Ижодий имтиҳон ҳақиқий истеъдодлиларни танлаш имконини беради
Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида бу йилдан бошлаб абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этадиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги 18 таълим йўналишига қабул қилиш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилади. Ушбу бакалавриат таълим йўналишлари мавжуд бўлган олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 10 июлда тўхтатилиб, ижодий имтиҳонларга тайёргарликлар бошланади.
Ўзбекистон давлат консерваторияси ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган олий ўқув юртларидан бири.
— Президентимизнинг 2017 йилнинг 8 августидаги “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида муассасага қабул қилиш квоталарида номутаносиблик вужудга келгани, ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган касбий(ижодий) кириш имтиҳонларига ўзгартиришлар киритиш масаласига алоҳида урғу берилган, — дейди консерватория қабул комиссияси масъул котиби Фарҳод Абдуллаев. — Дарҳақиқат, республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларининг кадрлар билан таъминланиш даражаси таҳлил этилганда тўрт минг нафар олий маълумотли мутахассисга талаб мавжудлиги аён бўлди. Ана шу муаммони босқичма-босқич бартараф этиш мақсадида консерваторияда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб чолғу ва вокал санъати ижрочилиги бўйича касбий таълим йўналиши очилди. Мазкур йўналишда таҳсил олган ёшлар педагогика институтларини шу мутахассислик бўйича тугатган ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, умумий ўрта таълим масканларида эмас, айнан болалар мусиқа ва санъат мактабларида фаолият юритади. Айни пайтда улар созанда, хонанда сифатида ижодий фаолият олиб бориши мумкин. Янги йўналишга қабул қилинадиган талабаларга ҳар томонлама мукаммал билим бериш учун давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари ишлаб чиқилди.
Консерваториянинг касбий таълим, мусиқий овоз режиссёрлиги йўналишларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлардан ташқари бошқа барча бакалавриат таълим йўналишларида ўқишни орзу қилган йигит-қизлар ўз иқтидор ва имкониятларини ижодий имтиҳонларда синовдан ўтказади.
Ўтган йиллар давомида ижодий синовлардан бор-йўғи 10 балл тўплаб, тестнинг “кучи” билан ўқишга кириб, ўртамиёна мутахассислар етарлича етишиб чиқди. Ижодий имтиҳонлар бундай ҳолатларга барҳам бериб, ҳақиқий истеъдод соҳибларини кашф этиш ва камолга етказишга хизмат қилиши керак, аслида. Бу хусусда абитуриентларга атрофлича тушунча бериш учун Ўзбекистон давлат консерваторияси сайтида “Абитуриентларга” саҳифаси мунтазам янгиланяпти. Шунингдек, режа асосида етук профессор ўқитувчилар иштирокида “Маслаҳат кунлари” ташкил этилаётир. Синовларнинг шаффофлигини таъминлаш учун ҳар бир абитуриентнинг ижро дастурлари видеоёзув мосламалари орқали алоҳида-алоҳида ёзиб борилади.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти жамоаси ҳам ўқитиш самарадорлигини ошириш, ҳар томонлама етук мутахассисларни тайёрлашга эришиш мақсадида қабул жараёнига пухта ҳозирлик кўрди. Жумладан, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб “Ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик” таълим йўналишининг номи “Кутубхона ахборот фаолияти” дея ўзгартирилиб, ўқув режа ва малака талаблари қайта ишлаб чиқилди. Шунингдек, театр санъатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, Президентимизнинг соҳа ходимлари билан учрашувлардаги таклифлари асосида “Актёрлик санъати (фаолият турлари бўйича)” махсус сиртқи бўлими ташкил этилди.
— “Касб таълими (фаолият турлари бўйича)”, “Вокаль ижрочилиги”, “Санъатшунослик (турлар бўйича)”, “Актёрлик санъати (турлар бўйича)”, “Режиссёрлик санъати (турлар бўйича)”, “Халқ ижодиёти (турлар бўйича)” йўналишларига кириш имтиҳонлари ижодий синовлар тарзида ўтказилади, — дейди институт қабул комиссияси масъул котиби Абдурасул Ўрозов. — Жараённи ҳар томонлама уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида таниқли санъатшунос олимлар, театр санъати усталари, Ўзбекистон халқ артистларини таклиф этганмиз. Белгиланган мезонларга биноан, ҳар бир абитуриентнинг йўналишларга монанд истеъдоди, нутқ маданияти, билимини намоён этиши инобатга олиниб, жараёнлар видеотасмаларга ёзиб олиниб, институт архивида сақланиши кўзда тутилган.
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида ҳам қабул жараёни анча соддалаштирилиб, абитуриентлар учун имкониятлар яратилган. Яъни аввалги йиллардагидек ҳужжат топширувчилардан маҳалла томонидан бериладиган маълумотнома талаб этилмаяпти.
— Ўтган йили мактабимизга “Хореография (хореография жамоалари раҳбари, хореография педагогикаси), “Санъатшунослик” йўналишларига юз нафар талаба қабул қилинган эди, — дейди олий мактаб қабул комиссияси масъул ходими Мансур Шукруллаев. — Янги ўқув йилида сиртқи бўлим ташкил этилгани бу рақамнинг 125 нафарга етишига имкон берди. Айниқса, ўқишга кириш ижодий имтиҳонлар асосида ташкил этилиши ўзбек миллий рақс санъати келажакда янада ривожланишига замин яратади.
— Санъатшунослик йўналиши битирувчисиман, — дейди Нурбек ўафуров. — Олий мактабда ўқиш, амалий машғулотлар, кузатиш ва ўрганишларим асосида амин бўлдимки, бу даргоҳ таҳсилини олувчилар нафақат билимли, балки рақс санъатига қалбан боғланган ва муҳаббат қўйган, айни пайтда қадди-қомати, ҳатто қадам ташлашию, ҳис этиш ва кўнгил кечинмаларини изҳор эта олиш каби хислатлари ҳам орзу-умидларига монанд бўлмоғи зарур.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири