Олий маълумотлилар сони қачон ошади?

Синфдаги энг аълочи ўқувчи ўқишга киролмади. Бир неча йил куну тун кўрган тайёргарлигининг самараси бўлмади. Кейинги йили яна ҳужжат топширди. Ундан кейинги йил яна уринди, ундан кейин яна. Ҳеч қандай натижага эришолмади. Ота-онаси бошини эгиб, маҳалла-кўй, қариндош-уруққа “Болам контрактга кирувди, ўқита олмадик”, деб ёлғон гапирди. Сизга таниш манзарами? Барчамиз шунга ўхшаш вазиятларга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Тўғри айтасиз, кучлидан кучли, билимлидан билимли кўп.
Шу ўринда бир нарса аниқ-равшан кўринади: ўқишга кириш жуда машаққатли ишга айланган. Боиси, баъзи таълим йўналишларида талабгорлар бир ўринга йигирматагача етади. Бунинг устига йилдан-йилга олий таълим муассасаларига ҳужжат топшираётганлар сони сезиларли даражада ошмоқда. Масалан, 1995 йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони салкам 94 минг нафар бўлса, 2017 йилнинг ўзида бу кўрсаткич қарийб 730 минг нафарга етди, яъни 7,8 баробар кўпайди. Ҳар йили абитуриентлар сони ошгани, рекорд янгилангани билан мақтанамиз, бироқ уларнинг ҳар 11 нафаридан 10 нафарининг умидлари чилпарчин бўлаётганини эсламаймиз. Илм олиш истагини билдирган 730 минг абитуриентнинг 664 мингдан зиёди талабалик бахтига мушарраф бўлмаслиги ҳақида гапирмаймиз. Тўғри, жорий ўқув йилидан бошлаб оширилган контракт бўйича қўшимча қабул жорий этилди. Бу ҳам ўз самарасини бермоқда.
Яқинда Тошкент давлат юридик университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Мансурхон Камолов оширилган тўлов-контракт бўйича қўшимча қабул қилинган талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари бошқа талабаларникидан юқорироқ эканини айтди. Қизиқ ҳолат. Демак, талаба бўлолмаган ёшларнинг барчаси ҳам билими камлиги учун талабалик бахтидан мосуво бўлмаяпти. Улар ажратилган ўринлар камлиги, махсус имтиёзга эга бўлган абитуриентлар кўплиги, баъзи ўринларда қабул жараёнининг нохолис ўтказилгани сабабли ўқишга киролмаяпти.
Шу ўринда қатор саволлар пайдо бўлади. Ўқишга талабгорлар кўп бўлгани ҳолда нега қабул квоталари кам? Бу борада дунё тажрибаси қандай? Олий таълим тизимининг ёшларни қамраб олиш имконияти шунча камми? Ёки иқтисодиёт тармоқларига олий маълумотлилар керак эмасми? Ишлаб чиқариш малакали кадрларга тўлиб-тошиб кетгану, энди олий маълумотлилар сони кўпайса, уларни ишга жойлашда муаммолар келиб чиқадими? Ўзи қабул квоталари қандай шакллантирилади? Бунинг механизми мавжудми? Хўш, мамлакатимиз аҳолисининг неча фоизи олий маълумотли? Бошқа мамлакатларда бу кўрсаткич қанақа? Мутахассислар кўмагида шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Олий таълим қамрови тор
Давлат статистика қўмитасининг 2016 йилги маълумотларига кўра, республикамизда 25 ва ундан катта ёшли аҳолининг ҳар минг нафаридан 163 нафари олий маълумотли. Баъзи манбаларда берилишича, мамлакатимиз аҳолисининг бор-йўғи 12 фоизи олий маълумотга эга. Ўрта махсус маълумотлиларни қўшиб ҳисоблаганда бу кўрсаткич ўсиши мумкин. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 18,5 миллион ўрта ва олий маълумотли кадр бор. Бу кўрсаткичлар олий таълим қамрови тор эканини намоён этади.
— Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг 2014 йили эълон қилган маълумотларига қараганда, олий маълумотлилар сони бўйича 54 фоиз кўрсаткич билан Россия ва Канада дунёда етакчи ўринда туради, — дейди Лондон университет коллежи Таълим институти(Буюк Британия) ўқув дастурларини тузиш, педагогика ва таълим жараёнларини баҳолаш мутахассислиги магистранти Комил Жалилов. — Кейинги ўринларни Исроил ва Япония эгаллаган (49 ва 48 фоиз). Буюк Британияда бу кўрсаткич 42 фоизни ташкил қилса, Италияда олий маълумотлилар нисбати анча кам — 17 фоиз. Қозоғистон таълим ва фан вазирлигининг 2017 йилда эълон қилган маълумотига кўра, мамлакатдаги меҳнатга яроқли аҳолининг 36 фоизи олий маълумотли. Қирғизистон таълим вазирлигининг 2016 йилги маълумотларида мамлакат аҳолисининг 42 фоизи олий маълумотли сифатида қайд этилган.
ЖАҲОН БАНКИНИНГ СТАТИСТИК МАЪЛУМОТЛАРИГА ҚАРАГАНДА, ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ ТАЪЛИМНИНГ ЯЛПИ ҚАМРОВИ БЎЙИЧА ЕВРОПА ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁ МИНТАҚАСИДА ЭНГ ПАСТ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ.
Жаҳон банкининг 2014 йилда эълон қилинган «Ўзбекистон: олий таълим тизими модернизацияси» номли ҳисоботида (88606-UZ сонли ҳисобот) ҳам олий таълим олиш имкониятлари бўйича ва олий маълумотли аҳоли нисбати бўйича юртимиз минтақавий ва хал¬қаро миқёсда энг қуйи ўринларда эканлиги қайд этилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистонда олий таълим олишга қизиқиш йилдан-йилга кучайиб боряпти. Лекин олий маълумотлилар сони ошмаяпти. Республикадаги мавжуд олий ўқув юртлари, ҳатто хорижий олий таълим муассасаларининг юртимизда фаолият юритаётган филиаллари билан қўшиб ҳисоблаганда ҳам, олий таълимга бўлган эҳтиёжни қоплай олмайди.
Олий маълумотлилар сони ошишида олий таълим муассасаларининг сони ҳам ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Айни кунда мамлакатимизда 32 миллион аҳоли учун 81 олий таълим муассасаси, 15 та ҳудудий филиал, хорижий университетларнинг 7 филиали фаолият юритмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2015-2016 ўқув йилида талабалар сони 260905 нафарни ташкил қилган. Бу кўрсаткични бошқа давлатлар билан солиштирсак, ёрқин тафовут кўзга ташланади. Россияда 607 давлат ва 358 нодавлат олий таълим муассасаси фаолият юритади, уларда жами 4,7 миллион талаба таҳсил олади (аҳолиси тахминан 146 миллион). Қозоғистонда 122 олий ўқув юрти мавжуд ва уларда 496 мингдан ошиқ талаба ўқийди (аҳолиси тахминан 17 миллион). Қирғизистонда 56 олий таълим даргоҳи 230 мингдан ошиқ талабани қамраб олган (аҳолиси тахминан 7 миллион). 2016-2017 йил статистикасига кўра, Буюк Британияда 162 олий таълим муассасаси мавжуд (аҳолиси тахминан 65 миллион). Талабалар сони 2 миллион 300 мингдан ошиқ, шулардан тахминан 440 минги хорижий талабалар эканлигини ҳам таъкидлаш лозим. Ушбу рақамлар олий таълим қамрови бўйича кўрсаткичларимиз нисбатан паст эканлигини тасдиқлайди.
Кадрларга эҳтиёж қандай ўрганилади?
Юзага келган вазиятнинг оқибатини муҳокама қилишдан олдин, сабабларини излаган маъқул. Олий таълимга қамров ҳар йили белгиланган квоталар доирасида амалга оширилади. Бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун қабул квоталарини шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 июндаги “Республика олий ўқув юртларига қабул қилиш параметрларини шакллантириш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган. Мазкур тартибга кўра, Иқтисодиёт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, манфаатдор бошқа вазирликлар, идоралар, акциядорлик компаниялари, ассоциация, банк, йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили иқтисодиёт тармоқлари ва секторларининг олий маълумотли кадрлар билан таъминланишини ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда аниқланган олий таълим йўналиши ва мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистрларга бўлган талабнинг эксперт баҳоланишини амалга оширади.
Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларнинг олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистрларга бўлган реал ва истиқболдаги талаби асосида келгуси ўқув йилига бакалавр ва магистрларни қабул қилиш тизими параметрлари белгиланади. Ҳар йили 1 апрелгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат комиссиясига олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига бакалавр ва магистрларни қабул қилиш бўйича асосланган таклифлар кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Келгусида кадрларга бўладиган талаб ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида юзага келадиган янги иш ўринлари, нафақага чиқувчи мутахассислар сони асосида аниқланади.
— Меҳнат бозори жуда ўзгарувчан, — дейди Иқтисодиёт вазирлигининг таълим ва фан ривожлантириш дастурлари бўлими мутахассиси Антонина Федорова. — Бугунги ҳолат эртангиси билан мос келмаслиги мумкин. Олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ниҳоятда мураккаб жараён. Бунда биз тегишли вазирликларга 4 йилдан кейинги (магистратура мутахассислиги 2 йил) кадр¬ларга бўлган эҳтиёжини сўраб хат жўнатамиз. Улар таълим йўналишлари бўйича талабни белгилаб, жавоб беради. Шу асосда квота бўйича таклиф ишлаб чиқамиз. Баъзи ҳолларда квоталарни ошириш ёки шунчаки квоталарни сақлаб қолиш учун асосланмаган хатлар тайёрлаб келинади. Масалан, битта хусусий корхонага 20 нафар бухгалтер зарурлиги кўрсатилиб, нечта муҳру имзо қўйилган бўлади. Ахир, ишлаб чиқариш тармоғи ўлчовсиз эмас-ку. Бу каби асоссиз таклифлар инобатга олинмайди. Меҳнат бозоридаги ҳозирги ҳолат тўғрисида гапирадиган бўлсак, мактабларда 10-11-синфларнинг ташкил этилиши, касб-ҳунар таълими соҳасидаги ўзгаришлар натижасида касбий таълим мутахассисига талаб кескин камайди. Республикамиз бўйича бор-йўғи 8 нафар касбий таълим мутахассисига талаб бор. Бунга қарама-қарши равишда умумтаълим ўқитувчиларига, мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларига эҳтиёж ошган.
Тармоқдаги корхоналарнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ўрганиш, эшикма-эшик юриб хат йиғиш, янги йўналишлар очиш, уларни ташкил этиш заруратини асослаб бериш, битирувчиларни ишга тақсимлаш барибир олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари зиммасига тушади.
— Янги йўналишларни ташкил этиш бўйича таклифлар етарлича асосланганда, тегишли вазирликлар томонидан эътирозсиз инобатга олинади, — дейди Тошкент давлат аграр университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Соҳиб Исломов. — Университетимиз учун қабул квотаси қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш ва соҳада юқори даражали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, саноатни ҳамда аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида республиканинг вазирлик, идора, корхона ва ташкилотларининг малакали мутахассисларга бўлган реал эҳтиёжлари тўғрисидаги таклифлари асосида шакллантирилади. Қишлоқ ва сув хўжалигининг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжи қопланиши механизми шундай — вазирлик, идора, вазирликлар тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда ҳокимликларга ёзма мурожаат этилиб, улар билдирган таклифлар асосида Иқтисодиёт вазирлигининг қабул параметрларини шакллантириш тўғрисидаги ҳисоб-китоблари ва тегишли жадваллари бўйича ўқишга қабул амалга оширилади. Ҳар ўқув йили учун бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ажратилган қабул квоталари иқтисодиётнинг реал талаблари асосида ишлаб чиқилади.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги тармоғининг балиқчилик, ҳимояланган ер мева-сабзавотчилиги, ветеринария, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш ва сертификатлаш йўналишлари бўйича кадрлар тақчиллиги мавжуд. Мана шу йўналишларда қабул квоталарини оширишга эҳтиёжимиз бор.
Квоталарнинг қай даражада тўғри шакллантирилгани битирувчиларни ишга жойлаштиришда яққол кўзга ташланади. Айни кунда республикамиздаги меҳнат бозори ва таълим хизматлари кўрсатиш конъюнктурасини (ҳолатини) ёритувчи ягона расмий портал яратилмагани, корхона-ташкилотлардаги вакант иш жойларининг ойлик маошлари камлиги, фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги касблари бўйича (масалан, агроном, энтомолог, зоотехник, селекционер, агрохимик ва ҳоказо) лавозимлар жорий этилмагани битирувчиларни ишга жойлаштиришда муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Битирувчи ишга жойлаша олмаса...
