Абитуриентга 086-ҳ шаклдаги маълумотнома керакми? Ёхуд маълумотнома олиш жараёнида кўплаб ёшлар коррупцияга дуч келмоқда
Сўнгги пайтларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, айрим ўринларда “олди-берди”лар ҳамон давом этаётгани қулоққа чалинмоқда. Хусусан, олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни давом этаётган айни кунларда баъзи поликлиника ходимлари 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани пуллаётгани тилга олиняпти. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида абитуриент ва шифокорлар фикри билан қизиқдик.
— Олий ўқув юртига ҳужжат топширишдан олдин ўзим яшайдиган Чилонзор туманидаги 36-оилавий поликлиникага бордим, — дейди абитуриент Шоҳсанам Файзуллаева. — Маълумотнома олиш учун 2–3-кун вақт кетиши, бир нечта жойга бориб, кўрикдан ўтиш лозимлигини тушунтиришди. Лекин “осон” йўли ҳам бор экан. Қисқаси, 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотнома менга 50 минг сўмга тушди.
Бундай ҳолатлар юртимиздаги барча ҳудудларда содир бўлмоқда. Урганч шаҳридаги 3-оилавий поликлиникада ҳам абитуриентлар 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани 53 минг сўм тўлаб олгани ижтимоий тармоқларда эътирозга сабаб бўлди. Хўш, бу ҳақда шифокорлар қандай фикрда?
— Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, соҳамизда ҳам ўз манфаати учун ҳар ишга “қодир” ҳамкасбларимиз бор, — дейди Олмазор туманидаги марказий кўп тармоқли поликлиника шифокори Замира Неъматова. — Айрим шифокорлар мавсумдан унумли фойдаланиб қолиш пайида бўлади. Бироқ сохта ҳужжатнинг умри қисқа. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек қинғир ишни қанча яширмайлик ҳақиқат барибир юзага чиқади. Энг ёмони, айрим нафсига қул кишиларнинг қилмиши учун халқ хизматидаги виждонли шифокорлар номига доғ тушади. Яна бир гап: коррупциянинг илдиз отишига кўп ҳолларда одамларнинг ўзи ҳам айбдор бўлади. Вақтида ҳаракат қилмай, охирида ишини осон йўл билан битириш пайидаги кишилар ҳам йўқ эмас. Поликлиникамиз кўп тармоқли бўлгани боис айни пайтгача 700 нафарга яқин абитуриентга тиббий маълумотнома бердик. Пул ҳақида гап-сўз ҳам бўлгани йўқ. Мақсадимиз ёшларимизни кўрикдан ўтказиб, алоҳида рўйхатда турувчи, сурункали ва юқумли касаллиги бор йигит-қизларга тиббий хулоса беришдир.
Абитуриент учун 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотнома қанчалик зарурлиги хусусида Тошкент тиббиёт академияси 2-сон факультет ва госпитал терапия кафедраси катта ўқитувчиси Шоира Қодирова шундай дейди:
— Инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун. Шу боис, олий таълим муассасаларига кириш чоғида ёшларнинг саломатлик ҳолатини назоратдан ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳарбийлашган, тиббиёт, алоқа йўналишидаги кўплаб олий таълим муассасаларида ўқиш учун қулоқ, кўз ёки бошқа тана аъзоларида нуқсон бўлмаслиги лозим. Тери-таносил, ўпка ва бошқа юқумли касалликлари бор ёшлар учун алоҳида анкета очилади. Улар мунтазам шифокорлар назоратида бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом”га кўра абитуриентдан 086-ҳ шаклдаги маълумотнома ҳам талаб этилади (бунга истисно тариқасида тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда бу йилдан Тошкент давлат юридик университетида бу ҳужжат сўралмайди).
Афсуски, ўрнатилган бу тартиб туфайли кўплаб йигит-қизлар маълумотнома олиш жараёнида коррупцияга дуч келмоқда. Бунинг олдини олиш учун талаб этилган ҳужжатлар орасидан тиббий маълумотномани чиқариб ташлаш ёки уни беришнинг янгича тизимини жорий этиш зарур.
Одатда абитуриентлар терапевт, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, дерматолог каби шифокорлар кўригидан ўтади. Рентген, флюорография, лаборатория таҳлилларини топширади. Мазкур ҳужжатга профилактик эмлашлар ҳақидаги маълумотлар ҳам қайд этилади. Таниш-билишчилик ёки пул билан тиббий маълумотнома олган кишилар, аввало, ўзини ўзи алдаган бўлади. Чунки айрим касалликларни рентген ёки лаборатория таҳлилларисиз аниқлаш қийин. Бу қилмиши туфайли абитуриент тест жараёни ёки ўқиш давомида панд еб қолиши — саломатлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келиши ҳеч гап эмас. Ўз навбатида, ҳужжатни қалбакилаштирганлар қонун олдида жавоб бериши лозим.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири