Контракт тўлашда енгиллик бор
Савол: Бир оиладан икки ёки уч нафар талаба контракт асосида таълим олса, уларга тўловда имтиёз бериладими?
Дилсора ИСКАНДАРОВА, ЎзДЖТУ талабаси
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2010 йил 24 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 27 майда 2107-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) асосан, 2010 йил 1 январдан бошлаб, фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олишга (ўзининг ўқиши ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг таълим олиши учун) йўналтириладиган суммаларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Солиқ имтиёзини қўллаш тартиби ва қонун-қоидалари юқоридаги қарор билан тасдиқланган.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун кенг имкониятлар мавжуд бўлиб, улардан бири таълим кредитидир. Тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларга ўзлари яшаётган ҳудудда жойлашган тижорат банклари томонидан таълим кредитлари берилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, чин етимлар, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронларига фоизсиз таълим кредитлари бериш, кам таъминланган оилалардан бўлган талабаларга ажратилган кредит фоизларининг тенг ярмини туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан “Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғарма”си маблағлари ҳисобидан тўлаш белгиланган.
Сарвархон БУЗРУКХОНОВ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги молиялаштириш ва бухгалтерия ҳисоби бошқармаси бошлиғи