Малака ошириш тизими педагоглар ишончини оқлаяптими?
Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида педагогларнинг ўрни катта. Шу боис уларнинг мунтазам малака ошириб, тажрибасини бойитиши муҳим аҳамиятга эга. Педагоглар малакасини ошириш учун олий таълим муассасалари қошида тармоқ малака ошириш марказлари ташкил этилган. Уларда профессор-ўқитувчилар мутахассисликлари бўйича икки ой мобайнида амалий иш фаолиятидан ажралган ҳолда малака оширади.
Бу жараён Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бош илмий-методик маркази томонидан назорат қилинади. Педагоглар тажрибасини оширишга қаратилаётган эътибор натижасини тингловчиларнинг дарсларга жиддий тайёргарлик кўриши ва қайта тайёрлов жараёнини самарали якунлаётганидан билиш мумкин.
Икки ойлик малака ошириш даврида тингловчиларнинг билим ва кўникмаси ҳафта якунида турли шаклларда баҳолаб борилади. Ҳар бир фан (6 та модулнинг ҳар бирига 2,5 балдан) топшириқлари 2,5 баллик тизимда баҳоланади. Жорий назорат 30, ўқув модуллари 15, педагогик амалиёт 5 ҳамда электрон портфолио асосида аниқланувчи касбий фаолият кўрсаткичи максимал 10 балл қилиб белгиланган. Ваҳоланки, тингловчиларнинг малакавий амалиёти энг муҳим фаолият тури ҳисобланиб, унда профил кафедраларда тажриба алмашиш, етакчи профессор-ўқитувчилар машғулотини кузатиш, таҳлил қилиш, очиқ машғулот ва тарбиявий тадбирлар ташкил қилиш каби маҳорат дарслари бўлади. Шунга қарамай амалиёт даври 5-6 кундан иборат бўлиб, унда ҳужжат юритиш 0,5 балл, очиқ дарсларни ўтказиш жараёни 3,5 балл, амалиёт даври бўйича ҳисобот эса 1 балл билан баҳоланади.
Ўқув модуллари бўйича мунтазам тест назоратлари топшириб борилса-да, якуний чиқиш тести учун 50 балл белгилангани ушбу тизим такомиллаштирилиши кераклигини кўрсатади.
Ҳолбуки, якуний назорат сифатида 10—15 кишидан иборат аттестация ҳайъати ҳузурида ҳимоя қилинадиган битирув иши учун 20 балл белгиланганини қандай тушуниш мумкин?
Айни мантиқсизлик туфайли тингловчилар фаолиятининг чиқиш тестидан кўра муҳим аҳамиятга эга бўғинлари адолатли баҳоланмаяпти. Бу ҳолат тингловчиларнинг 60—80 саҳифадан иборат битирув ишини тайёрлаш ва тақдимотини ўтказиш учун сарфланадиган ақлий меҳнатини камситиш эмасми? Илмий раҳбар ва мутахассислар тақризи, ҳайъат аъзоларининг ҳар бир ҳимоя учун кетган вақти, уларга тўланадиган маблағни ҳисобга олмаганда ҳам бундай ёндашув якуний назорат мавқеига путур етказиб, аҳамиятини пасайтиради. Жорий ва оралиқ назорат учун ажратилган жами 80 балнинг камида 56 фоизини тўплаган тингловчилар якуний назоратга киритилади. Икки ой давомида ишдан ажралган ҳолда ўқув модуллари бўйича барча машғулотда қатнашган, топшириқларни тўлиқ топширган, педагогик амалиёт учун ажратилган 5 бални олган, инглиз тилида эркин сўзлаша оладиган, битирув ишини намунали тарзда тайёрлаб, илмий раҳбар хулосасини олган айрим тингловчилар чиқиш тестидан ўтолмай, барча меҳнати барбод бўлганига гувоҳмиз. Эндигина фаолият бошлаган, ҳали илмий иш қилишга улгурмаган ёш педагогларни ва 35—40 йиллик педагогик стажга эга, илмий даражали ўқитувчиларни бирдек баҳолашга йўналтирилган бундай тизим кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилиши табиий. Электрон портфолио тизимини такомиллаштиришда биринчи йил педагогик фаолиятни бошлаган тингловчиларнинг имкониятларини инобатга олиш касбий фаолият кўрсаткичларининг холис баҳоланишини таъминлайди.
Фикримизча, малака ошириш учун юбориладиган профессор-ўқитувчиларнинг лавозими, илмий даража ва унвони, педагогик иш стажига эътибор қаратган ҳолда мавжуд ёндашувларни қайта кўриб чиқиш ҳамда тегишли ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ. Тингловчилар табақалаштирилмаса, ёш педагоглар билан кўп йиллик тажрибага эга профессорларнинг бир гуруҳда машғулотларда қатнашиши кутилган натижани бермайди.
Малака ошириш жараёни малакали, муайян тайёргарликка эга мутахассислар томонидан ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Бироқ, салоҳияти талабга жавоб бермайдиган, вақтни шеърхонлик ёки воқеалар тафсилоти билан ўтказадиган мутахассислар ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди. Буни ҳар ҳафта якунида тингловчиларнинг устозларга билдирадиган аноним сўровнома жавобларидан ҳам билиш мумкин.
Устозлар шогирдлар баҳосидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига, уларга “чора кўриш”га киришади. Натижада тингловчилар ортиқча гап-сўздан қочиш учун сўровнома тўлдиришдан бош тортади. Муаммо эса ўзгаришсиз қолаверади.
Шу каби ташкилий ва ўқув жараёни билан боғлиқ мавжуд муаммоларни тўла-тўкис ҳал этиш учун нафақат педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга хизмат қиладиган, балки уларнинг талаб ҳамда эҳтиёжларига мос, янги лойиҳаларни амалиётга жорий қилиш зарур.
Марғуба МИРҚОСИМОВА,
педагогика фанлари доктори, профессор