Хорижлик мутахассислар дарс беради
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида АҚШнинг Вебстер университети билан ҳамкорликда ташкил этилаётган бир йиллик магистратура дастурининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов хорижий университетлар билан ҳамкорликнинг аҳамияти, уларнинг филиаллари очилиши мамлакатимиз олий таълим муассасалари рақобатбардошлигини ошириши хусусида гапирди. Қабул август ойи¬да амалга оширилган бўлиб, унга 200 дан ортиқ талабгор ҳужжат топширди. Шулардан 125 нафари танлов асосида ўқишга қабул қилинди.
— Кириш имтиҳонлари икки босқичда — ёзма ва оғзаки шаклда ўтказилди, — дейди Вебстер университети 1-босқич магистранти Шерзод Худойқулов. — IELTS дан 6,5 балл ёки шунга тенглаштирилган тил билимини баҳолаш бўйича бошқа халқаро сертификат эгалари имтиҳонсиз қабул қилинди. Бугун илк дарсларни ўтдик. Ўқув жараёнида илмий изланиш, мустақил ўқишга кўпроқ аҳамият қаратилар экан. Нуфузли таълим даргоҳининг талабаси бўлганимдан бахтиёрман.
Магистратурада ўқиш тўлиқ Вебстер университети ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Машғулотларни хорижлик малакали мутахассислар билан бирга махсус танловдан ўтган ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар ҳам олиб боради. Талабалар алмашинуви бўйича шу йили икки нафар АҚШлик талаба курсларда таҳсил олади. Муваффақиятли якунлаган битирувчиларга Вебстер университети магистрлик дипломи берилади. Ушбу диплом билан битирувчилар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё олий таълим муассасаларида дарс бериш имкониятига эга бўлади.
— Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди АҚШдаги Вебстер университетининг халқаро лойиҳалар бўйича вице-президенти Питер Мейер. — Бугун фаолият бошлаган академик дастур ҳам мана шу жараён маҳсули. Бу дастурда иштирок этиш учун нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барча давлатларидан мутахассислигидан қатъи назар, бакалавр даражасига эга ёшлар ҳужжат топшириши мумкин. АҚШдаги курсларда бир йиллик тўлов-контракт қиймати 27 минг АҚШ долларига тенг, Ўзбекистонда курсларни ташкил этишга қаратилган муҳокамалар бошланган пайтда аввалига тўлов-контрактни 15 минг АҚШ доллари этиб белгилаш назарда тутилган эди. Кейин яна мамлакатдаги бошқа олий таълим муассасаларида тўлов қийматлари инобатга олинган ҳолда, 4 минг АҚШ долларига туширилди. Бу ёшларнинг билим олиш имкониятини кенгайтиради.
2019 йил январь ойидан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бошқарув менежменти, Тошкент ахборот технологиялари университетида ахборот таҳлили, киберхавфсизлик каби мутахассисликлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Санобар ЖУМАНОВА