Фондимизда ўрганилмаган қўлёзмалар кўп уларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш ишлари жонланди
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида 26 мингдан ортиқ қўлёзма, 39 мингта тошбосма китоб, 10 мингга яқин тарихий ҳужжат сақланаётган бўлиб, уларнинг катта қисми ҳали ўрганилмаган. 75 йиллик тарихга эга муассасамизда ҳар жиҳатдан етук мутахассислар жамланган. Аммо бир манба устида ишлаш узоқ вақт ва машаққатли меҳнат талаб этгани учун ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўп.
Шу боис Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган қўлёзмалар фондига эга мазкур институт фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган эди.
Ўтган йили Президентимиз қарори асосида муассасамиз яна Фанлар академияси таркибига қайтарилди. Айниқса, барча қулайликларга эга, жаҳон андозаларига мос янги бинонинг берилиши жамоага кўтаринки кайфият улашди. Иншоотни лойиҳалаштириш, қуриш жараёнида институтимиз олимларининг ҳам фикр ва таклифлари эътиборга олинди. Натижада бинони йил бўйи бир хил намлик ва 18 даража илиқ ҳарорат билан таъминлаш тизими йўлга қўйилди.
Институт фондини янада бойитиш учун республикамизнинг турли ҳудудларида махсус археологик экспедициялар ташкил этилди. Аҳоли қўлидаги манбалар баҳолаш комиссияси хулосаси асосида сотиб олиняпти. Аниқланган нодир манбани эгаси ўзида сақлашни истаса, ушбу манба ҳақидаги маълумотлар жамланиб, институт базасига киритиляпти. Шунингдек, мутахассисларимиз томонидан республикамиздаги қўлёзмалар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар сақланаётган муассасалардаги шарт-шароитлар, сақланаётган манбаларнинг ҳолати, қўлёзмаларнинг электрон ва фотонусхалари, тематик каталогларни яратиш борасидаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, тегишли тавсиялар берилмоқда.
Аҳолидан олинган баъзи қўлёзмалар давр тақозоси билан ўраларга, деворлар орасига, зах ертўлаларга яширилиши оқибатида турли даражада шикастланган. Уларни қайта тиклаш реставраторлардан катта маҳорат талаб этади. Бунда ўз касбининг устаси бўлган Шуҳрат Пўлатов, Аҳмаджон Бобожонов, Саидраҳмат Икромов сингари малакали реставраторларимизнинг хизмати катта. Улар республикамиздаги бошқа қўлёзмалар сақланаётган муассасалар ходимларига ҳам назарий ва амалий ёрдам бериб, жойлардаги мутахассислар учун маҳорат дарсларини ташкил этяпти. Бу борада жаҳон тажрибасини ўрганиш бўйича хорижлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Бир неча бор европалик салоҳиятли мутахассисларни таклиф этиб, иш услуби билан яқиндан танишдик.
Манбаларни илмий муомалага киритиш юзасидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Марказий Осиё халқлари ёзма ёдгорликларининг асл матни, илмий таржимаси ва халқаро муносабатлари тарихининг ёзма манбаларини ўрганиш” лойиҳаси асосида Абу Райҳон Берунийнинг “Осори ал-боқия” (Хронология) асари изоҳли таржимаси нашр этилди. Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари таржима қилиниб, учинчи жилди чоп этилди. Тўртинчи жилди нашриётга топширилди. Фондимизда сақланаётган 713 та девоннинг илмий тавсифи тузилиб, “Собрание восточных рукописей Академии наук Республики Узбекистан. Литература” номли 31 босма табоқли каталог тайёрланди.
“Термизлик алломалар илмий меросини тадқиқ этиш, асарларини таржима қилиш ва нашр этиш” лойиҳаси доирасида Ҳаким Термизийнинг “Хатм ул-авлиё”, “Масоил ал-макнуна”, “Таҳсил назаир ал-Қуръон”, “Ал-Манҳиёт” ҳамда адиб Собир Термизийнинг “Девон”и араб ва форс тилларидан илмий изоҳли таржималари билан чоп этилди. Ўрганишлар натижасида фондимизда термизлик алломаларнинг яна 70 та қўлёзмаси мавжудлиги аён бўлди. Шунингдек, хориждаги қўлёзма каталогларининг 120 жилди кўриб чиқилганда термизлик алломаларга тегишли 30 асар нусхаси аниқланиб, тавсиф ёзилди.
Ўтган йил давомида беш мингта тарихий ҳужжатнинг электрон нусхаси яратилди. Абгор ҳолатга келган 100 та ҳужжат қайта тикланди. Мавзуларга доир фотосуратлар, кўрсаткичли иловалар, жадвал ва амалий тақдимот материаллари билан бойитилган ноёб тарихий ҳужжатларни сақлаш ва қайта тиклашга доир услубий қўлланма яратилгани ҳам мутахассисларимизнинг тинимсиз изланишлари маҳсулидир.
Олимларимизнинг халқаро конгресслар, илмий конференцияларда фаол иштирок этиб нуфузли журналларда илмий мақоллари чоп этилаётгани буюк аллома ва мутафаккиримизнинг дурдона асарларини дунё ҳамжамиятида кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда ёшларимиз учун қўлёзмаларни ўқиш, тадқиқ қилиш игна билан қудуқ қазигандан ҳам машаққатли туюлади. Камдан-кам ёш мутахассислар бунга жазм қилади. Шунинг учун учинчи, тўртинчи курсда таҳсил олаётган талабаларни соҳага жалб этиш учун турли тадбирларни амалга оширяпмиз. Масалан, араб, форс тилини мукаммал ўрганган, қўлёзмалар устида ишлаш бўйича кўникма ва малакага эга мутахассислар сафини янада кенгайтириш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти ҳамда Тошкент ислом университетлари билан ҳамкорлик ўрнатдик. Талабаларнинг қўлёзмалар фондида амалиёт ўташи йўлга қўйилди. Бундан ташқари, 3 ойлик курслардан иборат тажриба-синов лабораторияси ташкил этишга киришилди. Институтимизда амалга оширилган турли лойиҳалар ва уларнинг мавзуси, аҳамияти хусусида талабаларга маърузалар ўқиляпти. Олимларимиз олий таълим муассасаларида талабаларга дарс бериб, илмий изланишларга раҳбарлик қиляпти. Ўтган йили олимларимиз 4 магистрлик диссертацияси ва 10 бакалаврлик битирув-малакавий ишига раҳбарлик қилгани фикримизнинг яққол далилидир.
Сурайё КАРИМОВА,
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори