Олий таълим олиш имконияти кенгайди
Юртдошларимиз учун олий таълим олиш имконияти янада кенгайди. Гап шундаки, бу йилдан олий ўқув юртларида сиртқи ва кечки таълим тури ҳам йўлга қўйилди. Келгусида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шакли ҳам очилиши кутилмоқда.
— Махсус сиртқи билан сиртқи шаклининг фарқи шундаки, биринчиси камида уч йил бўлиб, абитуриентдан тегишли ёки турдош таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга бўлиши, тегишли вазирлик ва идораларнинг тавсияномаси талаб этилади, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Иноятулло Неъматов. — Ўқиш муддати камида беш йил бўлган сиртқи таълимга умумий ўрта (10—11-синфлар негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли абитуриентлар бемалол ҳужжат топшириши мумкин. Камида тўрт ярим йиллик кечки таълим шаклида талабалар ишдан сўнг кечки сменада ўқийди. Сиртқи ҳамда махсус сиртқи таълимдан кундузги таълимга, шунингдек, сиртқи (махсус сиртқи) таълимни бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга йўл қўйилмайди. Кечки таълимда ҳам шундай. Очилиши кутилаётган сиртдан иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш камида 3 йил бўлиб, ўқиш ўқув режаларидаги фанлар фарқидан қатъи назар, бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан бошланади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий сайти(edu.uz)да маълум қилинишича, 51 та олий таълим муассасасида сиртқи таълим бўйича ҳужжатлар шу йилнинг 10 июлидан 31 июлигача қабул қилинади. Кечки таълим учун абитуриентлар 9 та олий ўқув юртига шу йилнинг 9 июлидан 25 июлигача ҳужжат топшириши мумкин. Мазкур сайтда институт ва университетлар рўйхати ҳам келтирилган. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида таълимнинг барча шакли бўйича қабул йўлга қўйилган.
— Вилоятимиздаги умумтаълим муассасаларида педагогларга талаб жуда юқори, — дейди институт қабул комиссияси масъул котиби Баҳодир Ҳусанов. — Уни таълимнинг кундузги ёки махсус сиртқи шакли ёрдамида кадрлар тайёрлаш орқали қоплаш мушкул. Шунинг учун ўқув юртимизда сиртқи ва кечки таълим очилиб, Тошкент вилоятида доимий яшовчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Масалан, янги ўқув йилида кундузги таълим йўналишлари қабул квотасига 1155 та, махсус сиртқи таълим йўналишларига 690 та квота ажратилган бўлиб, қабул якунларига кўра, 12936 минг ҳужжат келиб тушди. Сиртқи таълим бўйича 11 йўналишда 600 та ўрин, кечки таълим учун 5 йўналишда 125 та ўрин ажратилган. Сиртқи ва кечки сменада ўқишни хоҳловчи абитуриентлардан ҳужжатлар қабули давом этмоқда.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида таълимнинг сиртқи шакли учун 7 йўналиш бўйича 25 тадан — 175 нафар талаба қабул қилиш кўзда тутилган. Институт қабул комиссиясининг сиртқи таълим бўйича масъул ходими Ҳамид Ҳазратқуловнинг таъкидлашича, олий маълумотли бўлишни хоҳловчи абитуриентлар сиртқи таълим очилганидан хурсанд. Шунинг учун ҳужжат топширган талабгорлар сони соат сайин ортмоқда. Бу олий ўқув юртида тўлов-шартнома миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 45 баробари миқдорида белгиланган.
Янги очилган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ҳам 2018-2019 ўқув йили учун сиртқи таълим шаклига 50 та ўрин ажратилган.
— Соҳамиз кўпроқ ижод билан боғлиқ бўлгани учун олий маълумотга эга бўлмаган, аммо оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган (айниқса, ҳудудий ОАВ) мутахассислар кўпчиликни ташкил қилади,— дейди Журналистика ва оммавий коммуникациялар унверситетининг ўқув ишлари бўйича проректори Алишер Матёқубов. — Ишдан ажраган ҳолда ўқиш учун эса ҳаммада ҳам имконият етарли эмас. Шу нуқтаи назардан бизнинг университетда сиртқи бўлимнинг очилгани айни муддао бўлди.
Аброр УМАРҚУЛОВ