Режали тарзда, иқтисодиётнинг реал талаблари асосида шакллантирилган квота доирасида ўқишни битирган ёш мутахассис ишлаб чиқаришда қучоқ очиб кутиб олинмаслиги мумкин. Талабани ишга жойлаштириш учун олий таълим муассасаси аввал уни уч томонлама шарт¬номани бирор идорадан тасдиқлатиб келишга мажбурлайди. Битиргач, ишга жойлашгани тўғрисида маълумотнома, меҳнат дафтарчасидан кўчирма сўрайди. Агар бирор талаба ишга жойлаша олмаса, гуруҳ мураббийи, битирув-малакавий ишига раҳбарлик қилган профессор-ўқитувчига қийин. Ҳар илмий кенгашда унинг бошида “ёнғоқ чақилаверади”.
— Бугунги кунда бу жараёнда масъулият, асосан, бир томонлама, яъни олий таълим муассасаси зиммасида, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим муассасаларининг ўқув ва методик фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Улуғбек Ҳодиев. — Бунинг устига, иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасаларнинг тегишли олий таълим муассасаларига тақдим этилаётган бўш иш ўринлари, яъни кадрларга бўлган эҳтиёж ва буюрт¬малар ҳақидаги ахборотининг ишончлилик даражаси жуда паст. Натижада ишга тақсимланган ёш мутахассисларнинг буюртмачилар томонидан қайтарилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Муаммони ҳал этиш учун ТАЪЛИМ ХИЗМАТЛАРИГА ТАЛАБНИ ЎРГАНИШ, АСОСИЙ ИСТЕЪМОЛЧИ БЎЛГАН ИШ БЕРУВЧИ КОРХОНА, ТАШКИЛОТ ВА МУАССАСАЛАРНИНГ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ, БИТИРУВЧИЛАРНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ УЧУН МАСЪУЛИЯТИНИ БЕЛГИЛАЙДИГАН ҚОНУНЧИЛИК МЕХАНИЗМИ ЗАРУР.
Ривожланган давлатларда қабул квотаси тушунчаси йўқ
— Хориж тажрибасини ўргансак, ривожланган давлатларда қабул квотаси тушунчаси йўқлигига гувоҳ бўламиз, — дейди Комил Жалилов. — Одатда, олий таълим муассасалари белгиланган минимал талабларга жавоб берадиган абитуриент¬ларни ўқишга қабул қилади. Ўқишни истовчилар сони университет имкониятларидан кўпроқ бўлган ҳолларда қабул комиссияси абитуриентнинг мактабдаги ўртача баҳоси, мактабни битириш имтиҳонларида олган баллари, шунингдек, «Нега шу ОТМда ўқимоқчиман?”, “Нега шу касбни танладим?» мавзусида ёзган иншолари асосида қарор қабул қилади. Кўп давлатларда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари мавжуд эмас. Абитуриентлар ўқишга ўрта таълимни битираётганда топшириладиган стандартлаштирилган имтиҳонлар натижаларига қараб қабул қилинади. Қолаверса, олий ўқув юртларининг мустақил фаолият юритиши, академик ва молиявий жиҳатдан эркинлиги, таълим вазирликлари олий таълим муассасалари устидан назорат қилмаслиги ўзаро рақобат, таълим ва илмий фаолият сифатини оширган. Битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласида олий ўқув юрти бош қотирмайди — бозор иқтисодиёти, рақобат шароитида ҳар бир битирувчи ўзи иш излаб топишга мажбур. Бу талабани бўлажак касбини ва таълим йўналишини танлашга жиддий ёндашишга, яхши ўқишга мажбур қилувчи муҳим омил.
Бизда аксар талабалар олий таълим муассасасини соҳага қизиққани учун эмас, кириш бали пастлиги, ўқишга «жойлаштирадиган» танишлари борлиги, ота-онасининг «киришни гаплашиш»га пули етиши каби жиҳатларга қараб танлаши, натижада амал-тақал қилиб ўқишни битириши ва ўз касбини билмайдиган мутахассис бўлиб чиқиши ҳам, афсус билан қайд этиш лозим, айни ҳақиқатдир.
