Олий таълимда кредит тизими
Замонавий мутахассисдан касбий компетентлилик ва ноодатий вазиятларда қарор қабул қилиш, жамоада ишлаш, ахборотни мустақил олиш, таҳлил қилиш, самарали фойдаланиш, ўзгарувчан вазиятларга мослашувчанлик талаб этилади. Бу сифатларга эга мутахассисни тайёрлаш эса олий таълим муассасалари олдида турган долзарб масалалардан. Ўқитишнинг кредит тизими санаб ўтилган жиҳатларга эга кадрларни тайёрлашга кенг имконият яратади. Қулай ва самарадор мазкур тизим меҳнат бозорининг ўзгарувчан эҳтиёжини қопловчи механизм сифатида намоён бўлади, яъни олий ўқув юртлари битирувчиларининг академик ҳаракатчанлигини таъминлайди. Кредит тизимининг аҳамияти шундаки, академик дастурлар меҳнат бозори талабларига мос ҳолда тузилади. Ўқув режадаги фанларнинг 50 фоизи танлов фани бўлиб, ўқув жараёнига ахборий тизимлар жорий этилади. Шунингдек, талабаларни ўқитиш ва меҳнат бозорига тайёрлашга индивидуал ёндашилиб, улар мустақил таълим олишга йўналтирилади. Индивидуаллашган ва дифференцияллашган ўқитиш тизими таълим муассасаларининг муқобиллиги, ўқув-дастурий ҳужжатларнинг ҳаракатчанлиги, ўзгарувчан ижтимоий-иқтисодий шароитга мослашувчанлигига асосланган.
Кредит технологияси мураккаб тизим. Унинг муваффақиятли ишлаши кўплаб омилларга, жумладан, ўқув-моддий таъминот, халқаро стандартларга жавоб берадиган таянч дарслик, талабаларнинг мустақил ишлашини ташкил этиш учун муайян шарт-шароит(компьютер синфлари, видеозаллар)га боғлиқ. Ўқитишнинг кредит тизимида олий таълим муассасаси ўқув жараёнида барча зарур ахборот манбалари: ўқув ва услубий қўлланма, электрон дарслик, тарқатма материаллар, тармоқ таълим ресурсларига кира олиш имконияти мавжудлиги муҳим ҳисобланади.
Хўш, Ўзбекистон олий таълимида кредит тизимини жорий этиш қандай самара беради? У қай даражада истиқболли? Ўз-ўзидан маълумки, Ўзбекистон таълим тизими динамик равишда ривожланиши ҳамда глобаллашув ва ахборотлашув жараёнига муносиб жавоб бера олиши керак. Шу сабаб зарур ахборотни мус¬тақил топадиган, унга ишлов бериб, таҳлил қиладиган ва ундан самарали фойдаланадиган мутахассисларни шакллантиришда ўқитишнинг кредит тизимини кенг татбиқ этиш лозим.
Ғарблик ҳамкасбларимиз айни кундаги давлат таълим стандартимизни “раҳбарлик қилувчи” стандарт деб номлашади. Бу эса таълим мазмуни ишлаб чиқариш ва илм-фандаги замонавий тараққиёт туфайли юзага келаётган тезкор ўзгаришлар билан баробар қадам ташлай олмаётганини кўрсатади.
Бундай ўзгаришлар таълим стандартларининг амал қилиш муддатига ҳам таъсир ўтказади. Демакки, анъанавий тизим ўзини тўла оқламаяпти, халқаро стандартларга мослашиш учун олий таълимда кредит тизимини жорий этиш керак. Бу борада ҳаракатлар бошланган.
2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож¬лан¬тиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, олий ва олий таълимдан кейинги таълим тизимида Ўзбекистоннинг Болонья жараёнига қўшилишига шарт-шароитлар яратилади ва ўқув жараёнига анъанавий тизим ўрнига кредит тизими киритилади. Ўзбекистоннинг Болонья жараёнига қўшилишининг зарурати таълим соҳасида рўй бераётган объектив воқеликлар билан боғлиқдир. Халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти бўлган Ўзбекистон ҳозирги халқаро тараққиёт тенденцияларидан четда тура олмайди. Мамлакатимизнинг Болонья жараёни таълим тизимига қўшилиши хорижий мамлакатлар билан олий таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришни таъминлайди.
Бунинг натижасида жорий этиладиган кредит тизими эса талабаларнинг мустақил ишлашини рағбатлантиради. Индивидуал таълим йўналишининг танлов имкониятини, бакалавр, магистр ва докторантларнинг академик эркинлигини таъминлашга ёрдам беради.
Кредит тизимида дарс интерфаол шаклда ўтилади ва ҳафта давомида талабани мустақил ишлашга йўналтиради. Ҳафта охирида ҳар бир ўқитувчи машғулот натижаларини жамлайди ва талабалар ҳафталик рейтинги билан танишади. Шундай қилиб, таҳсил олувчи ўз йўналиши муваффақиятидаги ўсиш ёки тушишни кўриши мумкин. Талаба бир марта яхши тайёрланмай, кам балл олса, унинг ўртача баҳоси тушиб кетади. Талабанинг маъруза, семинар машғулотларига келмасдан, имтиҳондан аввал эса ҳамма материалларни ёдлаб ёки имтиҳонда тасодифан таниш савол тушиб, имтиҳондан ўтиши ҳолатлари учрамайди.
