Бўлғуси олимлар мактаби
Истиқлолнинг илк йиллари иқтисодий муаммолар кўпчиликни банд қилиб қўйганини ўша даврда соҳада ишлаганлар яхши эслайди. Иқтисодни ўрганишга лаёқати борлар таълим тизимидан, жумладан, тадқиқотчилик фаолиятидан узоқлашди. Илмга нисбатан беписандлик, салбий муносабат пайдо бўлганини ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ) аспирантурасига қабул қилинганимни эшитган бир танишимнинг таажжуб ила билдирган “ҳамдардлиги” асослаб берса керак: «Университетда бе-е-еш йил ўқиб, келиб-келиб, аспирант бўлдингми?»...
Афсуски, бундай муносабат яқин-яқингача сезилиб турди. Филология фанлари доктори, профессор Гуландом Боқиева ана шундай даврда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети илмий ишлар бўйича проректори лавозимига тайинланганда ҳам аҳвол жуда оғир эди. Аспирантурага ҳам, докторантурага ҳам ҳужжат топширадиган талабгорлар йўқ. Кафедраларда илмий салоҳиятли олимларнинг аксарияти нафақа ёшига етиб қолган, уларнинг ўрнини тўлдириш вақти келиб катта муаммога айланиши ҳам ҳақиқат эди.
Аҳвол шу даражада эдики, тадқиқотчилар аниқ иш жойига эга бўлмай, кафедраларда ўз ҳолига ташлаб қўйилганди. Уларда номига ҳисобот талаб қилинар, лекин “Қандай ёрдам керак?” деб ҳеч ким ҳол сўрамасди. Натижада диссертациялар ўз вақтида ҳимоя қилинмас эди.
Гуландом Боқиева илм-фан намунали йўлга қўйилган, ривожланган давлатлар тажрибаларига ижодий ёндашиб, Ўзбекистондаги олий ўқув юртидан кейинги бир босқичли (2012) катта илмий изланувчилар институти ва 2017 йилдан таянч докторантура, докторантура таълим тизимининг самарадорлигини ошириш, ўз муддатида диссертациялар ҳимоясига эришиш мақсадида тажриба-синов олиб борди. Ишни изланувчиларга шароит яратишдан бошлади. Раҳбарият билан кенгашиб, ўрни келганда баҳслашиб, ЎзДЖТУ илмий бўлими ҳузурида изланувчиларга алоҳида жой ҳозирлади. Бўлғуси олимларнинг ҳар бири ва уларнинг илмий раҳбарлари билан суҳбатлашиб, иш тартибини белгилаб олди. Диссертация устида ишлаш билан бирга, олимнинг келгусидаги педагогик фаолиятида асқотадиган янгиликларни ўзлаштириш талаблари белгиланди.
Креатив олим, моҳир педагог, раҳбар кадрлар тайёрлаш мақсадида университетда изланувчиларнинг илмий-тадқиқот олиб бориши учун етарли шароитлар муҳайё этилди. Ҳар бир босқич докторантлари алоҳида жиҳозланган хоналарда иш жойи ва интернетга уланган компьютерлар билан таъминланди. Жаҳондаги етакчи компанияларнинг илмий-таълимий ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Бу ерда изланувчилар нафақат диссертация устида ишлаш, балки унинг натижалари бўйича халқаро ва республика илмий-амалий анжуманлари учун маърузалар, ОАК рўйхатидаги маҳаллий ва хорижий илмий журналларга мўлжалланган мақола ҳамда монографиялар устида ишлайди.
Уларга ҳафтасига олти кун эрталаб соат 8:30 дан 16:30 гача иш вақти белгиланиб, шароитлардан тўғри фойдаланиш тартиб-қоидалари ишлаб чиқилган. Қисқаси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети муҳташам биносининг 4-қаватида илмий-ижодий фаолият қизғин.
Унинг бошқа олий ўқув юртларидан фарқли яна бир жиҳати шундаки, университет тад¬қиқотчилари уч йил давомида амалга оширадиган илмий ишларининг ойма-ой бажарилиши бўйича шахсий режа тузилади.
Режа асосида тадқиқотчи диссертация устида уч йил давомида мақсадли ишлаш, семинарлар ташкил этиш, мутахассислик бўйича назарий методологик курсда иштирок этиш, педагогик тажриба орттириш мақсадида таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича давлат таълим стандартини ўрганиш, малака талаблари, ўқув режалари, фан дастурлари, ишчи ўқув дастурлари тузиш, ўқув адабиётлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари ёзишни ўрганади.
Жараённи “Бўлажак ўқитувчиларнинг чет тилида ёзув компетенциясини шакллантиришда баҳолашнинг назарий ва амалий асослари (инглиз тили асосида)” мавзусида тадқиқот олиб бораётган Камола Муродқосимованинг уч йиллик шахсий иш режаси мисолида кўриб чиқамиз.
Тадқиқотчининг таянч докторантурада ўқиш муддати 2017—2019 йилларни ўз ичига олади. Кафедра мудири, илмий раҳбар ва докторант томонидан имзоланган бу ҳужжат университет илмий кенгашининг йиғилишида муҳокама қилиниб, илмий ишлар бўйича проректор томонидан тасдиқланган. Унда тадқиқотчи ҳар бир ой учун олти йўналишда алоҳида-алоҳида чора-тадбирлар бажариши режалаштирилган.
“Диссертация устида ишлаш” номли биринчи йўналишда 2017 йил февраль-март ойларида диссертациянинг I боби 1-параграфи бўйича маълумот тўплаш, маҳаллий ва чет эл адабиётлари, илмий ишларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва тайёрлаб якунлаш назарда тутилган. Шу зайлда барча боб ва параграфларнинг тайёрланиш муддати ва натижаси бўйича бериладиган вазифалар ҳажми белгиланган. Докторантуранинг охирги — учинчи йилида фақат диссертация устида иш олиб бориш, хусусан, 2019 йилнинг февраль ойида диссертацияни кафедра йиғилишида муҳокамадан ўтказиш ва камчиликлари устида ишлаш, кейинги ойда эса тадқиқотни университетнинг кенгайтирилган илмий семинарида муҳокама қилиш белгиланган. Апрелда муҳокамада кўрсатилган камчиликлар устида ишлаш, май ойида ҳимоя учун ҳужжатларни илмий кенгашга тайёрлаш ва топшириш, июнда диссертацияни илмий кенгаш қошидаги семинарда муҳокама қилиш, билдирилган фикрлар бўйича камчиликларни кейинги ой давомида бартараф этиш, сентябрда етакчи ташкилот тақризини олиш, октябрда диссертация ҳимояси тўғрисида ОАКга мурожаат қилиш, “ZiyoNET” ахборот тармоғига жойлаштириш, “Ma’rifat” газетасида эълон бериш, диссертацияни ҳимоя қилиш, ноябрда Олий аттестация комиссиясига ҳужжатларни топшириш, ва ниҳоят, декабрь ойида диплом олишгача бўлган жараён босқичма-бос¬қич белгилаб қўйилган.
Диссертациянинг ҳимояга қабул қилинишига қўйилган талаблардан бири илмий журналларда мақолалар чоп эттиришдир. Докторант Камола Муродқосимова диссертацияси мавзусидан келиб чиққан ҳолда ўзбек, рус, инглиз тилларида Ўзбекистон ва хориж журналларида мақолалар чоп эттириш ҳам шахсий режада кўрсатилган. Эътиборлиси, илмий мақолалар ёзиш ва чоп эттириш ишлари докторантуранинг дастлабки икки йилида амалга оширилади. Бу даврда тад¬қиқотчиларга матн таҳрири ҳам ўргатилади. Белгиланган вазифалар тадқиқотчи илмий фаолиятининг асосий кўрсаткичи бўлса-да, уч йиллик шахсий режада бошқа билимлар ҳам ўзлаштирилиши назарда тутилган. Масалан, режанинг иккинчи йўналиши “Мутахассислик бўйича назарий курс” деб номланиб, унда ўзлаштириладиган мавзулар биринчи йилда ойма-ой жойлаштирилган. Тадқиқотчи йигирмага яқин мавзуларни таҳлил қилиб, ўрганади.
Кафедрадаги ишлар олим фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Докторантнинг уч йил давомида таълим-тарбия жараёнидан узоқлашмаслиги назарда тутилиб, шахсий иш режасига педагогик тажриба юкламаси киритилган.
Унда кафедра аъзоси, қолаверса, келажакда кафедра мудири сифатида иш юритишига асқотадиган кўникмаларни эгаллашга қаратилган тадбирлар ҳам белгиланган. Бунинг учун икки йил вақт ажратилган бўлиб, у ҳам ойма-ой режа асосида амалга оширилади.
— Шахсий режага тадқиқотчига кераксиз ёки бажарилишини назоратга олиб бўлмайдиган, умумий гаплардан иборат вазифалар киритилмайди, — дейди ЎзДЖТУ илмий ишлар бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Гуландом Боқиева. — Уларнинг барчаси тадқиқотчи илмий салоҳиятининг ошиши, мутахассис сифатида ҳужжатлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлиши, педагоглик тажрибасини ривожлантиришга хизмат қилади. Бир қарашда илм билан шуғулланаётган ходимга халақит берадигандек туюладиган иқтидорли талабалар билан ишлаш бўйича амалга ошириладиган вазифалар ҳам тадқиқотчининг педагогик салоҳиятини юксалтиради. Қолаверса, иқтидорли талабалар билан ишлаш, уларда илмий изланишга иштиёқ уйғотиш устоздан маҳорат талаб қилади. Демак, олим бу борада ҳам изланади, самарали замонавий педагогик усуллар яратади. Ушбу тизимда докторантнинг ҳар ойлик илмий изланишидаги муваффақиятларини нафақат илмий бўлим, илмий раҳбар, балки докторант-курсдошлар ҳам кузатиб боради. Шу билан бирга, тадқиқотчининг олим сифатида мустақил шаклланишига гувоҳ бўлади. Соғлом илмий рақобат муҳити шаклланади ва дабдуруст¬дан “тайёр бўладиган” сунъий олимлар пайдо бўлишининг олди олинади.
Биз Камола Муродқосимованинг 2017, яъни докторантуранинг биринчи йилидаги шахсий режаси ижроси билан танишдик.
— Бу вақтда диссертациянинг белгиланган 1-боби(учта параграф)нинг қоралама нусхасини ёзиб тугатдим. Чоп этилган мақолаларим ҳам етарли. Аввало, Ҳиндистоннинг “LangLit” электрон журналида “Advantages of Testing technologies” (Тест технологияларининг афзалликлари) сарлавҳали илмий мақолам эълон қилинди. “Ўзбекистонда хорижий тиллар” илмий-методик электрон журналида инглиз тилида “Common European Framework of Reference” (Умум Европа компетенциялари) ва ўзбек тили “Назорат турлари: мақсад ва вазифалар” номли материалларим, Нукусда чоп этиладиган “Фан ва жамият” журналида инглиз тилида “10 Effective tips which bring to Effective Assessment in teaching adults” (Катталар таълимида самарали баҳо келтирадиган 10 маслаҳат) сарлав¬ҳали мақолаларим чоп этилди, — дейди тадқиқотчи.
Изланувчи 2017 йил 5 декабрда “Докторантлар уюшмаси”да илмий раҳбари иштирокида докторлик диссертациясининг 1-боби бўйича тақдимот ўтказди. Мутахассислик ва иккинчи чет тили (немис тили) бўйича малакавий имтиҳондан муваффақиятли ўтди.
