Электрон қабул абитуриентга қулайлик яратади
Айни кунларда юртимизнинг барча олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ўқишга кириш учун аризаларни қабул қилиш жараёни қизғин кечмоқда. Ёшлар ўзи хоҳлаган олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, тест синовларига жиддий ҳозирлик кўриш билан банд. Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалик бахтига эришиш орзусида юрган йигит-қизлар билан гавжум.
— Тошкент ахборот технологиялари университети мамлакатимиздаги телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида етакчи олий таълим муассасаларидан бири саналади, — дейди қабул комиссияси аъзоси Дилмурод Давронбеков. — Университетимиз АКТ соҳасида юқори малакали мутахассис кадрларни тайёрлашга ихтисослашган. Жорий йил бизга ҳужжат топшираётганлар орасида бу соҳага қизиқаётган ёшлар сафи кўплиги кишини қувонтиради. Таълим муассасамизга ўтган йили 10 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширган бўлса, улардан 1335 нафари талабалар сафига қабул қилинган эди. Бу йил қабул квотасида 8та таълим йўналиши бўйича 2515 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган. Улардан 835 таси давлат гранти, 1680 таси тўлов-контракт ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда университетимизнинг Қарши, Нукус, Самарқанд, Фарғона, Урганч филиалларида ҳам қабул жараёни қизғин давом этмоқда.
Университетда ҳужжат қабул қилиш дастурий инжиниринг, компьютер инжиниринги, телекоммуникация технологиялари, телевизион технологиялар, ахборот- коммуникация технологиялари соҳасида иқтисодиёт ва менежмент, АКТ соҳасида касб таълими, почта алоқаси технологияси, ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик мутахассисликлари бўйича амалга оширилаётир. Жорий йил юртимизнинг бир неча олий таълим муассасалари қатори мазкур олий ўқув юртида ҳам қабул жараёнларида абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида илк маротаба аризаларни онлайн қабул қилиш тизими жорий қилинди. Бу ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида тизим яратувчиларидан бири Одилжон Бекмирзаевни суҳбатга тортдик.
— Университетимизда бакалавриат ва магистратура учун онлайн ариза топшириш интерактив хизмати йўлга қўйилди, — дейди О.Бекмирзаев. — Биласизки, июль ойидан қабулда навбат кўпайиб кетади. Бу эса ёшларга бирмунча ноқулайлик туғдиради. Бундай вазиятларнинг олдини олиш, қабул комиссияси ҳузурида соатлаб ариза ёзиб, бир-бирини кутиш каби ҳолларнинг олдини олиш мақсадида онлайн қабул тизимини жорий қилдик. Мазкур тизим ҳозирги вақтда бакалавриат абитуриентлари учун http://qabul.tuit.uz ҳамда магистрликка талабгорлар учун http://tuit-magistr.uz электрон манзили остида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Мазкур тизим фойдаланиш учун жуда қулай ва осон. Электрон усулда ариза бериш учун абитуриент дастлаб http://qabul.tuit.uz сайтидан рўйхатдан ўтади. Бунда, албатта, абитуриентнинг электрон почтаси бўлиши зарур. Ҳар бир абитуриент фақатгина битта E-mail орқали рўйхатдан ўтиш имкониятига эга. Рўйхатдан ўтиш тугагандан сўнг кейинги маълумотларни киритиш учун унинг E-mailига тизимга киришни тасдиқловчи код жўнатилади. Кодни тасдиқлаган ҳолда тизимга логин ва пароль орқали кириб барча маълумотларни тўлдиради. Абитуриент барча маълумотлари тўлиқ ва тўғри киритилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, тасдиқлаш тугмасини босган ҳолда маълумотлар киритиш жараёнини якунлайди. Барча тизимга киритилган маълумотлар орқали абитуриентнинг университет ректори номига аризаси, абитуриент қайд варақаси ва йиғма жилди бланкалари автоматик равишда PDF форматда шакллантирилади ҳамда абитуриент топширган йўналишга мос махсус рақам берилади. Абитуриент махсус рақам ва ариза шаклини чоп қилган ҳолда ўзининг ҳақиқий ҳужжатларини қабул комиссиясининг масъул шахсига тақдим этади ва ҳужжатларини топшириб кетиш имкониятига эга бўлади. Қисқаси, абитуриент қабулда ўтириб ариза ёзиб ўтирмайди, шунчаки ҳужжатларини топшириб кетади, холос.
Янги тизимнинг самарали томони қоғозбозлик ишларига ортиқча вақт сарфланмайди. Йигит-қизлар кўпи билан икки-уч дақиқа ичида ўқишга кириш учун аризани тўлдириб электрон қабул тизимида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Қувонарлиси, онлайн тизим ишга туширилганидан кўпчилик абитуриентларнинг хабари бор. Тизимдан, айниқса, чекка вилоятлардан келиб ҳужжат топшираётган ёшлар самарали фойдаланишмоқда.
Қабул жараёнлари давом этаётган жойни кузатдик. Комиссия аъзолари абитуриентларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб беришмоқда. Ота-оналари билан келган ёшлар баннерларда ўтган йилги ўтиш баллари, абитуриентлардан тушаётган аризалар сони, таълим йўналишлари бўйича зарурий маълумотлар билан танишиб чиқишмоқда.
Одина ҚУЛМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири