Тест — 2018: сарҳисоб ва хулоса
Мамлакатимиз олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонлари ўз якунига етди. 15 августгача ўтиши режалаштирилган жараён муддатидан олдин ниҳояланди. 14 август куни 13 августда ўтган энг сўнгги тест натижалари эълон қилинди.
Умумий ҳисобда жорий йилги тест жараёнида 604 минг 677 нафар ёшлар ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди, 17 минг 353 нафар абитуриент қатнашмади. Жумладан, 14 минг 957 нафари келмади, 1 минг 340 нафари ҳудудга киришда ҳамда 1 минг 56 нафари жараён пайтида қоидабузарлик содир этгани сабаб тестдан четлатилди. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида қоидабузарлик, имтиҳондан четлатиш ҳолати кам кузатилди. Масалан, Хоразм вилоятида имтиҳон ўтаётган ҳудудга киришда бор-йўғи бир нафар абитуриент четлатилган. Бу кўрсаткич Қашқадарё вилоятида 324 нафарга етган. Қорақалпоғистон Республикасида жараёндан четлатилганлар сони 3 нафар бўлгани ҳолда, Тошкент шаҳрида 369 нафар абитуриент қоидабузарлик содир этгани учун имтиҳондан чиқариб юборилган.
— Ёшлар яратилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб, ўз иқтидори ва билимини намоён қилиши керак эди, — дейди “Ўзэкспомарказ”да ўтказилган имтиҳон жараёни кузатувчиси, Олмазор туманидаги 22-мактаб ўқитувчиси Гулбаҳор Зафарова. — Имтиҳон жараёнида баъзи жойлар бўш қолди. Бу айрим абитуриентларнинг масъулиятсизлиги, имтиҳонга ўз вақтида келмаганини англатади.
Тестнинг сўнгги кунлари келмаганлар ёки кечикувчилар сони камайгандек бўлди. Масалан, тест синовларининг охирги куни — 13 августда 17 нафар абитуриент имтиҳонда қатнашмади. Бироқ бу кўрсаткич имтиҳонда қатнашаётган ёшлар оқимининг пасайиши билан ҳам боғлиқ. Имтиҳоннинг илк куни 58 минг 985 нафар абитуриент тестда қатнашган бўлса, охирги кунда бу кўрсаткич 1355 нафарни ташкил этган.
Ҳаққонийликни таъминлашда тест синовларига киришда илк марта фойдаланилаётган инсон юзини автоматик таниб олувчи қурилма катта ёрдам берди. Тест жараёнида Қашқадарё вилоятида 101 нафар сохта абитуриентнинг қўлга тушиши катта шов-шувга сабаб бўлди.
— Қарши шаҳридаги ОТМларга ўтказилган тест синовларига яширин йўллар билан телефон аппарати, шпаргалка, кичрайтирилган китобча ва шунга ўхшаш ёрдамчи воситаларни олиб киришга уринган абиту¬риент¬лар ҳуқуқ-тартибот ходимлари, кузатувчилар томонидан ёки махсус кузатув камералари орқали аниқланди, — дейди Давлат тест марказининг Қашқадарё вилояти бўлими бошлиғи Бекзод Жўраев. — Аксарият ҳолларда бармоқ излари текширилганда қоидабузарлар аниқланди. Бундай абитуриентлар истисносиз жараёндан четлатилди.
Бу йил имтиҳонларга кириш жойларида олдинги йиллардагидек уюм-уюм шпаргалка, китоб, конспект¬лар йиғилмади. Ҳар ҳолда ўз билими ва салоҳиятига ишониб ҳаракат қилаётган ёшлар қинғирликни ўйлаганлардан кўп. Кўпчилик кафтдагидек шаффоф, омманинг кўз ўнгида ўтган имтиҳонлардан рози, тестнинг холис ва ҳаққоний ўтганига шубҳа билан қарамаяпти. 5-6 йилдан бери ўқишга киролмай юрган билимли ёшлар айнан бу йил талабаликка тавсия этилгани ҳам тасодиф эмас.
— Опам 6 йил деганда ЎзДЖТУга, мен 2 йил деганда ТДШИга биринчилардан бўлиб давлат гранти асосида ўқишга кирдик, — дейди Мафтуна Шамсиматова. — Имтиҳонда адолат мезонига тўлиқ риоя этилгани, турли ҳийла-найрангларга чек қўйилганидан хурсандман.
— Ўғлим Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг иқтисодиёт факультетига давлат гранти асосида 2-ўринда талабаликка қабул қилинди. Бу оиламиз учун катта бахт! Ўғлим бу ютуққа ўз кучи, билими ва тинимсиз ҳаракати билан эришди! “Иқтисодиёт университетига фақат пул ёрдамида кириш мумкин, билими билан ҳеч нарсага эришмайсиз”, деб айтганлар тилини тишлаб қолди, — дейди Азизжон Тоиров.
— Орзулар алдамас экан. Болалигимдан шифокор бўлишни хоҳлар эдим, 162,2 балл билан Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалига ўқишга қабул қилиндим. Акам Наўризбек Қуниязов ҳам Қорақалпоқ давлат университетига давлат гранти асосида қабул қилинди, — дейди Азизбек Қуниязов.
Айнан шу кунларда олий таълим муассаларида ўқишга ҳужжат топширган чет эллик фуқаролар учун суҳбат, магис¬тратурада қабул имтиҳонлари ўтказилди. Жорий йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган чет эллик фуқаролар сони ошган. Масалан, Қорақалпоқ давлат университетига юз нафардан зиёд хорижлик фуқаролардан ариза келиб тушган.
— Туркманистондан келдим, — дейди Махинур Бахиранова. — Имтиҳонлар суҳбат тарзида олиб борилди. Барчаси шаффоф ва адолатли ўтди. Онлайн камера орқали бошқа абитуриентлар билан суҳбат жараёнини ҳам кузатдик. Чет эллик фуқаролар учун яратилган имкониятлардан хурсандман.
2018-2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 69 минг 200 этиб белгиланган. Бу кўрсаткич айрим таълим йўналишларида ўтиш бали тўплаган абитуриентлар сонининг кам бўлиши, ҳарбий имтиёзга эга, иккинчи олий таълим муассасасини танлаган ёшлар, оширилган тўлов-контракт асосида ўқишга қўшимча қабул қилинган йигит-қизлар ҳисобига ўзгариши мумкин. Биз ўз кучи, билими билан мингни йиқитиб, пойгада ўзганларни — талабаликка тавсия қилинган ёшларни табриклаймиз!
МУХБИРЛАРИМИЗ