Тест – 2018: янгиликлар амалиётда қўлланди
1 август куни мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларида кириш имтиҳонларига старт берилди. Ҳар йилгидан фарқли равишда 15 кун давомида олиб бориладиган имтиҳонларни жамоатчилик очиқ ва шаффоф тарзда UZDIGITAL TV телеканаллар тармоғи, www.test2018.uz электрон манзили орқали, қолаверса, имтиҳон ўтаётган биноларда ота-оналар учун ташкил этилган ўринларда кузатмоқда. Пойтахтда ўтаётган имтиҳонлардан кўпчилик мамнун бўлса-да, ҳудудларда тест жараёни бўйича эътирозлар кузатилмоқда. Хусусан, айрим биноларда онлайн кузатиш учун ўрнатилган мониторларда тасвирнинг узилиб қолиши норозилик уйғотган. Шу билан бирга, тест синовларининг биринчи куни ижтимоий тармоқларда тест саволларининг ташқарига чиқарилгани тўғрисидаги хабарлар “болалади”. Шу ўринда кўпчиликка бир нарса қизиқ: бу йил “бункер балоси” бартараф бўлдими? Турли қинғирликлар кузатилмаяптими? Ёки ҳалигача “ректор гуруҳлари”, “х-вариант” ва ҳоказолар ҳаракатдами? Ижтимоий тармоқлардаги хабарлар қай даражада ҳақиқат? Реал ҳолат қандай? Мухбирларимиз вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида тест жараёнини воқеа жойида кузатишди.
Кечикиш ўзбек ёшларига хосми?
1 август куни 58 985 нафар, 2 август куни 57 849 нафар абитуриент тест топширди. Жорий йилги тест синовларига келмаслик ёки кечикиш бироз одатий характер касб этди. Масалан, имтиҳонларнинг биринчи куни 1 393 нафар абитуриент имтиҳонга келмаган бўлса, иккинчи куни 1 219 нафар абитуриент тест синовларида қатнашмади. Жараёндан четлатилган абитуриентлар сони ошиб борди. Бу кўрсаткич тестнинг биринчи куни 255 нафарни ташкил этган бўлса, иккинчи куни 486 нафарга етди. Шундан 251 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва бировнинг ўрнига киришга урингани учун, 235 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланиш ва бош¬қа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун имтиҳондан четлатилган.
Абитуриент ўрнига кимни жўнатган?
Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати биносида ўтказилган тест имтиҳонидан чиққанларни суҳбатга тортдик.
“Абитуриентлар назоратдан ўтказилди, бироқ ўтган йиллардагидек кийимларининг авра-астаригача текширилмади. Текширув кўп вақтни олмади. Ён-атрофимда кимгадир ёрдам бераётган, алоқа воситаларидан фойдаланаётган абитуриентни кўрмадим”, — дейди тошкентлик Дилором Икромова.
— Ўғлим Муроджон Турғунов Косонсой тиббиёт коллежини тугатган. Уч йилдан бери ўқишга киролмагани сабабли дорихонада стажёр бўлиб ишлади, — дейди Мукамбар Адҳамова. — Бу йил яна Тошкент фармацевтика институтига ҳужжат топширди. Олдинги йиллари кўплаб абитуриентлар адолатсизлик ва ноҳақликдан нолиб, имтиҳондан хафа, асабий бўлиб чиқарди. Бу йил шундай ҳолат бўлмади. Ўғлим ҳам тестдан жуда қаноат ҳосил қилиб чиқди. Биз жараённи монитор орқали кузатдик. Имтиҳоннинг ҳаққоний ўтганига шуб¬ҳам йўқ.
— Бу йил назорат олдинги йиллардагидан сезиларли даражада кучайтирилган, — дейди Давлат тест маркази етакчи мутахассиси Жамшидбек Одилов. — Олдин тест мингдан ортиқ бинолар, турли катта-кичик аудиторияларда ўтказилгани сабабли ҳар бирига Давлат тест марказидан ходим бириктирилмас эди. Энди эса бутун имтиҳон жараёни кафтдагидек равшан. Имтиҳонларнинг иккинчи куни 8-бинога келган абитуриент шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация ёрдамида ўтказилган махсус текширув чоғида бошқа экани аниқланди. Сохта абитуриент ички ишлар ходимларига топширилди.
Шаффофлик — коррупция кушандаси
Бу йил Наманган давлат университетига 32 йўналиш бўйича 17805 нафар абитуриент ҳужжат топширган эди. Айни пайтда вилоят марказидаги «Баркамол авлод» спорт мажмуаси, НамМПИ қошидаги академик лицей ва Наманган олимпия захиралари спорт коллежи биноларида синовлар бўлиб ўтяпти.
— 7-қатордаги анови қиз менинг фарзандим — Шаҳло Муҳаммаджонова, — дейди Гулчеҳра Акбарова. — Қизим Ҳаққулободдаги тиббиёт коллежини аъло баҳолар билан якунлади. Дадаси билан маслаҳатлашиб, НамДУнинг ҳаёт фаолияти хавфсизлиги йўналишида ўқишини давом эттиришини истадик. Мана, тест топширяпти. Биламан, билими яхши. Ҳаяжон билан кутиб ўтирибмиз. Ёшлар синовларни муваффақиятли топшириши учун яхши шароит яратилган. Айниқса, очиқлик-ошкоралик таъминлаганидан жуда мамнунман.
Тест муддатидан олдин якунланади
Давлат тест маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан ҳам имтиҳонларнинг юқори савияда ўтишини таъминлаш мақсадида пухта тайёргарлик кўрилди. Тест ўтказиладиган жой сифатида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорат мактаби, Нукус олимпия захиралари коллежи танланди. Давлат тест марказининг Қорақалпоғистондаги вакили Музаффар Абдуллаев берган маълумотга кўра, ҳудуддаги 6 та олий таълим муассасасига 39 минг¬дан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган. Танлаб олинган икки бинода бир кунда икки сменада 3360 абитуриент имтиҳон топширишини ҳисобга олсак, давлат тест имтиҳонлари Қорақалпоғис¬тонда 15 августдан олдин якунланади.
— Катта неварам Жанибек қишлоқ хўжалигини механизациялаш йўналиши бўйича имтиҳон топширмоқда, — дейди нуроний Нукусбой Жиемуратов. — Олдин ташқарида дарахт ва иморатлар сояларида фарзандларимизнинг чиқишини кутиб ўтирардик. Бу йилдан бошлаб ота-оналар учун махсус кутиш заллари ташкил этилибди. Сал¬қин, шинам жойда монитор орқали фарзандларимизни кузатиб ўтирибмиз.
Кимлар имтиёзга эга?
Бухоро шаҳридаги “Семурғ” спорт мажмуасининг муҳташам биноси. Ичкарида Бухоро давлат университетининг мактабгача таълим йўналишига ариза топширган 2218 нафар абитуриент тест синови топширяпти. Ташқарида махсус ясатилган айвончаларда эса юз-кўзларида ҳаяжон, хавотир аралаш умид акс этган ота-оналар монитор орқали жараённи диққат билан кузатмоқда.
Имтиёзли қабул бўйича университетга 21 нафар олимпиада ва танлов ғолиби, 136 нафар ҳарбий тавсиянома, 1 нафар Ёшлар иттифоқи тавсияномасига эга ёш, 23 нафар ҳарбий хизматчиларнинг фарзанди, 65 нафар ногирон ва 10 нафар кўзи ожиз ҳужжат топширди. Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларининг чекка ҳудудларидан келиб ариза топширган 62 нафар йигит-қиз ҳам ана шу рўйхатдан жой олган.
— Бу йил ҳар йилги қабулдан фарқли равишда Ахборот-маслаҳат маркази, Мурожаатлар маркази (Call center) ташкил этилди. Бу марказлар абитуриентлар ва уларнинг яқинларига йўналишлар, ҳужжат топшириш қоидалари ва қабул жараёни билан боғлиқ турли масалалар бўйича ахборот ва маслаҳат бериш билан шуғулланади, — дейди Мурожаатлар маркази ходими Насима Қодирова. — Университетда бундай марказнинг ташкил этилиши қабул билан боғлиқ жуда кўп муаммоларнинг ўз вақтида ва ўз ўрнида ҳал этилишига йўл очди. Марказимизга ҳозирга қадар 3000 дан ортиқ телефон орқали, 36 дан ортиқ ёзма мурожаат келиб тушди. Ходимларимиз томонидан бу мурожаатларга телефон орқали ва ёзма тарзда жавоблар йўлланмоқда.
