Кадрлар салоҳияти соҳа тараққиётининг асосий таянчи
1930 йили Ўрта Осиё давлат университетининг қишлоқ хўжалиги факультети негизида ташкил топган Ўрта Осиё қишлоқ хўжалиги институти ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтди ва бу жараён бевосита мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлиқ. 1934 йили институт Тошкент қишлоқ хўжалиги институти деб номланган бўлса, 1991 йили бу даргоҳга Тошкент давлат аграр университети номи берилди. Айни кунда муассасамиз тасарруфида Нукус ва Термиз филиаллари, 1 академик лицей, 1 илмий-тадқиқот институти, Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба станцияси, 7 факультет ва 27 кафедра фаолият кўрсатади.
Университетимиз соҳанинг таянч олий таълим муассасаси бўлгани учун юртимиздаги қишлоқ хўжалигига кадрлар тайёрлаётган барча олий ўқув юртларига ўқув-услубий, илмий-методик жиҳатдан кўмак беради. Жумладан, Қорақалпоқ давлат университетида доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, Гулистон давлат университетида агрономия (анорчилик) таълим йўналиши, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалида беда уруғчилиги ва унинг агротехникаси, Урганч давлат университетида қовунчилик ҳамда табиий фанлар факультети негизида агрономия (сабзавотчилик ва полизчилик) каби янги очилган йўналишларнинг барча меъёрий ҳужжатлари (ўқув режаси, фан дастурлари, малака талаблари ва ҳоказо) профессор-ўқитувчиларимиз томонидан тайёрланди.
Бошқарув тизимини такомиллаштириш, факультет ва кафедраларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида университетимиз ташкилий тузилмасига қатор ўзгартиришлар киритилди. Шу билан бирга, зоотехния ва балиқчилик, ветеринария ва ипакчилик факультетлари ташкил этилди. Селекция, уруғчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш факультетининг номи ўсимликлар ҳимояси ва агрокимёга ўзгартирилди.
“Ўсимликшунослик” кафедраси негизида “Соя ва бошқа мойли экинлар етиштириш агротехнологиялари” кафедраси фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси бакалавриат таълим йўналиши ўқув режасига “Каврак ўсимлигини етиштириш технологияси”, “Ўрмончилик ва ўрмон мелиорацияси”, “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик” таълим йўналишлари ўқув режаларига “Хандон пис¬та етиштириш технологияси” фанлари киритилди.
2017-2018 ўқув йилидан агрономия (деҳқончилик маҳсулотлари турлари бўйича) таълим йўналиши негизида мойли экинлар, пахтачилик, дон-дуккакли экинлар, шоличилик, ем-хашак экинлари йўналишлари; зоотехния (тур¬лари бўйича) таълим йўналиши негизида балиқчилик, паррандачилик, йилқичилик ва туячилик, асаларичилик, қўйчилик ва эчкичилик, қорамолчилик йўналишлари бўйича 2-курс талабаларидан алоҳида гуруҳлар шакллантирилди.
Бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, муассасамизда сиртқи таълим бўлими ташкил этилиб, жорий ўқув йилида 10 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича 228 нафар талаба қабул қилинди.
Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари ва ўқув режалари ишлаб чиқилди.
Бу борада Япония, Германия, АҚШ, Жанубий Корея, Англия сингари ривожланган давлатларнинг етакчи таълим муассасаларидаги турдош таълим йўналишларининг ўқув режалари қиёсий таҳлил қилиниб, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг таклифларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу аснода ўқув режасига етмишдан ортиқ янги фан киритилиб, тўқсондан зиёд фанларнинг номланиши ва мазмуни ўзгартирилди. Университетда таҳсил олаётган ёшларнинг ҳар томонлама мустаҳкам назарий ва амалий билимларни эгаллаши учун йигирмата кафедра ва истеъмолчи вазирлик, корхона, ташкилот ва идоралар, илмий-тадқиқот инс¬титутлари, фермер хўжаликлари, касб-ҳунар коллежлари ўртасида юздан ортиқ ҳамкорлик шартномалари тузилди. Мазкур ҳужжатлар асосида сайёр маш¬ғулотлар олиб борилаётир. Ўндан зиёд дарс¬лар инглиз тилида ташкил этилаётгани талабаларимизнинг дунё илм-фани ютуқларидан воқиф бўлишлари, илғор тажрибаларни ўрганиб, соҳаларга татбиқ этишига хизмат қилади.
Халқимиз дастурхонига сархил, шифобахш неъматлар етказиб бериш, айни пайтда деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиши, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга ҳам мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу талабдан келиб чиқиб, “Мевачилик ва узумчилик” кафедраси профессор-ўқитувчилари Н.Фахриддинов, И.Нормуродов ишлаб чиққан лимонни ресурстежамкор усулда етиштириш технологияси бўйича яратилган лойиҳани амалга ошириш мақсадида Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларида семинарлар ташкил этилиб, лимон етиштирувчи агрофирмалар, фермер хўжаликлари, шахсий томорқа эгалари билан лимон кўчатларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузилди. Шунингдек, олимларимиз томонидан лимонни интенсив кўпайтириш, етиштириш, қайта ишлаш ва экс¬порт қилиш бўйича янги инновацион лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Ушбу ўсимликни қиш ойларида совуқдан сақлаб парвариш қилиш қийин. Юртимизнинг иқлим шароитида лимон етиштиришнинг бир қанча йўллари мавжуд бўлиб, уларнинг деярли барчаси иситиш манбаларини талаб этади. Мутахассисларимиз тақдим этаётган ресурстежамкор усуллардан фойдаланиш бўйича тавсияномаларда бу жиҳатлар илмий ва амалий жиҳатдан инобатга олинган.
Университетимизда янги — ихтиология, гидробиология ва балиқчилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш технологияси ихтисосликлари бўйича таянч докторантура ва докторантура, мустақил тадқиқотчилар тайёрлаш йўлга қўйилгани ҳам соҳадаги қатор ечимталаб муаммоларни илмий жиҳатдан ўрганиш имконини берди. Шунингдек, ёшларни тадқиқот ишларига кенг жалб қилиш мақсадида ҳар бир факультет ва мутахассислик кафедраларида 7 та талабалар илмий жамияти ва улар қошида 21 та тўгарак фаолият юритмоқда. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти, Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот маркази, Гидропоника маркази, Фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази, Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба станцияларида профессор-ўқитувчиларимиз ва талабаларнинг изланиш олиб бориши учун барча шароит яратилган. Жумладан, Гидропоника маркази фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Марказда Жанубий Кореялик мутахассислар томонидан гидропоника технологияси асосида ишловчи намунавий иссиқхона қурилган бўлиб, унда сабзавот экинлари (помидор, қалампир, бодринг ва кўкатлар) етиштириш билан бир қаторда талабаларнинг ўқув-амалиёт дарслари, университет профессор-ўқитувчилари ва ёш олимларнинг тажриба ишлари ҳам олиб борилмоқда. Гидропоника иссиқхонасидан ўқув маркази сифатида фойдаланилиб, унда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган фермерлар малака ошириш имконига эга.Муассасамизда Европа ҳамжамиятининг ТЕМПУС дас¬тури доирасида иккита йирик — UZHEALTH ва SAMUz лойиҳаси фаолият кўрсатмоқда. Лойиҳаларнинг асосий мақсади Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фанларини хорижий тажрибага таянган ҳолда модернизация қилиш ва ўқитишдан иборат. Шунингдек, янги ERASMUS+Capacity building 2017 лойиҳаси ветеринария йўналиши бўйича ўқув фанларини такомиллаштиришга қаратилган. Бундан ташқари, университетимиз Германия, Жанубий Корея, Япония, Россия, Исроил ва Индонезия давлатларининг нуфузли олий таълим муассасалари билан икки томонлама ҳамкорлик келишувлари имзоланган. Шу аснода айни кунда 10 нафар хорижий мутахассис ўқув жараёнига жалб этилган. Ўз навбатида, профессор-ўқитувчиларимиз ҳам хорижий мамлакатлар олий таълим муассасаларида бўлиб, машғулотларда қатнашмоқда. Жумладан, “Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги” кафедраси мудири Х.Назаровнинг Вена табиий ресурслар университетида “Ўзбекистонда етиштириладиган донли экинларнинг хусусиятлари”, “Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва маркетинг” кафедраси катта ўқитувчиси С.Одиловнинг Германиянинг Вайнштефан Тризидорф университетида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўллари”, “Ўсимликшунослик” кафедраси доценти Б.Ҳаитовнинг АҚШнинг Огайо штати университетида “Пахтадан юқори ҳосил етиштириш учун ресурстежамкор технологиялардан фойдаланиш”, “Ўсимликларни уйғунлашган ҳимоя қилиш ва карантин” кафедраси доценти Б.Эшчановнинг АҚШнинг Мичиган штати университетида “Марказий Осиёда помидор зараркунандаларига қарши курашиш” мавзуларида қилган маърузаларини ҳамкорларимиз юқори баҳолади. Талабаларимизнинг халқаро ва республика миқёсидаги кўрик-танловларда, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида эришаётган ютуқлари ҳам салмоқли.
Масалан, 2017 йили йигит-қизларимиздан 1 нафари Ислом Каримов номидаги, 3 нафари Беруний номидаги давлат стипендияси, 1 нафари “Ёшлар иттифоқи”, 17 нафари эса университет ички стипендияси соҳиби бўлди. Талабалар республика фан олимпиадасида Жамолиддин Эшонқулов агрономия фанидан биринчи, Зулхумор Бобоқулова гидротехника-мелиорацияси фанидан 2-ўринни эгаллади.
Соҳада эришилаётган муваффақиятлар, кези келганда бой берилаётган имкониятлар таҳлили ҳар куни янги-янги режалар, вазифалар устида ишлашни талаб қилади. Шу маънода университетимизда идоралараро фойдаланишга мўлжалланган замонавий “Экофизиологик тадқиқотлар” илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш борасида тегишли тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида тилга олиш мумкин. Яна бир янгилик, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш технологияси” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан мева-сабзавотларни замонавий ресурстежамкор технологиялар асосида экологик соф тоза сифат кўрсаткичларини сақлаган ҳолда қуритиш бўйича илмий-амалий лойиҳа ишлаб чиқилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар узлуксиз давом эттирилмоқда.
Ботиржон СУЛАЙМОНОВ,
Тошкент давлат аграр университети ректори