Нобель мукофоти соҳиби Ўзбекистонда
Япониялик машҳур олим, Нобель мукофоти лауреати Рёжи Ноёри шу йилнинг 28–31 август кунлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан Нагоя университети президенти Мацуо Сейити раҳбарлигидаги делегация таркибида юртимизга ташриф буюрди.
Машҳур кимёгар олим каталитик асиметрик синтез йўналишидаги кашфиёти учун 2001 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган. Унинг бу илмий иши тўқималардаги кимёвий жараёнларни назорат қилиш имконини беради. Рёжи Ноёри Япония таълим, маданият, спорт, илм-фан ва технологиялар вазирлиги илмий кенгаши ва қатор Европа давлатлари, АҚШ, Хитой Фанлар академияси аъзоси ҳамда БМТнинг турли илғор лойиҳалари иштирокчиси ҳисобланади. 2015 йилдан буён Япония Фан ва технологиялар агентлиги стратегиясини ривожлантириш ва тадқиқ қилиш маркази бош директори лавозимида фаолият олиб бормоқда.
— Рёжи Ноёрининг Ўзбекистонга ташрифи юртимиз илм-фан ҳаётида муҳим воқеа бўлди, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Баҳриддин Шайвалиев. — Дунё миқёсидаги таниқли олим билан тарихий учрашув юртимизнинг иқтидорли ёшларини илм-фан билан шуғулланиш ва инновацион тадқиқотлар олиб боришга ундаши шубҳасиз. Учрашув Халқаро Нобель фонди билан келишган ҳолда ташкил этилмоқда. Бу эса нуфузли халқаро ташкилот томонидан мамлакатимизнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссасининг тан олиниши ҳамда бугун юртимизда илмий салоҳиятни ривожлантиришга бўлган муносабатнинг эътирофидир.
Ташрифнинг илк куни делегация аъзолари, юртимиз олий таълим муассасалари вакиллари, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари ва илмий тад¬қиқот муассасалари раҳбарлари иштирокида ўзбек-япон илмий симпозиуми бўлиб ўтди. Унда кимёгар олим ёш тадқиқотчилар ва иқтидорли талабаларга ўзининг ҳаётий тажрибаси, эришган илмий натижалари хусусида сўзлаб берди.
— Болалигим Иккинчи жаҳон уруши даврида кечган, — дейди Рёжи Ноёри. — Шаҳримиз ҳаво ҳужумидан сўнг буткул вайронага айланганди. Ота-оналар фарзандларига яхши тарбия ва илмдан бошқа ҳеч нарса қолдиролмаслигини тушуниб, уларни кўп ўқиб-ўрганишга ундаган. Табиатимизда қатъий тартиб-интизом ва тинимсиз ишлаш кўникмаси шаклланишига алоҳида эътибор қаратишган. Ўқувчилик йилларим япон олимларидан илк бор Ҳидеки Юкова Нобель мукофотини кўлга киритганида жуда ҳам фахрланиб, синфдошларим билан келгусида биз ҳам шундай мукофотга эришамиз, деган катта орзу туғилган. Йиллар давомида тинимсиз изланиш ўз самарасини берди.
Шундан сўнг олим фан, технология ва инновация соҳасида олиб борилаётган илмий кашфиётлар ва уларнинг инсоният учун самарали жиҳатлари хусусида сўз юритди.
Куннинг иккинчи ярмида Тошкент давлат техника университети қошидаги ўзбек-япон ёшлар инновацион марказида Нобель мукофоти соҳиби кимё соҳасида илмий-тадқиқот олиб бораётган бир гуруҳ ўзбекистонлик ёш олимлар билан суҳбатлашди. Учрашувда таниқли олим юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси, дунё илм-фани ва маданияти ривожланишида тутган ўрнини эътироф этди.
— Келгусида албатта дунёни лол қолдирадиган илмий кашфиётлар қиласиз, — деди олим. — Чунки томирингизда Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби бугунги илм-фан ютуқларига тамал тошини қўйган буюк алломалар қони оқмоқда. Аждодларингизнинг илмий қарашлари Буюк ипак йўли орқали Япониягача етиб борган, юртимизда илмий фаолият ривожланишига туртки бўлган.
Давра суҳбати давомида япониялик олим ёш тадқиқотчиларга жаҳон илм-фанида юз бераётган ўзгаришлар билан ҳамоҳанг фаолият олиб бориши зарурлигини таъкидлаб, бу борада уларга тавсия ва маслаҳат берди.
Шу куннинг ўзида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Нагоя университети делегацияси вакиллари ўртасида музокара олиб борилди. Тадбирда икки давлат ўртасида илм-фан соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, педагог ва илмий кадрларнинг Япониянинг етакчи илмий таълим муассасаларида стажировка ўташи ва малакасини ошириши, илмий ҳамкорлик ва талабалар алмашинуви каби дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Тошкент давлат техника университети ва Нагоя университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Самарқандга саёҳатдан сўнг делегация ташрифи ўз ниҳоясига етади.
Аброр УМАРҚУЛОВ