“Биотиббиёт физикаси” йўналиши очилди
Замонавий тиббиётда юқори ва қуйи энергияли электромагнит нурлар, магнит-резонанс, яккафотон эмисcияли, позитрон эмиссияли томографлар, радионуклидли гамма-қурилмалар, чизиқли электрон тезлаткичлар, нейтрон генераторлар, ядровий реакторлар, электр, магнит, лазер, ультратовуш тўлқин генераторлари, нанотехнология ва бошқа мураккаб техникаларга асосланган тиббий технологиялардан кенг фойдаланилмоқда.
Масалан, жаҳонда ядровий тиббиёт кардиология (умумий диагностиканинг 45 фоизи), онкология (умумий диагностиканинг 34 фоизи) ва неврология (умумий диагностиканинг 10 фоизи) соҳаларида кенг қўлланилади.
Республика онкология илмий маркази ва унинг барча ҳудудий бўлимлари, қатор диагностика, даволаш марказлари ҳам замонавий асбоблар билан таъминланди. Кўз хасталикларини даволашда турли лазерлардан кенг фойдаланилмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида тиббий радиопрепаратлар ишлаб чиқарилиши, реакторда нейтрон қамраш терапияси бўйича илмий, амалий ишларнинг ривожлантирилиши тиббиёт физикаси, ядровий тиббиёт физикаси соҳаларида миллий кадрларга заруратни юзага келтирди.
2018-2019 ўқув йили учун Ўзбекистон Миллий университети физика факультетида “Биотиббиёт физикаси” бакалавр йўналиши очилиб, 50 та ўрин ажратилди. Факультетда “Биотиббиёт физикаси” кафедраси ташкил этилди. Кафедра томонидан жаҳон тажрибаси ўрганилиб, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти, Республика онкология илмий маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Республика нейрохирургия илмий марказлари профессор-ўқитувчилари ва юқори малакали шифокорлари билан ҳамкорликда “Биотиббиёт физикаси” бакалавр йўналиши учун малака талаблари ва ўқув режаси ишлаб чиқилди. Бунда олий ўқув юрти ва илмий марказларнинг моддий-техник, илмий-педагогик имконияти, бўлажак мутахассисларнинг илмий ва амалий физика, тиббиёт физикаси ва биология соҳасида фаолият юрита олиши учун зарур бўлган умумий ва мутахассислик фанлари, улар бўйича ўқув юкламалар ҳажми, машғулот турлари инобатга олинди.
“Биотиббиёт физикаси” йўналишини тугатган бакалаврлар таълимни магистратурада давом эттириши, соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаниш, диагностика ва илмий марказларида ҳамда ЎзФАнинг Физика, Биология илмий текшириш институтида фаолият кўрсатиши мумкин.
Зокиржон КАНОКОВ,
Ўзбекистон Миллий университети профессори вазифасини бажарувчи, физика-математика фанлари доктори