Мамлакатимизда биргина Тошкент Халқаро Вестминстер университетигина квотасини ўзи белгилайди. Квота белгиланишининг ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Аввало, барча жараёнлар каби меҳнат муносабатлари ҳам олдиндан режалаштирилгани маъқул. Қолаверса, олий таълимнинг давлат бюджетидан молиялаштирилиши (бизда барча олий таълим муассасалари давлат тасарруфида) ишни режали тарзда, квоталарни ошириш ҳам меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини бузмаган ҳолда олиб борилишини талаб этади. Яна бир жиҳати, квота ҳам қолип. Жараён бир қолипга тушиб қолади. Дипломли мутахассислар кам бўлгани боис меҳнат бозорида рақобат юзага келмайди, мутахассислар битта иш ўрнини эгаллаганидан кейин боқибеғамликка берилади.
Кадрлар тақчиллигидан ким манфаатдор?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай фикрларни айтган эди: “Айни пайтда юртимиздаги олий таълим муассасаларига юридик мутахассислик бўйича бир йилда 600 га яқин талаба қабул қилинади. Бу жами олий ўқув юртларига қабул қилинадиган талабаларнинг атиги бир фоизини ташкил этади. Ўзингиз айтинг, бу билан давлатимиз ва жамиятимизнинг ҳуқуқшунос мутахассисларга бўлган, тобора ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш мумкинми? Албатта, йўқ”. Чиндан-да, адвокатура, суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрларга талаб юқори. Бу сўнгги пайтда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, туман(шаҳар) маъмурий судлари ташкил қилингани, уларни тўлдириш учун давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг қўшимча 560 штат бирлиги, шу жумладан, 318 та судьялик штат бирлиги ажратилгани фикримизнинг яққол далилидир. “Ягона дарча” марказлари ходимлари юридик маълумотга эга бўлиши зарурлиги тўғрисидаги талаб қўшимча 310 нафар юридик кадрга эҳтиёжни пайдо қилди. Шу билан бирга, ўтган йилги ҳолат бўйича мамлакатимиздаги 1193 хўжалик юритувчи субъектда юристконсульт лавозими мавжуд бўлиб, уларнинг 720 таси вакант ҳисобланган.
1998 йилдан кейинги қабул квоталарини кузатиш жараёнида Тошкент давлат юридик университети (олдинги институт) юриспруденция таълим йўналишига қабул узоқ йиллар давомида 520 нафар этиб “ушлаб турилган”ини кўрдик. Ваҳоланки, бошқа олий таълим муассасалари, бошқа таълим йўналишларида аҳолининг ўсиши, абитуриентлар сони ошишига мувофиқ квоталар ҳам кўпайтирилган. Юриспруденция йўналишида эса бунинг акси. Ўзбекистон Миллий университети, Наманган давлат университети, Самарқанд давлат университети каби олий таълим муассасаларида шу йўналишга қабул тўхтатилган. Мана шу сабабдан юрист касбининг нуфузи ошган. Нуфузи билан бирга, ўқишга кириш “ставкаси”ю юристларнинг хизмат кўрсатиш нархлари ҳам юқорилаган.
Яқинда Адлия вазирлиги юристларни ишга таклиф қилди. Маоши 4 миллиондан 8 миллион сўмгача. Мутахассислар дипломида “юриспруденция” деб ёзилган бўлиши ва яна бир қатор касбий малака билан боғлиқ талабларга жавоб бериши керак. Мана бу ҳам кадрлар етишмовчилиги тасдиғи. Демак, ўқишга талабгор, иш ўрни бор, бироқ квота йўқ. Вазиятни бу ҳолатда ушлаб туришдан ким манфаатдор?
Педагогика соҳасида ҳам олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги кузатилади.Ҳозирги кунда республикамиздаги мактабгача таълим муассасаси, умумий ўрта таълим мактаби, Меҳрибонлик уйи, болалар мусиқа ва санъат мактаби, “Баркамол авлод” болалар маркази, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида 97564 нафар ўрта махсус маълумотли ўқитувчи фаолият юритмоқда. Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 112261 нафар бошланғич таълим ўқитувчисининг 41718 нафари (37,2 фоиз) ўрта махсус маълумотли. Мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган 57974 нафар педагогнинг 36305 нафари (63 фоиз) ўрта махсус маълумотга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимида умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун замонавий ўқитиш усулларини эгаллаган ўқитувчиларни тайёрлаш орқали ушбу муассасаларда таълим-тарбия сифатини ошириш, уларда дарс бераётган ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларнинг олий маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш учун зарур шароитлар яратишни назарда тутади. Махсус сиртқи бўлимларда ўрта махсус маълумотга эга бўлган 5 мингдан ортиқ педагоглар учун олий маълумот олиш имконияти яратилди.
“Таълим шаклларини кенгайтирайлик”
— Олий таълим қамрови ва сифатини ошириш бўйича бир неча йўналишларда иш олиб бориш мумкин, — дейди Комил Жалилов. — Биринчидан, олий таълимнинг турли шаклларини жорий қилиш ва ривожлантириш керак. Мактаб ёки лицей битирувчиси бир-икки йил давомида ўқишга кира олмаса, ке¬йинчалик унинг олий таълим олиш имконияти ниҳоятда тораяди. Чунки иш, оила ташвишлари билан ҳамма ҳам ўқишга вақт ёки маблағ ажрата олмайди. Охирги пайтларда олий таълимда кечки ва сиртқи таълим шаклларининг қайта тикланиши яхши қадам бўлди. Ҳамюртларимизнинг олий таълим олиш имконияти нисбатан кенгайди. Лекин олий таълим фақат талаба ва ўқитувчининг юзма-юз мулоқотидан иборат бўлиши шарт эмас. Бутун дунёда таълимнинг масофавий тури ривожланмоқда. ХОРИЖДА ОЛИЙ ТАЪЛИМНИ БЕЛГИЛАНГАН УЧ ЁКИ ТЎРТ ЙИЛДА ОЛИШ ШАРТ ЭМАС. АКСАР ДАВЛАТЛАРДА КРЕДИТ ТИЗИМИ АМАЛ ҚИЛАДИ. ТАЛАБА БЕЛГИЛАНГАН КРЕДИТЛАРНИ ЙИҒИБ БЎЛГАНДАН КЕЙИН БАКАЛАВР ЁКИ МАГИСТР ДАРАЖАСИНИ ҚЎЛГА КИРИТАДИ. Семестр давомида ўқитиладиган ҳамма фан(модул)ларни ўзлаштира олмайдиган талаба эса камроқ фан ўқиши мумкин. Бир семестрда ўқий олмаганларини кейинги семестрларда ўзлаштиради ва унинг университетни битириш муддати бироз чўзилади. Олий таълим олишнинг бундай шакли оилалилар, ишлаётганлар, шунингдек, шартнома пулини тўлашда қийналаётганларга жуда қўл келади.
Иккинчидан, касб-ҳунар таълимининг нуфузини ошириш лозим. Ҳаммани олий таълимга қамраб олиш имконсиз. Юртимизда касб-ҳунар ўргатишнинг янги моделига ўтилмоқда. Энди 9-синфни битирганлар коллежларда мажбурий ўқитилмайди. Ўқувчи ўрта таълимни ўтагач, ихтиёрий равишда, ўзига керак соҳа бўйича коллежда ўқиши мумкин. Тан олиш керак: ҳамма ёппасига 9-синфдан кейин касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда ўқитилган пайтда аксар коллежларнинг обрўси йўқ эди. Бу ҳам олий таълимга бўлган талабнинг асоссиз кучайишига таъсир қилган. Аҳолида «Олий маълумотинг бўлмаса, яхши иш топа олмайсан» деган тушунча шаклланган. Германия ёки Швейцарияда касб-ҳунар таълими ниҳоятда қадрланади. Швейцария касб-ҳунар таълими тизими ҳатто айрим илмий адабиётларда «олтин стандарт» деб таърифланади. Бу мамлакатда мактаб битирувчиларининг 70 фоизи олий таълимни эмас, айнан касб-ҳунар таълимини танлайди. Сабаби, касб-ҳунар таълими муассасалари иш берувчилар — йирик корпорациялар, машҳур компаниялар билан биргаликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, айнан эгалланадиган мутахассислик учун керакли кўникма ва малакани шакл¬лантиради. Таълим иш берувчи билан ҳамкорликда, асосан, иш берувчининг базасида олиб борилади. Аксар иш берувчилар битирувчиларни олиб қолиб, иш билан таъминлайди. Касб-ҳунар таълими муассасасини битирган, муайян иш тажрибасига эга мутахассисларнинг ўз ихтисослиги бўйича олий таълим олиш имконияти кенгаяди. Олий таълим олишда қатор имтиёзларга эга бўлади. Масалан, ўқиш муддати қисқаради. Ўзбекистонда ҳам бу борада яхши тажриба мавжуд: коллежни битирган, ўз йўналиши бўйича муайян иш стажига эга шахслар учун махсус сиртқи бўлимлар очилган. Энди юридик коллеж битирувчилари Тошкент давлат юридик университетига тест синовларисиз қабул қилиниб, уч йиллик бакалавриатда ўқиши мумкин.
Ечим янги ОТМлардами?
Сўнгги бир йилда мамлакатимизда ўнга яқин олий таълим муассасаси ва уларнинг филиали ташкил этилди: Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали, Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали, Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиали, Термиз давлат университети Денов филиали, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали, Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиали.
Шулар қаторида Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институтининг, Тошкент шаҳрида эса АҚШнинг Вебстер университетининг филиалларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Олий таълим муассасаларида иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди. Қолаверса, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Ўзбекистон журналистикаси ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. Бу олий таълим қамровини кенгайтириш, олий маълумотлилар сонини оширишда катта аҳамиятга эга бўлади.
2017—2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурида мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли параметрлари белгиланган. Унга кўра, 2021 йилга бориб квоталар 2016 йилга солиштирганда гуманитар соҳа бўйича 18,4, ижтимоий соҳа, иқтисод ва ҳуқуқ бўйича 3,5, ишлаб чиқариш ва техник соҳа бўйича 32,8, қишлоқ ва сув хўжалигида 38,5, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот йўналишида 25,7, хизматлар соҳасида 39,7 фоизга ошиши белгиланган. Бу 2021 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади. Агар мана шу ҳисоб-китобга қарайдиган бўлсак, 2018 йилда 66877 нафар абитуриент ўқишга қабул қилиниши керак. Фикримизча, жорий йил учун бу кам. Бу йил 810 минг абитуриент ҳужжат топшириши кутилмоқда. Квоталарнинг кўпроқ ажратилиши шунча ёшлар тақдирини ҳал этади. 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида эса олий таълим муассасаларига қабул квоталарини 2018-2019 ўқув йилида 2017-2018 ўқув йилига нисбатан камида 20 фоизга ошириш кўрсатилди. Бу фуқароларнинг олий таълим олиш имкониятларини кенгайтиради.
* * *
Бу мавзуни кўтариш орқали ўқишга топширган барча ёшлар талабаликка қабул қилиниши керак, деган фикрдан йироқмиз. Балки интилувчан ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилиши тарафдоримиз. Зотан, касб эгаллайман, илм оламан деган салоҳияти юқори ёшлар ўқишга киролмай, шашти қайтиб, ҳаётда ўрнини тополмай, чет элма-чет эл сарсон бўлмасин.
Юқоридаги таҳлилларда олий таълим муассасаларига қабул жараёнида “иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги мутахассисларга бўлган реал талаб ва эҳтиёж асосида номи остида нореал квоталар шакл¬лангани кўринди. Олий таълим тизими меҳнат бозори талабларини сон ва сифат жиҳатдан тўла қондира олмаяпти. Бир неча йиллаб қаттиқ тайёргарлик кўрганига қарамай, ўқишга киролмай юрган йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этгани ҳолда, ишлаб чиқаришда кадрлар етишмовчилиги мавжуд. Демак, ёшларни ўқишга кўпроқ қабул қилган маъқул. Бу орқали мавжуд “вакант” бўшлиқлар тўлиб, меҳнат бозорида ижобий маънодаги рақобат, соҳаларда эса мутахассислар салоҳиятига мос ҳолда янада ўсиш кучаяди. Дипломи бор, битта столни эгаллади, бўлди, деган тушунчалардан воз кечилади. Ёшлар қандай қилиб бўлса-да, диплом олишга интилмайди, ўзлари яхши кўрган, қизиққан соҳаларига ўқишга киради. Талабгор камроқ бўлган йўналишларни қидирмайди. Энг муҳими, илмга ташна миллатнинг зиёли қатлами кўпаяди, олий таълим тизимида билим олиш, касб эгаллаш имкониятлари кенгайиши орқали мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил сиёсат янги босқичга кўтарилади.
Санобар ЖУМАНОВА