Кредит технологияси таълим олувчиларга ишчи ўқув режага киритилган танлов фанларини танлаш, бу орқали индивидуал ўқув режасини шакллантиришда бевосита иштирок этиш ҳуқуқини беради. Нафақат фанлар, балки профессор-ўқитувчиларни ҳам танлаш эркинлиги берилади. Баъзи ўқитувчилар уларни талаба танламаса, бу ҳолатни жуда оғриқли қабул қилади. Биринчи курс талабалари ҳали педагогларни танимайди. Юқори малакали, аммо қаттиққўл ўқитувчининг талабаларсиз қолиш хавфи ҳам бор. Бироқ орадан вақт ўтиб, ҳаммаси ўз жойига тушади — талабалар талабчан, аммо яхши тайёрлайдиган ўқитувчини танлайди.
Талабаларга фанларни танлаш имконияти берилиши ижобий ҳол. Бироқ биринчи курс талабалари ўз имкониятини яхши чамалай олмайди. Шунинг учун икки-учтадан ортиқ қўшимча фанларни танламайди. Баъзи талабалар юқори курсларда ҳам ўзларини ортиқча уринтирмасдан, иккита фанни танласам, етарли, деб ҳисоблайди. Аммо иш берувчи ёш мутахассисни ишга қабул қилаётганда унинг билим доираси кенглиги, меҳнатсеварлиги билан қизиқади. Кимдир молия мутахассисига маданиятшунослик, мантиқ ёки диншунослик нима учун керак, дейиши мумкин. Гап шундаки, мутахассис ҳар томонлама чуқур билимли бўлгани маъқул. Шунинг учун кредитлар ҳеч қачон ортиқча бўлмайди. Агар талаба дангаса бўлмаса, тўрт йил давомида қўшимча яна бир ихтисосликни эгаллайди. Айнан мана шу имконият туфайли талаба олий таълим муассасасини муддатидан олдин тугатиши мумкин. Айниқса, ёзги семестрлар ўқув дастурларидаги фарқларни бартараф қилиш, қўшимча равишда ўқиб-ўрганиш, тезлаштирилган эҳтиёжларни қаноатлантириш учун ташкил этилади.
Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида ўқитишнинг кредит тизимини жорий этиш натижасида фанлар бўйича билимларни унификациялаш (бирхиллаштириш), баҳолашда субъективликни бартараф этиш, педагогларнинг ўз устида кўпроқ ишлаши, рақобат муҳитини яратишга эришилади.
Янги тизимга ўтишда муаммолар ҳам келиб чиқиши мумкин. Масалан, баъзи ўқитувчиларнинг янги талабларга мослашиши қийин. Янги ўқув-методик материалларни тайёрлаш юкламанинг ортишига сабаб бўлади. Ўқув юкламасини ҳисоблаш методикаси ҳам ноаниқ. Ўқитишнинг инновацион технологияларини жорий этиш ва уларни такомиллаштириш билан боғлиқ қўшимча харажатлар ҳам келиб чиқади. 1-курс талабаларининг мустақил ишлашга масъулияти етарли эмас. Бу, айниқса, дастлабки босқичда, яъни семестр бошида сезилади.
Олий таълим муассасаси талабани илмий манбалар билан ишлаш ва чексиз ахборот оламида адашмасликка ўргатади. Ўқитувчи билимлар уммонида компас вазифасини бажаради. Янгича ёндашув таҳсил олувчиларнинг мустақиллиги, ижодий фаоллигини оширишга имкон беради. Олий таълимдаги ўқув режа ва дас¬турларда мослашувчанликнинг йўқлиги, талабалар ўқув юкламаларининг кўплиги, ишлаб чиқаришдан ажралганлик каби салбий таъсирларни бартараф этади. Кредит тизимини жорий этиш таълим фалсафасининг ўзгариши, яъни ўзлаштиришни назорат қилувчи турдан ўзини ўзи назорат қилувчи — рағбатлантирувчи турга ўтишни англатади.
Маълумки, талабаларда ёшига хос хусусиятлар кўзга ташланади. Улар руҳиятидаги ўзига хосликлар романтизм, ўзини кўрсатишга интилиш, бошқаларнинг фикрига нисбатан қатъийлик ва тоқатсизлик, тўлиқ мустақилликка эҳтиёж, шу билан бирга, ҳаётий тажрибанинг етишмаслигида намоён бўлади. Ўқиш даврида шахсга айланиш ва дунёқараш шаклланиши, комилликка интилиш, қизиқишларнинг чуқурлашиши, ҳаёт йўлини онгли танлаш рўй беради.
Фикримизча, кредит тизимини жорий этишда миллий менталитетимиз ва ёш билан боғлиқ хусусиятларни инобатга олган ҳолда талабаларнинг маънавий-маърифий жиҳатдан ривожланишига етарлича эътибор бериш лозим. Бунинг учун олий таълимда ўқув ва тарбия жараёнини уйғун олиб бориш, олим, ўқитувчининг ижтимоий мавқеини ошириш, яъни талабаларнинг уларга ҳавас қилиши, эргашишига эришиш мақсадга мувофиқ.
Шундагина ўқитишнинг кредит технологияси ёрдамида юксак маънавиятли, ижодкор, ноодатий фикрлайдиган, инновация ва ташаббусларга бой мутахассисларни етиштиришга эришилади.
Ботир УСМОНОВ, Тошкент ахборот технологиялари университети илмий ишлар бўйича проректори