«Ўсимликлар клиникаси» мўл ва экологик тоза маҳсулотлар етиштиришга хизмат қилади
Агросаноатни ривожлантиришга қаратилган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни янада такомиллаштириш, ҳосилдорликни ошириш борасида янгича ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш соҳа мутахассислари, олимлар олдидаги долзарб масалалардан. Айниқса, вегетация даврида ўсимликларни турли зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш борасида инновацион ечимларни ишлаб чиқиш — бугуннинг талаби. Тошкент давлат аграр университети ректори, биология фанлари доктори, академик Ботиржон Сулаймоновнинг “Йўл харитаси”да соҳадаги қатор вазифалар қатори қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг республикамиз иқлим шароитига мос замонавий тизимини ишлаб чиқиш белгиланган.
— 2018 йили мамлакатимиз умумий экин майдонининг 40 фоизи пахтачиликка, 38 фоизи бошоқли дон экинларига ажратилиб, қолган 104,2 минг гектарида сабзавот, 268,4 минг гектарида ем-хашак экинлари, шунингдек, картошка, полиз, соя, шоли ва бошқа экинлар етиштирилиши назарда тутилаётир. Бу эса республикамизнинг барча ҳудудларида “Ўсимликлар клиникаси”ни ташкил этишни талаб этади, — дейди академик Ботиржон Сулаймонов. — Айни пайтда шахсий томорқалар майдони республикамиз бўйича 500 минг гектардан ортиқ бўлса-да, ўсимликлар ҳимояси тизимига киритилмагани мўл ва сифатли ҳосил олишда жиддий муаммолар келтириб чиқараётир. Шунингдек, аҳолининг ўсимлик зараркунанда ва касалликлари бўйича етарли маълумотга эга эмаслиги туфайли кўплаб кимёвий воситаларни нотўғри қўллаш кузатилмоқда. Оқибатда томорқадаги экинларнинг 35—40 фоизи шу туфайли нобуд бўлиши аниқланди. Муаммони ҳал этиш мақсадида АҚШ, Англия, Германия, Голландия каби қатор ривожланган мамлакатлар тажрибаси ўрганилди.
Мазкур клиника республикамиздаги барча маҳаллаларда ташкил этилади. У орқали зарарли ҳашоратлар ва ўсимлик касалликларининг тарқалиш, ривожланиш ҳолати ўрганилиб, назорат қилинади. Ўсимликларнинг зарарланиш даражасини аниқлаш ҳамда унинг олдини олиш, чидамли экин турларини экиш бўйича тавсиялар бериш, уларга қарши самарали (биологик, кимёвий) курашиш чораларини кўриш, аҳоли томорқаларида етиштирилган маҳсулотлар сифатига хулоса бериш каби хизматлар кўрсатилади.
Қиймати 100 миллион сўмни ташкил этаётган ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилишига замин ҳозирлайди. Бугунги кунда ушбу хизмат тури Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Андижон, Наманган вилоятларида ташкил этилди. Масалан, Фарғона водийсида ғўза тунлами энг кўп зарар келтиради. “Ўсимликлар клиникаси” фаолияти доирасида мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида айнан шу шароитга тўғри келадиган ғўза тунламига қарши такомиллаштирилган кураш усулини ишлаб чиқиш ҳамда шу ҳудудга мос бўлган трихограмманинг янги турини кўпайтириб, жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.
Б.Сулаймоновнинг “Йўл харитаси”да ҳудудий ва соҳа муаммоларини ҳал этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган. Масалан, жанубий вилоятларда ўсимликларга жиддий зарар етказаётган беда қандаласига қарши Сурхондарё вилояти бўйича Термиз, Денов, Қашқадарё вилояти бўйича Чироқчи ва Қарши туманларида уйғунлашган ҳимоя тизимини ишлаб чиқиш юзасидан илмий семинарлар ўтказилди. Шунингдек, интенсив боғлар ташкил этиш, кўчатларни талаб даражасида парваришлаш, зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, замонавий технологиялар асосида янги сабзавот ва экин турларини етиштиришда фермер хўжаликлари, шахсий томорқа эгаларига илмий-амалий ёрдам кўрсатиляпти. Беруний туманида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти учун, Қарши туманида Қашқадарё, Бухоро, Сурхондарё вилоятлари учун, Улуғнор туманида Фарғона водийси учун Индонезия технологияси асосида аччиқ қалампир етиштириш ва уни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш масалалари ўрганилаётир.
Академик “Йўл харитаси”га киритилган яна бир муҳим йўналиш — мевачилик ва сабзавотчиликда ўсимликларни комплекс ҳимоя қилиш тизимини ишлаб чиқиш. Шу мақсадда устоз раҳбарлигида бир қатор илмий изланишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Расул Жумаевнинг “Энтомофагларни in vitro усулида кўпайтириш” мавзусидаги тадқиқоти қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалардан ҳимоя қилишда биологик усулни қўллашни янада такомиллаштириш, экологик тоза маҳсулотлар етиштиришга қаратилган. Ушбу технологиянинг ишлаб чиқилиши натижасида республикамиздаги 750 дан ортиқ биолабораторияларда сарф-харажатлар 60 фоиз, иш кучи 3-4 баробар тежалишига эришилади. Умида Исашева эса “Сабзавот экинларида ғовакловчи пашшалар ва уларга қарши кураш усулларини такомиллаштириш” мавзуси бўйича Андижон вилоятида тадқиқот олиб бормоқда. Изланишлар натижасида ушбу зараркунанда туфайли йўқотилаётган ҳосилнинг 35—40 фоизини сақлаб қолиш имконияти яратилади. Мадина Раҳмонованинг “Олма қурти биологияси ва унга қарши кураш чоралари” мавзусидаги тадқиқоти мевали боғларда олма қуртининг зарарини камайтириш ва унга қарши самарали кураш усулларини ишлаб чиқишга қаратилган. Бунинг натижасида ҳосилни 85–90 фоизгача бешикаст сақлаш мумкин.
Ресурстежамкор инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш ҳам академик раҳбарлигида олиб борилаётган ишлар қамровига киради. Жумладан, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилояти ҳокимликлари билан ҳамкорликда олтинкўз энтомофагини кўпайтириш ва қўллашнинг автоматлаштирилган усули жорий этилиб, энтомофагларни етиштириш харажатларини 20–30 фоиз камайтиришга, пахтадан 3-4, помидордан 23-33 ц/га ҳосилни сақлаб қолишга эришилади. Трихограммани энг замонавий in vitro усулида жорий этиш ва тизимли равишда кўпайтириш натижасида харажатни амалдаги усулга нисбатан 45 фоизгача камайтиришга эришилади. Натижада экологик тоза маҳсулот етиштириш ва экспорт қилиш ҳажми сезиларли даражада ошади. Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “БЕК” кластерига қарашли 13 минг гектар майдонда зараркунандаларга қарши курашнинг биологик усули тўлиқ жорий этилди.
Академик Ботиржон Сулаймонов илм-фан равнақига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга олимлар сулоласини етиштириб, таълим тизимидаги кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этаётир. Университетда Республика ёш энтомологлар тўгарагининг қайта ташкил этилгани ёшларнинг соҳага қизиқишини оширяпти. Домланинг ихтисослиги бўйича шу йилнинг ўзида 1 нафар фалсафа доктори (PhD), 1 нафар фан доктори (DSc) тайёрланмоқда. Шунингдек, устоз Тошкент давлат аграр университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича 6 та қишлоқ хўжалиги ихтисослиги бўйича илмий кенгаш раиси.
— Университет қошида жаҳон тажрибасида илк бор қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистон-Хитой Конфуций институтини ташкил этиш ҳамда Германиянинг НАМО илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти” йўналиши докторантураси, Россия билан ҳамкорликда балиқчиликни ривожлантириш учун Астрахань техника университети филиалини очиш, B-UzNet, ERASMUS лойиҳаси доирасида халқаро симпозиум ўтказиш, шунингдек, Германиянинг Ваинштефан-Триездорф, АҚШнинг Мичиган ва Огайо штатлари, Индонезиянинг Богор, ФАО, USAID, Вьетнам миллий, Япониянинг Хиросаки университетлари ҳамда бошқа бир қанча нуфузли халқаро ташкилотлар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда, — дейди академик.
“Йўл харитаси”да кўрсатилган вазифалар бевосита университет ҳаёти билан чамбарчас боғланиши табиий. Хусусан, ҳозиргача тайёрланаётган мутахассислар факультет бўйича умумий ихтисосликка эга бўларди, яъни битирувчининг дипломига “олий агроном” ёки “зоотехник” деб ёзиларди. Агрономия эса пахтачилик, дончилик, мойли ўсимликлар, ем-хашак ва бошқа экин гуруҳларига бўлинади. Зоотехнияда ҳам йирик шохли чорвачилик, қўйчилик, эчкичилик, йилқичилик, туячилик, қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишлари мавжуд. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, учинчи босқичдан талабалар ўзи ёқтирган ва яшаш ҳудудида талаб этилаётган тор ихтисосликка йўналтирилиб, кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини шакллантириш устида иш олиб борилаётир. Халқаро тажрибаларга ижодий ёндашган ҳолда бундан кейин битирувчилар дипломига дейлик, “олий агроном” қавс ичида “Пахтачилик, дончилик...”, зоотехнияда эса “Чорвачилик, паррандачилик, йилқичилик, балиқчилик...” ва бошқа махсус тор ихтисослик кўрсатилади. Зеро, бугун соҳаларни жадал ривожлантириш даври ўз ихтисослиги бўйича юқори билимга эга бўлган ёш кадрлар тайёрлаш зарурлигини кўрсатаётир.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири