Гувоҳномангизнинг муддати ўтган
Савол: 2006 йили Фарғона вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида малака оширган ўқитувчи айни кунда ҳам шу гувоҳнома билан иш фаолиятини давом эттириши мумкинми?
Нодира ЖАЛОЛОВА,
Учкўприк туманидаги 4-мактаб директорининг ўринбосари
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 августдаги “Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 234-сон қарори билан тасдиқланган Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида низомнинг 31-бандига асосан халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг даврийлиги ва қанча давом этиши уни ташкил этиш шаклларига ҳамда ходимнинг касбий малака даражасини ва индивидуал касбий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда буюртмачи томонидан белгиланадиган талабга боғлиқ бўлади. Малака ошириш муддати таълим муассасаларининг раҳбар кадрлари учун 3 йилда камида бир марта, педагог кадрлар учун 5 йилда камида бир марта этиб белгиланади.
Шу сабабли сиз ҳар беш йилда мунтазам равишда малака ошириш курсидан ўтишингиз шарт. 2006 йилда малака оширганингиз ҳақидаги гувоҳнома муддати ўтган ҳисобланади.
Саволга Халқ таълими вазирлигининг кадрлар бошқармаси етакчи назоратчиси Абдуҳамид АБДУҚОДИРОВ жавоб берди.