Бундан ташқари, у ўқув адабиётлари яратиш лойиҳасида ҳам иштирок этган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 24 августдаги 603-сонли буйруғига асосан, тадқиқотчи иштирокидаги “Research Writing 4” ўқув қўлланмасини нашр эттириш учун лицензия олинган.
Камола Муродқосимова илмий иш бўйича хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида Орижэн университети ва яна икки таълим муассасаси тақдим этган “Advanced Certification in English Language Teaching” мавзусида 4 курсдан иборат 6 ойлик онлайн ўқувларда иштирок этди. Буюк Британиянинг Ланкастер университети ўтказган “Академик ўқиш ва ёзишни ўргатиш” (Teaching academic Reading and Writing) лойиҳасида иштирок этиб, унда чет тили ўқитувчилари ўртасида сўровнома ўтказиш, муаммоларни бартараф этиш мақсадида семинар-тренинг ташкил этишни ўрганди. Кўриниб турибдики, яратилган шароит сабаб тадқиқотчи бир йилда белгиланган вазифаларни уддалаш билан бирга, илмига фойдали қўшимча ишларни ҳам бажарган.
Тинимсиз меҳнат натижасида университетда ушбу янги тизим ўз мевасини бера бошлади. Тизимли амалга оширилган тадқиқотлар тайёрланиб, диссертациялар ёқлана бошлади.
Мана шундай уч йиллик жараёнда тобланиб, маълум муваффақиятларга эришган, бугун эса ЎзДЖТУнинг 1-инглиз факультети декани лавозимида фаолият кўрсатаётган, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Акмал Йўлдошевдан яратилган тизимнинг унинг ҳаётига таъсири ҳақида сўрадик.
— ЎзДЖТУ докторантлари сафига 2015 йили қиёсий-адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик ихтисослиги бўйича қабул қилингандим. “Идиоматик қўшма сўзларнинг лингвокогнитив аспекти (инглиз ва ўзбек тиллари мисолида)” мавзусидаги диссертация устида филология фанлари доктори, доцент Дилфуза Тешабоева илмий раҳбарлигида 3 йиллик режа асосида ишладим. Белгиланган мавзу боблари ва параграфларини босқичма-бос¬қич ёзиб бордим. Ҳар бир боб кафедрада муҳокама қилинди. Мавзу юзасидан бирма-бир мақола ва тезислар чоп эттирдим. Университетнинг бакалавр босқичидаги иқтидорли талабалар билан ишлаб, уларни илмга қизиқтириш билан бирга устозлик масъулиятини ўрганишга, педагогик маҳоратимни оширишга ҳаракат қилдим. Талаба-шогирдларим келгусидаги курс иши, битирув-малакавий ишларини илмий асослаш учун манба тўплади. Университет олимлари ва хорижлик мутахассислар жалб қилинган семинарларда иштирок этиб, қўшимча малака ва маълумотларга эга бўлдим, — дейди олим. — Университет “Докторантлар уюшмаси”нинг афзалликлари кўп. Бу ерда йилнинг ҳар чорагида махсус тасдиқланган жадвал асосида барча босқичдаги докторантларнинг ўз мавзуси юзасидан тақдимоти ўтказилади. Тақдимот махсус ажратилган ва замонавий АКТ билан жиҳозланган хонада ҳақиқий илмий баҳс-мунозара тарзида ўтказилади.
Асосий мақсад бўлғуси олимларнинг илмий тафаккурини янада кенгайтириш, фикр-мулоҳазаларини эркин ифода этишига эришиш бўлса-да, бу диссертация ҳимояси учун ўзига хос тайёргарлик ҳисобланади. Ёш олимлар иштирокидаги баҳс-мунозаралар баъзан диссертация ҳимоялари пайтидаги муҳокамалар сингари шиддатли кечади.
Устозлар эътибори, яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, диссертациямни белгиланган муддатдан аввал ҳимоя қилдим ва илмий даражага эга бўлдим. Университет бош биносининг 4-қавати, докторантлар учун ажратилган хоналардан бирида ўтган уч йиллик умрим мен учун жуда қадрли бўлиб қолади.
Дарҳақиқат, Акмал Йўлдошев каби ЎзДЖТУ илмий мактабида яхши натижаларга эришаётган олимлар сони кўпаймоқда.
Филология фанлари доктори, профессор Гуландом Боқиева ҳамкасб профессор-ўқитувчиларга намуна кўрсатиб, илмий раҳбар, маслаҳатчи сифатида фан докторлари, номзодлари, фалсафа докторлари (PhD), испан, араб тиллари бўйича эса биринчи методист-олимларни, жами 9 нафар фан доктори ҳамда 14 нафар фан номзоди/фалсафа доктори тайёрлаганини таъкидлаш жоиз. Айни пайтда 6 нафар фан доктори ва фалсафа докторларининг диссертациялари ҳимоя жараёнининг турли босқичларида.
Ҳозир олиманинг диссертация ёқлаган шогирдлари турли лавозимларда соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Гуландом Боқиеванинг диссертация ёқлаган тадқиқотчиларни қутлаб, арафада турганларга далда бериб, ижтимоий тармоқда ташкил этилган ёш олимлар саҳифаси орқали мактуб йўллаганини шогирдлардан бири кўрсатиб қолди. Ёшларга меҳр билан ёзилган хатда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир иш илмий асосланиб амалга оширилиши лозимлиги хусусида олимларга мурожаатидан руҳланиб, юздан ортиқ фан номзод/докторлари университетда кўп йиллардан бери фаолият олиб бораётгани, аммо салоҳиятни оширишга деярли эътибор берилмагани оқибатида университет лицей даражасига тушиб қолгани, аксарият мутахассислик кафедраларида илмий даражали педагог камайиб кетгани, бунинг объектив ва субъектив сабаблари бўлганини таъкидларкан, энди бундай ҳолга йўл қўймаслик учун қатор таклифларини илгари суради. Жумладан:
— тадқиқотчи диплом олгач, фан доктори уч, фалсафа доктори эса бир нафар илмий изланувчига раҳбарлик қилиши лозим. Шогирдлар билан илмий изланишлар олиб бориш, турдош таълим муассасалари, университетимизда ўтказиладиган илмий анжуманларда фаол иштирок этиш сизни нафақат ривожлантиради, балки олим сифатида танитади;
— университет, университетлараро, республика миқёсида халқаро анжуманлар ўтказиш бўйича таклифлар бериш, ўтказиш, шунингдек, хорижий анжуманларда иштирок этишингиз илм ривожига хизмат қилади;
— иқтидорли талабалар билан олимпиада гуруҳларида ишлаш, номдор стипендиатлар тайёрлаш педагоглик обрўйингизни кўтаради;
— инглиз тилини юқори даражада ўрганишни давом эттириш турли халқаро ассоциацияларга аъзо бўлиш ва дунё олимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишингизда қўл келади;
— маҳаллий ва хорижий лойиҳалар тайёрлаб, грантлар ютиш натижасида янгилик яратиб, давлатимиз тараққиётига ҳисса қўшсак, ҳам меҳнатимиз учун рағбат оламиз.
Олима шу каби 20 дан зиёд таклифларни ўртага ташлайдики, бу тадқиқотчилар учун ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Тажрибани ўрганар эканмиз, яратилган шароиту эътибордан руҳланиб, “Ҳамма ишларни бир четга суриб, докторлик диссертациясини ёқласаммикан”, деган ният дилда қайта уйғонгандек бўлди. ЎзДЖТУ илмий бўлимида бунёд этилган мазкур мактаб бундан кейин ҳам муносиб меваларини бериши шубҳасиз.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари номзоди