Носозлик эътироз уйғотди
Самарқанд шаҳридаги тест синовлари Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, Самарқанд давлат университети қошидаги академик лицей ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи спорт мажмуаларида ўтказилмоқда.
— Бинолардаги тест жараёнини ота-оналар улкан мониторлар орқали кузатиб бормоқда, — дейди “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Самарқанд филиали мутахассиси Аббос Мавлонов. — Тўғри, имтиҳоннинг дастлабки куни мониторларда айрим носозликлар кузатилиб, ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Бироқ қисқа фурсатда ушбу ҳолатга барҳам берилди. Келгусида бундай камчиликларнинг олди олинишига эътибор қаратамиз.
Тест синовлари ўтаётган залларда ҳаво ҳароратининг мўътадиллигини сақлаш мақсадида юқори қувватда ишловчи совуткичлар ўрнатилган. Ҳар бир залда ўрнатилган кузатув камералари орқали узлуксиз назорат олиб борилмоқда.
— Яхши кайфиятда имтиҳонга кириб, ортиқча ташвиш ва қийинчиликларсиз тест синовларини топширдим, — дейди абитуриент Умиджон Шодиев. — Саволлар ҳам биз ўйлагандек жуда мураккаб эмас. Билимимга таянган ҳолда хотиржам ишлаб чиқдим. Тартиб-қоидаларга бўйсунмасдан, турли воситалардан фойдаланишга уринган абитуриент¬лар имтиҳондан четлатилаётгани, адолат қарор топаётгани ҳаммани қувонтирди.
Билими зўр мингни йиқди
2 август куни соат 22:00 да Давлат тест марказининг расмий сайти — dtm.uz да имтиҳоннинг илк натижалари билан танишиш имконияти яратилди. Бу ерда ўтиш баллари, умумий ҳолат акс этмаган, фақат абитуриентнинг ўзи жавоблар варақаси рақамини киритиш орқали тўплаган бали ва талабаликка тавсия этилгани тўғрисида маълумотни олиши мумкин. Қолаверса, натижалар ўқишга ҳужжат топширилган олий таълим муассасасининг ўзида ҳам эълон қилинди. Энг юқори ўтиш бали (давлат гранти бўйича 223,5, тўлов контракт-бўйича 176,7 балл) ҳозирча Тошкент давлат юридик университетининг юриспруденция йўналишида кузатилди. Ўртача ўтиш баллари эса давлат гранти бўйича 142,9, тўлов-контракт бўйича 123,7 ни ташкил этди.
Балларнинг бу йил бироз пасайгани тест саволларининг 30 тага камайгани билан ҳам боғлиқ. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтидаги кўрсаткичларга эътибор қаратдик. Боиси, ўтган йили айнан шу олий таълим муассасаларидаги синовлар жараёни норозиликларга сабаб бўлган, ўтиш ва ундан кейинги баллардаги кескин фарқ туфайли имтиҳон холис ўтганига шубҳа уйғонган эди. Бу йил бундай ғалати тасодиф учрамади. Ўтиш бали ва қабул чизиғидан кейинги балл ўртасида фарқ 0,2 дан 4 гача. Масалан, маркетинг (тармоқлар ва соҳалар бўйича) йўналишида ўтиш бали 113,8 бўлган бўлса, киролмаган биринчи абитуриентнинг бали 109,6 ни ташкил этган. Энг юқори кириш бали менежмент¬(тармоқлар ва соҳалар бўйича) йўналишида қайд этилган — 176,2.
— Тўрт йилдан бери абитуриентман, — дейди андижонлик Аббос Холбердиев. — Ҳар йили 1 август куни имтиҳонни топширгандан кейин қарийб 20 кун ҳаяжон билан натижаларни кутар эдим. Афсуски, тайёргарлигим ҳеч қандай самара бермас, талабалик бахтига мушарраф бўлолмаётган эдим. Бу йил имтиҳонлар қатъий тартибда, жамоатчиликнинг кўз ўнгида ўтгани сабаб 137,8 балл билан (ўтиш бали 128,2) Тошкент молия институтига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиндим. Натижаларни имтиҳоннинг эртасигаёқ Давлат тест марказининг расмий сайтидан билиб олдим.
Тест синовлари 15 августгача давом этади.
МУХБИРЛАРИМИЗ