Давлат гранти фақат имтиёзлиларгами?
Савол: Давлат грантига ўқишга кираман, деб йиллар давомида кечалари ухламай ўқийсан, ўрганасан. Бироқ имтиҳон натижасига кўра, юқори балл билан тўлов-шартнома асосида университетга қабул қилинган бўласан. Сендан юқорида эса имтиёзлилар. Саволим шуки, улар учун квотада алоҳида ўрин ажратишнинг иложи йўқми?
Азамат АБДУҲАКИМОВ, абитуриент
Жавоб: Ҳозирги кунда қонун ҳужжатларига мувофиқ, бир қатор абитуриентлар тоифасига олий таълим муассасаларига киришда белгиланган қабул квоталаридан ташқари алоҳида грант ўринлари ажратиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳарбий қисм қўмондони (раҳбарияти) ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсиясига эга, ҳарбий қисмда юқори натижаларга эришган, фаол ва шижоатли ёш ҳарбий хизматчи олий таълим муассасаларига белгиланган давлат гранти квоталарига қўшимча равишда имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан қўшимча равишда икки фоизли квоталар ажратилади.
Саволга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини ташкилий-методик таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи Абдували ХОЛИҚОВ жавоб берди.