Қайси ҳудуд ёшлари илғор?
Савол: Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчилар қайси вилоятдан кўп?
Эъзоза ОЧИЛОВА, абитуриент
Жавоб: 2016/2017 ўқув йилидаги бакалавриат таълим йўналишлари учун ўтказилган тест синови натижаларига асосан, талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг вилоятлар кесимидаги умумий кўрсаткичи қуйидаги келтирилган:
Қорақалпоғистон Республикаси 4597
Андижон вилояти 3834
Наманган вилояти 4107
Фарғона вилояти 6704
Бухоро вилояти 5216
Хоразм вилояти 3660
Сурхондарё вилояти 4319
Қашқадарё вилояти 7047
Жиззах вилояти 3088
Навоий вилояти 3379
Самарқанд вилояти 7707
Сирдарё вилояти 1578
Тошкент вилояти 4225
Тошкент шаҳри 6414 Жами: 65875
Ўтаётган ўқув йилида тест синови натижаларига кўра ва Давлат тест маркази томонидан олий таълим муассасалари қабул комиссияларига тақдим этилган тест қайдномаларига мувофиқ, 65875 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган. Талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг сони ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг катта кўрсаткич Самарқанд вилояти (7707), Қашқадарё вилояти (7047), Фарғона вилояти (6704) ва Тошкент шаҳри (6414)да қайд этилганлигини кўриш мумкин. Ушбу кўрсаткич якуний эмаслигини эслатиб ўтамиз. Сабаби, бу кўрсаткичга:
тест синови қайдномалари тақдим этиб бўлингандан кейин ажратилган қўшимча ўринлар;
турли имтиёз шаклида ажратилган ўринлар;
тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси асосида қабул қилинганлар;
вилоятларнинг баъзи мутахассисликларга бўлган ўткир эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ажратилган ўринлар киритилмаган.
Давлат тест маркази томонидан тақдим этилаётган ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилганда талабаликка тавсия этилган абитуриентлар фақат ўзининг ҳудудида жойлашган олий таълим муассасаларига эмас, балки бошқа ҳудудларда жойлашган олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганини ҳам унутмаслик лозим.
Орзиқул БОБОЕВ,
Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари