияларида корхона ва ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ амалий иш олиб бориб, тадқиқот натижаларини ўша корхонада жорий этмоқда.
Ҳозирги кунда олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини тизимли ривожлантириш, инновацион корпоратив ҳамкорликни йўлга қўйиш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида ихтисослик кафедралари қошида 1230дан ортиқ инновацион гуруҳлар ташкил этилган, кафедралар йўналишига мос замонавий корхоналар тўғрисида маълумотлар базаси яратилган. 4400дан зиёд корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, уларда мавжуд илмий-технология муаммолар банки шакллантирилган.Мазкур муаммолар асосида 10000дан ортиқ битирув-малакавий ишлари, 3400дан зиёд магистрлик диссертациялари, 1600дан ошиқ докторлик диссертациялари ва қарийб 700та хўжалик шартномалари бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида айни кунда жами қиймати 26,93 млрд сўмга тенг бўлган 465 та лойиҳа бажарилмоқда.
Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, инновацион корпоратив ҳамкорлик натижасида 2015 йилда Тошкент давлат техника университети қошидаги “Фан ва тараққиёт” ДУК томонидан “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ мис ишлаб чиқариш заводида чиқиндилардан мис ишлаб чиқариш технологияси яратилди. Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган уруғлик чигитларни капсулалаш технологияси пахта саноати корхоналари амалиётида қўлланилмоқда. Тошкент давлат техника университети “Машиносозлик тармоқлари муаммолари” илмий марказида яратилган замонавий “чангюткич” эса “Навоий кон-металлургия комбинати” ДКда жорий этилмоқда. Янги қурилма катта юк ташувчи машиналарда фильтр вазифасини бажаради, яъни жуда кичик бўлган зарраларни ушлаб қолиб, двигателнинг ишлаш ресурсини уч-тўрт маротабага оширади. Натижада ўта оғир механизм машиналарида носозликлар келиб чиқишининг олди олинади, ишлаш шароити яхшиланади ва самарадорлик бир неча бор ошади. Бу каби инновацион лойиҳалар илмий тадқиқот жараёнларини ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш билан бир қаторда, таълим сифатини ошириб, илмий салоҳиятли кадрлар етишиб чиқишига ўзига хос замин яратади. Мутахассислар олий таълим муассасалари олимлари томонидан яратилган углепластик, каучук, гидрогель, паррандачилик ва чорвачилик учун озуқа, тиббиёт учун трансплантан каби маҳсулот олиш технологияси ва бошқа ишланмалар тўғрисида ҳам илиқ фикрлар билдиришмоқда.
Олий таълим муассасалари базасида инновацион тадқиқот марказлари ташкил этиш, илмий ва илмий-педагогик кадрлар салоҳиятини юксалтиришнинг стратегиясини ишлаб чиқиш ва механизмини йўлга қўйиш, замон талабларига мос моддий-техник базани шакллантириш бўйича ишларнинг мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий негизи мавжуд. Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2012 йил 24 июлдаги “Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари бу борадаги ишларга асос бўлиб хизмат қилаётир.
— Мамлакатимизда таълим, илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор сабабли Тошкент давлат техника университети юртимиз иқтисодиёти учун техника йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи, шу билан бир қаторда, олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштиришда йирик илмий-тадқиқот марказига айланди, — дейди университет илмий ишлар бўйича проректори Карима Норқулова. — Университетимиздаги илмий лойиҳалар ва инновациялар марказида иқтидорли ёшлар иштирокида мақсадли изланишлар олиб борилмоқда, интеллектуал мулк бозори талаблари ўрганилиб, ишланма ва лойиҳалар тақдим этилаяпти. Олий таълим муассасамизда саноат корхоналари билан инновацион ҳамкорликни самарали олиб бориш, фан ютуқларини ўқув жараёнига жорий этишнинг структураси ва механизми мавжуд. Бу механизм мунтазам ишлашини таъминлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва улар учун иш ўринлари яратиш жараёнида ишлаб чиқариш корхоналари билан алоқаларни кучайтириш мақсадида 7та факультетда илмий-техник кенгашлар фаолият юритаяпти. Асосийси, университетда бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларининг мақсад ва вазифалари саноат корхоналарининг техник, технологик ҳамда хомашё муаммоларининг ечимига қаратилган. Университет қошида фаолият юритаётган “Фан ва тараққиёт” ДУК, “Машиносозлик тармоқлари муаммолари” илмий маркази, “Энергия ва ресурсларни тежаш” илмий-амалий ўқув маркази ва “Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш” илмий маркази ҳам фан ва ишлаб чиқаришни таълим жараёнига интеграциялаштиришга ҳисса қўшаяпти. Шунингдек, олий таълим муассасаси таъсисчилигида “Қудуқларни бурғилаш жараёнидаги асоратларга қарши кураш” илмий маркази, “Кончилик” илмий-ишлаб чиқариш маркази, “SIMUZ” технологик маркази ва “BURG`ICHI BIZNES” ўқув-илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ҳам фанни амалиёт билан боғлашга хизмат қилаяпти. Университет профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари ва талабалар “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” I-VIII Республика ярмаркаларида 300 дан ортиқ ишланмалари билан иштирок этди. Ярмаркалар доирасида 5 млрд 640 млн сўм ҳажмдаги 140 дан ортиқ хўжалик шартномалари имзоланди. Галдаги мақсадимиз жаҳон стандартларига мос илмий-
тадқиқотларни кўпайтириш, интеллектуал маҳсулотларимизнинг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлашдир. Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг таълим соҳасидаги йирик лойиҳаси — Ёшлар инновация марказини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларидаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.
Матбуот анжуманида Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифалар тизимли амалга оширилаётгани таъкидланди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг инновацион ҳамкорлик алоқалари бўйича тажрибаси ҳам алоҳида эътироф этилди.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири