Мамлакатимизда иккинчи нодавлат олий ўқув юрти очилди
Мамлакатимизда иккинчи нодавлат олий таълим муассасаси — Тошкент шаҳридаги Ёжу техника институти ўз фаолиятини бошлади. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутахассисларининг берган маълумотига кўра, 2007 йил 5 сентябрда очилган Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳам хусусий олий таълим муассасаси сифатида рўйхатдан ўтган.
Юртимизда шу йил бошидан юридик шахслар томонидан мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни лицензия асосида амалга ошириш тартиби жорий этилди. Халқаро тажрибалар ҳам шуни кўрсатмоқдаки, давлат олий таълим муассасаларига нисбатан нодавлат олий ўқув юртлари битирувчиларининг билим-салоҳияти, компетенцияси анча юқори. Шунинг учун юртимизда ҳам нодавлат олий таълим муассасаларининг очилиши олий таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Тошкент шаҳридаги Ёжу техника институти нинг ташкил этилиши ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг лицензиялаш комиссияси томонидан Тошкент шаҳридаги Ёжу техника институтига айни пайтда республикамиз учун долзарб бўлган архитектура ва шаҳарсозлик; қурилиш; муқобил энергия; бизнесни бошқариш; туризм йўналишлари бўйича олий таълим тури (бакалавриат) учун лицензия тақдим этилди. Мазкур институт Корея Республикасининг Ёжу технологиялар университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Институтда абитуриентлардан 2018-2019 ўқув йили учун шу йил 1 августидан ҳужжатлар онлайн тарзда қабул қилиш бошланди. Таълим муассасасида нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки хорижлик ёшлар ҳам ўқиши мумкин. Абитуриентлар ҳужжат топширган таълим йўналишига қараб физика, математика ва инглиз тили фанларидан имтиҳон топширади. Масалан, муқобил энергия йўналиши учун физика ва инглиз тилидан, қолган тўрт йўналиш учун эса математика ва инглиз тили фанларидан тест синовларидан ўтади.
— Саволлар Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг умумий ўрта таълим стандартлари асосида тузилди, — дейди институт қабул комиссияси маслаҳатчиси Абдуваҳоб Восиқов. — Шуни ҳам таъкидлаш керакки, IELTSдан камида 5.0 балл ёки TOEFL IBTдан камида 50 балга эга бўлган абитуриентлар инглиз тили фани учун бериладиган тест синовларидан озод этилади. Мазкур институтда ўқиш учун бир йиллик тўлов Ўзбекистон фуқароси учун йўналишига қараб 16 млн сўмдан 24 млн сўмгача. Чет эл фуқаролари учун эса 3000 АҚШ долларидан 5000 АҚШ долларигача деб белгиланган. Кириш имтиҳонлари 7-8 сентябрь кунлари соат 9:00 дан 17:00 га қадар бўлиб ўтади. Натижалар шу ойнинг ўн еттинчи санасида эълон қилинади. Дастлабки ўқув йили шу йил биринчи октябрдан бошланади.
Айтиш мумкинки, демак келгусида юртимизда давлат ва нодавлат таълим сектори ўртасида соғлом рақобат муҳити пайдо бўлади. Ёшларимизнинг ўзлари хоҳлаган ва инновацион йўналишлар бўйича таълим олиш имкони юзага келади.
Фаёза АВЛАЕВА