Янги университет журналистик таълимдаги қандай муаммоларни ҳал этади?
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўз йўналиши бўйича МДҲдаги ягона олий таълим муассасаси, жаҳон журналистика таълимидаги янги тажрибаларни ўзида мужассам этган илмий марказ бўлиши кутилмоқда. Хўш, янги университет олдига қўйилган вазифалар нималардан иборат?
Бугунги кунгача ҳам мамлакатимизда учта олий таълим муассасасида — ЎзМУ, ЎзДЖТУ, ҚДУда журналист мутахассислар тайёрланаётган эди. Бироқ сўнгги йилларда журналистика таълимини тубдан ислоҳ этиш — глобаллашув шароитида фаолият юрита оладиган, замонавий билимларга эга, энг сўнгги медиатехнология имкониятларидан бохабар кадрлар тайёрлашга зарурат сезилаётган эди.
Қолаверса, журналистиканинг бугунги шакл ва мазмуни ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Интернет журналистикаси, реклама, медиадизайн, жамоатчилик билан алоқалар, фуқаролик журналистикаси, блогерлик, медиамаркетинг каби фаолият турлари пайдо бўляпти. Жанрлар қоришуви, универсаллашув ва ихтисослашув кузатиляпти. Бу жараёнлар ҳам журналистика таълими ва фанида ўз аксини топиши лозим эди. Бугун мамлакатимизда ҳар бир ташкилотда матбуот хизматлари ташкил этилди. Бироқ шу кунгача матбуот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишида бакалавр мутахассислар тайёрланмас эди. Таълим муассасаларида интернет журналистикаси фани ўқитилса-да, мазкур йўналишга талабаларнинг ихтисослашуви учун етарли бўлмаётган эди. Боиси, интернет журналистикасида мультимедиавий сторителлинг, лонгрид, сторимэп каби тушунчалар, веб-саҳифа, блог яратиш, унда инфографикадан фойдаланиш каби кўникмалар ҳам зарур бўладики, битта фан уни қамраб ололмайди. Янги университетда эса журналистика (фаолият турлари бўйича): босма оммавий ахборот воситалари журналистикаси, телерадиожурналистика, интернет журналистика, халқаро журналистика, спорт журналистикаси; ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар, медиадизайн, медиамаркетинг ва реклама йўналишларида мутахассислар тайёрлаш белгиланди.
Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида журналистика таълимини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш белгиланди. Мазкур вазифанинг ижроси ҳам журналистика фани ва таълимида шу кунгача мавжуд бўлган бир қатор муаммоларни ҳал этади. Масалан, охирги беш йилда бирорта докторлик диссертацияси ҳимоя қилинмагани, фандаги узоқ сукунат жорий ўқув йилига келибгина иккита докторлик диссертацияси ҳимояси натижасида барҳам топгани, журналистика соҳасида фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш доимий фаолият юритмаслиги каби қатор муаммолар фанни илмий тадқиқ этиш, соҳага юқори малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлашдаги бўшлиқларни кўрсатиб бераётган эди. Бу журналистика соҳасида таянч олий таълим муассасаси йўқлигининг оқибатидир.
Шу кунгача олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ҳам малакали журналист кадрлар тайёрлашга зарур шарт-шароитни яратмас эди. Янги университетда мамлакатимизнинг оммавий коммуникация ва журналистика соҳасида эришган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва ҳудудларда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, тегишли йўналишлар ҳамда мутахассисликлар бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш, шунингдек, ўқув жараёнига замонавий ахборот технологиялари ва масофадан ўқитиш усулларини жорий этиш амалга оширилса, бу каби муаммолар ҳам ўз ечимини топади.
Журналистика — ижодий соҳа. Бу специфик хусусият таълим жараёнида ҳам бир қатор ўзига хосликларни келтириб чиқаради. Бошқа олий таълим муассасалари таркибида туриб ижодий фанларни ташкил этиш ҳам бир қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, ижодий фанлар учун аниқ фанларга қўйиладиган талабларнинг белгилангани, таҳрир маҳорати фанини ўтишда хорижий адабиётлардан фойдаланиш мажбурияти, фан, таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш учун ҳамкорлик ўрнатаётганда натижа — маҳсулот сўралиши ва ҳамкорликда ташкил этилган маҳорат мактаблари ва клублар фаолияти “маҳсулот” бўла олмаган ҳолатлар ҳам кузатилган. Бу бошқа факультетларга қўйилган талабларнинг журналистика факультетлари учун ҳам бирдай белгиланиши, мутахассислик фанларидаги ўзига хосликлар инобатга олинмагани оқибатидир.
Санобар ЖУМАНОВА,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети ўқитувчиси, мустақил тадқиқотчи