675049 абитуриент олий ўқув юртларига ҳужжат топширди
Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ҳужжат қабул қилиш жараёни якунланди. 16 июнь-15 июль кунлари республика бўйича жами 60 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 19 та филиалига 675 049 нафар абитуриентдан ариза қабул қилинди.
— Бу йил ҳужжат топширган абитуриентлар сони ўтган йилгига қараганда 54 мингта кам. Бунга олий ўқув юртларида кечки ва сиртқи бўлимларнинг очилишини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин, — дейди Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев. — Бир ўринга ўртача 8,3 номзод тўғри келмоқда. 2017 йилда бу рақам 10,9 эди. Энг кўп ҳужжатлар Қарши давлат университетига топширилган бўлиб, қабул комиссияси 30937 та ариза қабул қилган. Кейинги ўринларда Самарқанд давлат университети (28733 нафар) ҳамда Фарғона давлат университети (27726 нафар) турибди.
Энг кўп танлов Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида бўлди. Бу ерда бир ўрин учун 23,2 абитуриент курашмоқда. Шунингдек, Андижон машинасозлик институти (1 ўринга 18,3) ва Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиалида (1 ўринга 17,6) ҳам кучли рақобатни кузатиш мумкин.
2018 йилда тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар асосида ўқишга қабул қилинадиган олий таълим муассасаларига 55 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширган.
Тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар республика миқёсида танланган 60 та бинода ўтказилади. Абитуриентларни 4500 нафардан ортиқ назоратчи кузатиб боради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қа¬бул қилиш тартиби тўғрисида низом”га асосан халқаро ва республика олимпиадалари, танлов ва мусобақалар ғолиблари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Хусусан, Зулфия номидаги, «Мард ўғлон» Давлат мукофотлари соҳиблари, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маданият, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ҳамда тегишли идоралар томонидан ҳар йили ўтказиладиган педагогика ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари ва таълим муассасалари тарбияланувчиларининг «Тарбиячи» республика кўрик-танлови ғолиби, тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг «Ҳамшира» республика танлови ғолиби, Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари, «Ниҳол» мукофотига сазовор бўлган ёшлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган умумтаълим фанлари бўйича республика фан олимпиадаси совриндорлари имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади.
Бундан ташқари, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига давлат гранти асосида танловсиз қабул қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тавсия этилган фаол ёшлар, республика ва халқаро спорт мусобақалари ғолиблари ҳам тест синовларисиз давлат грантлари асосида ўқишга киради. Жумладан, бу йил Андижонда 52 нафар чемпион-спортчи ОТМларга кириш учун имтиёз берувчи гувоҳномаларга эга бўлган.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши етакчи мутахассиси Жалолиддин Эшқувватовнинг таъкидлашича, 2018 йилда Ёшлар иттифоқига аъзо энг фаол 14 нафар йигит-қиз олий таълим муассасасига имтиёзли равишда ўқишга кириш учун тавсия қилинган.
Юртимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган умумтаълим фанлари бўйича республика фан олимпиадасининг 39 нафар совриндори ҳам ўз йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқиш имкониятига эга бўлди.
Ҳасан МЎМИНОВ