Махсус сиртқи таълим даврга ҳамнафас таълим шакли
Юртимизда олий маълумотли, малакали кадрларга эҳтиёж юқори. Айниқса, бу таълим соҳасида кўзга яққол ташланади. Масалан, халқ таълими тизимида хизмат қилаётган педагогларнинг 66 минг нафари ўрта махсус маълумотли. Бу каби муаммоларнинг ечими сифатида мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таълим олишнинг махсус сиртқи, сиртқи ва кечки шакллари очилгани айни муддао бўлди.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари сиртқи ва кечки бўлимлар фаолияти эътибордан четда қолиб, уларга, асосан, олий таълимнинг кундузги шаклида ўқишга шароити бўлмаган талабалар ўтказилди. Мазкур бўлимлар учун адабиётлар, ўқув-методик таъминот деярли тўхтади. Таълим олувчилар орасида топшириқларни бошқа шахсларга бажартириш, имтиҳонларга етарлича тайёргарлик кўрмай келиш ялпи тус олди. Сиртқи бўлим талабаларида пайдо бўлган ўқишни “бир амаллаб битириб олиш” тушунчаси нафақат мутасаддилар, балки халқ ўртасида ҳам кенг ёйилди. Оқибатда сиртқи ва кечки бўлимлар фаолияти тўхтатилди.
Сиртқи ва кечки таълим бир пайтлар “ҳаёт мактаби”, дея тан олиниб, унда иш ва таълимни қўшиб олиб бориш орқали ўз касбининг усталари, республика миқёсида таниқли, новатор педагоглар етишиб чиққан. Ишдан ажралмаган ҳолда таълим олиб, кейинчалик илмий даража ва унвонларга эга бўлган мутахассислар ҳам анча. Аслида, билим олишни дилдан истаганга таълим шаклининг фарқи йўқ.
Шунингдек, ўша пайтлари педагогика соҳасида ишлаб турган ўрта махсус маълумотли ходимларнинг олий маълумот олиш имконияти чегараланганди. Бу ўз ўрнида кадрлар танқислигини ҳам келтириб чиқарди. Соҳада юзага келган кадрлар тан¬қислигини фақат олий таълимнинг кундузги шакли билан тўлдириб бўлмаслигини вақтнинг ўзи ҳам кўрсатди. 2001 йилга келиб, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқув жараёни сифатини узлуксиз ошириш, ушбу таълим муассасаларини олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминлашни жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “2001/2002 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорига биноан, юртимизда МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб махсус сиртқи бўлимлар очилди. Тошкент давлат педагогика университети махсус сиртқи бўлимларда ўқитишнинг илмий-методик асосларини яратиш, жойларда тўпланган тажрибаларни умумлаштириш ва уларни амалиётга татбиқ этишни таъминлаш юзасидан мувофиқлаштирувчи муассаса этиб белгиланди. Бу бўйича университет томонидан амалга оширилган қатор чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда илк бор бу бўлим орқали сифатли билим олиш тизими яратилди. Афсуски, 2008 йилга келиб бу тажриба ҳам тўхтатилди.
Амалда махсус сиртқи бўлимлар фаолиятининг тўхтатилиши асоссиз бўлиб чиқди. Президентимизнинг 2017 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида бу бўлим фаолияти қайтадан ташкил этилиб, бутунлай янгича тузилма, янгича мазмунга эга бўлди. Ҳозирги махсус сиртқи бўлим ҳар жиҳатдан аввалгидан фарқ қилади. Амалдаги махсус сиртқи таълим тизими мазмуни, таълим жараёнини ташкил этиш, сифатли билим олиш, инновацияларга муносабат жиҳатидан тамоман янги шакл ҳисобланади.
Махсус сиртқи бўлим кўпчилик ўйлаганидек, олий маълумотли кадр¬ларни жадалроқ тайёрлаш усули эмас. Олий маълумот олиш имконияти ўрта махсус маълумотли педагоглар учун ўз касбини янада такомиллаштиришга хизмат қилиб, таълим бераётган фани, таълим-тарбия жараёни бўйича илмий фикрлаш, соҳага креатив ёндашиш, таълимга илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш услубиятини чуқур ўрганиш, илмий-тадқиқот билан шуғулланиш имконини яратади.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети махсус сиртқи бўлимида тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси; педагогика ва психология; бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш; мактабгача таълим; дефектология; мусиқа таълими; меҳнат таълими; жисмоний маданият таълим йўналиши бўйича педагог кадр¬лар тайёрланмоқда. Бу йўналишларда таълимни ижодий ривожлантириш бўйича университетга таянч олий таълим муассасаси мақоми берилди.
Университетда махсус сиртқи бўлимларнинг ўқув-методик фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган. Кенгашга республиканинг 15 олий таълим муассасаси махсус сиртқи бўлим раҳбарлари аъзо.
Аксарият фанлар бўйича махсус сиртқи бўлим талабаларининг муайян билим ва тажрибага эгалиги дарс берувчи профессор-ўқитувчиларга катта масъулият юклайди. Бу уларга муносиб ўқитувчиларни танлаш муаммосини ҳам келтириб чиқаради. Ушбу масала мувофиқлаштирувчи кенгаш ва тегишли кафедралар йиғилишларида мунтазам муҳокама қилиб борилиши натижасида турдош олий таълим муассасалари билан мутахассислар алмашиш тизими йўлга қўйилди.
Махсус сиртқи бўлимда фанлар бўйича сессия оралиғидаги мустақил иш топшириқлари тўпламини тайёрлаш энг муҳим ўқув-методик иш ҳисобланади. Бу борада юксак малакали ва тажрибали педагоглар жалб қилиниб, жараённи янада такомиллаштириш чоралари ҳам белгиланди. Сессия оралиғидаги мустақил иш оралиқ назорат шаклида бўлса-да, талабанинг муайян фан бўйича тўлиқ тайёргарлигини таъминлаш орқали уни якуний назоратга ҳозирлайди.
Университетда талабаларни масофадан туриб ўқитиш учун онлайн ва оффлайн режимида ишловчи веб-тизимли ўқув платформаси яратилиб, talaba.tdpu.uz интернет манзилига жойлаштирилди. Бу манзил орқали махсус сиртқи бўлим талабалари асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқув режасидаги фанлар бўйича ўқув дас¬турларида белгиланган мавзуларни мустақил ўзлаштириши мумкин. Ҳар бир талабага индивидуал тарз¬да ўқув платформасига кириш учун логин ва парол тақдим этилди. Ўқув платформасига махсус сиртқи таълим йўналишлари учун масъул кафедра ўқитувчилари томонидан фанлар бўйича зарур барча ўқув-меъёрий ҳужжатлар, ўқув материаллари, савол ва топшириқлар, маслаҳатлар, ўқув-методик мажмуалар киритилган бўлиб, талабаларга улардан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилган. Университетнинг махсус сиртқи бўлимида таълим жараёни инновацион ёндашув асосида такомиллаштирилмоқда. Умуман олганда, махсус сиртқи таълим орқали сифатли билим олиш учун таянч олий таълим муассасасида етарлича илмий-методик база яратилган. Бу жараён яна давом этиб, келгусида масофавий таълим тараққиёти учун пилот тизим сифатида хизмат қилади.
Яқин келажакда таълимнинг кундузги шаклини идеаллаштириш тушунчаси тобора барҳам топиб, унинг ўрнини сифатли билим олиш тушунчаси эгаллайди. Бунга бир қатор асослар бор. Узлуксиз таълимнинг барча босқичларида инновациялар яратиш, ўзлаштириш ва жорий этиш каби янги талаблар қўйилиши бўлғуси педагогларнинг ҳам, педагогик фаолият юритаётганларнинг ҳам бамайлихотир ишлаш даври ўтганини англатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, “диплом учун ўқиш” тушунчасини йўққа чиқаради.
Шавкат ШАРИПОВ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор