Фанлар сони 58 тадан 29 тага камайтирилди

Миллий матбуот марказида юқори малакали, халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тошкент давлат юридик университети томонидан ўтказилган тадбирда юридик таълимни модернизациялаш, долзарб ҳуқуқий муаммолар бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар бўйича кенг маълумот берилди.
— Университетимизда назарий машғулотлар янада оптималлаштирилди, мустақил таълим чуқурлаштирилди, иш берувчиларнинг талабларидан келиб чиқиб, юристларда таҳлилий фикрлаш ва касбий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган ўқув режаси, дастури ва ўқув-методик материаллар ишлаб чиқилди, — дейди Тошкент давлат юридик университети ўқув ишлари бўйича проректори Мансурхон Камолов. — Эндиликда муассасамизда семестр давомийлиги 14 ҳафтани (олдин 18 ҳафта эди) ташкил этмоқда. Семестр давомида муайян ҳафталар мустақил таълим олиш ҳафталиклари деб номланди. Янги ўқув режасига кўра талаба тўрт йил давомида 29 фанни (олдин 58 та фан эди) ўқиши кўзда тутилган. Албатта, профессионал малакани оширадиган “Юристнинг ёзма нутқи”, “Тадқиқот усуллари” каби амалий фанларни киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий ўқув юртимизда бошқа таълим даргоҳларидан фарқли равишда профессор-ўқитувчиларнинг маънавий-маърифий, ташкилий, илмий-тадқиқот ишлари бўйича юкламалари олиб ташланган. Бу борадаги ўқув юкламасидан ташқари қўшимча ишлар ходимларнинг лавозим окладларининг юз фоизигача бўлган миқдордаги устама ҳақ билан рағбатлантирилади.
Университетнинг ўрта махсус, касб-ҳунар, умумтаълим муассасалари билан ҳамкорлиги, ҳуқуқий таълимни ўқувчиларга содда тилда етказиш бўйича олиб борилаётган лойиҳалар тўғрисида ҳам тўхталинди. Бироқ университет қошидаги академик лицей ўқувчиларининг олий таълим муассасасига кириш кўрсаткичи паст. Масалан, ўтган йили академик лицейнинг 242 нафар битирувчисидан бор-йўғи 11 нафари университетга ўқишга кирган. Бунинг устига ҳарбий хизматни ўтаб, тегишли тавсияномага эга бўлган абитуриент йигитлар кўп¬лиги ҳисобига ўқишга кирувчи қизлар сони камайиб кетган. Айни кунда талабаларнинг 16,5 фоизини қизлар ташкил этади.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг барчаси ҳам ҳалол ишламаётгани, ўз лавозим ваколатларини суиистеъмол қилаётгани сир эмас. Бугунги талабанинг эртанги касбий фаолиятида бу каби ҳолатлар учрамаслиги учун маънавий-маърифий ишларга катта эътибор қаратилмоқда. Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Дилшоджон Умаров талабаларда юксак маънавий-ахлоқий сифатларни шакллантириш борасидаги тизимли ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Санобар ЖУМАНОВА