Республикамиз аҳолисининг неча фоизи олий маълумотли?
Савол: Жанубий Кореяда аҳолининг 43 фоизи, Россияда 54 фоизи олий маълумотли экан. Бизда-чи?
Руфат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти катта ўқитувчиси
Жавоб: Аҳолининг таълим даражаси бўйича аниқ маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари натижасида шаклланадиган кўрсаткич бўлиб, Ўзбекистонда энг сўнгги аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1989 йили ўтказилган.
Айни пайтда 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 38-банди ижросини таъминлаш мақсадида Давлат статистика қўмитаси томонидан «Аҳолини рўйхатга олиш концепцияси лойиҳаси» ишлаб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, ҳар йили Давлат статистика органлари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда ойлик уй хўжаликларида танлама кузатувлар амалга оширилади ва махсус саволномаларга асосан ўтказилган сўровлар натижасида кузатувда иштирок этган уй хўжалиги аъзолари бўйича таълим даражаси маълумотлари шакллантирилади. Ушбу кузатув Жаҳон банкининг тавсияларига асосланган ҳолда, республика бўйича йиллик 10000 та уй хўжалигида амалга оширилади.
2016 йили ўтказилган кузатувлардан олинган маълумотларга кўра, республикамизда 25 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳолининг ҳар 1000 нафаридан 163 нафари олий маълумотли экани кузатилди. Айни пайтда 2017 йил учун якуний маълумотларни шакллантириш жараёни давом этмоқда.
Бугунги кунда республикамизда 72 та олий таълим муассасаси ва 19 та олий таълим муассасаси филиали фаолият юритяпти. Мазкур муассасаларни тамомлаган битирувчилар сони 2017 йили 67448 кишини ташкил этди.
Жавлон ҲАКИМОВ,
Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи