Яхши мутахассис ҳамкорликка тайёрланади
Юртимизда олий таълим тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди, бир нечта институт ва университетлар ташкил этилди, нуфузли халқаро олий таълим муассасаларининг филиаллари очилди. Бош мақсад — халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш.
Аммо айрим масалалар борки, уларни ҳал этмай туриб кўзланган мақсадга эришиш қийин. Олий ўқув юртларига ўқишга кираётган аксарият ёшларнинг умумтаълим фанларидан олган билимлари ўта саёз.
Наманган давлат университетига 2016-2017 ўқув йилида тест топширган 16006 абитуриентнинг 11637 нафари, яъни 72,7 фоизи, 2017-2018 ўқув йили бўйича 74 фоизи 80 балдан паст натижа кўрсатган. Шу билан бирга баъзи йўналишларга 80—90 балл олганлар ҳам ўқишга қабул қилинади.
Ҳолат ҳақида халқ таълими тизимининг қуйи бўғин раҳбариятига маълум қилинса, бу олий таълим тизими тайёрлаётган мутахассислар “мева”си экани иддао қилинади. Демак, мактаб ва олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни амалий жиҳатдан такомиллаштириш зарур.
Олий таълим тизимида талабаларга дарсликлар етишмайди. Шу кунгача амал қилиб келинган “6 талабага 1 дарслик етарли” деган қоида ҳам ўзини оқламади. Бу эҳтиёжни электрон дарсликлар орқали қоплаш мумкин, дейиш ҳам нотўғри. Шунинг учун дарсликни арзон нархда, газета қоғози ва оддий муқовада бўлса ҳам, етарлича нашр этиш зарур. Мустақилликнинг илк йилларида бу муаммони бартараф этиш мақсадида ҳар бир фан бўйича маъруза матни тузиш талаби қўйилди. Ҳозир бу анъанага — ўқитувчи фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонига айланиб қолди. Энг қизиғи, фандан дарслик бўлса ҳам педагог ҳар ўқув йилида вақти ва маблағини кетказиб, 200—400 бетли маъруза тайёрлашга мажбур.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан намунавий ўқув дастури ҳар йили ўзгартирилавериши ҳам таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Мисол учун, 2017-2018 ўқув йилида университетимизнинг экология кафедраси талабалари бир-биридан фарқ қилувчи 3 та намунавий ўқув дастури бўйича ўқитилди. Бунинг устига бу меъёрий ҳужжат олий ўқув юртларига ўз вақтида етиб келмайди. Оқибатда ўқув йили давомида дарс тақсимотига бир неча марта ўзгартиришлар киритилиб, ўқитувчиларнинг ўқув ишлари бўйича олдин тузган ҳужжатлари ҳам қайта ишланади.
Педагог талабалар олдига замонавий билимлар билан “қуролланиб” бориши учун унинг етарлича бўш вақти бўлиши керак. Бунинг учун дарс юкламасини камайтириш зарур. 2000-йилларда оддий ўқитувчи бир ставка ишласа, ўқув йили давомида 924 соат дарс ўтарди. Ҳозир бир ставка 1078 соат(ҳафтасига 30–33, кунига 5–6 соат)га тўғри келади. Таълим сифатини ошириш учун ҳозирча ўқитувчиларнинг бир ставкадан ортиқ дарс ўтишига ҳам йўл қўймаслик керак. 1,25–1,5 ставканинг “юки” ҳам сифатга монеълик қилади.
Бугун олий таълимда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш тизимини мазмунан такомиллаштириш заруратга айланди. Уч-тўрт йилдан буён олий ўқув юртларининг 80 фоиздан кўпроқ ўқитувчилари малака оширди. Афсуски, бунинг натижаси талабалар билимида ҳалигача сезилгани йўқ. Тингловчиларга мутахассислик фанлари, айниқса, чет эл фани ютуқлари бўйича бирор янгилик бериш ўрнига, ахборот технологиялари ва ноанъанавий ўқитиш усулларини ўргатиш билан чекланилди. Малака оширишга сарфланаётган маблағ олий ўқув юртларидаги кафедраларни ўқув-илмий жиҳозлар билан таъминлашга йўналтирилганда ҳам самаралироқ бўларди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: таълим беришда асосий эътибор ахборот технологиялари ва ноанъанавий ўқитиш усулларидан фойдаланишга қаратилгани ўринлимикан? Харитадан Янги Гвинея оролини кўрсатиб беролмайдиган олий маълумотли географлар, оддий физик қонунларни тушунтира олмайдиган физиклар, оддий тенгламаларни ечолмайдиган математиклар, сульфат кислотаси формуласини ёза олмайдиган кимёгарлар, механиканинг оддий қонунларини билмайдиган инженерлар, диктантни яхши ёза олмайдиган олий маълумотлилар кўпайиб кетаётгани бунинг маҳсулимасмикан? Уларнинг аксарияти чет тилини, шу жумладан, рус тилини ҳам билмайди.
Институтни, университетни тамомлаб, мактабларга юборилаётган ёш мутахассисларнинг талабларга жавоб бера олмаётганининг асосий сабабларидан бири талабаларга аниқ талаб қўйилмаган. Кўпгина мамлакатларда ҳатто коллеж ўқувчиларига, бирор ихтиро қилмаса, чет тилини билмаса, ўз касби бўйича белгиланган малака талабларини эгалламаса диплом берилмайди. Бизда бунга эътибор жуда суст.
Баъзан шу даражага бориб етиладики, ўқитувчиси ёзиб берган битирув-малакавий ишини тушунтириб бера олмайдиган талабалар ҳам олий маълумот дипломини олади. Бунга йўл қўймаслик эса Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифаси бўлиши керак.
Баҳодир КАМОЛОВ,
Наманган давлат университети профессори,
география фанлари доктори