Олий таълим тизими ислоҳотлари
Бу йил олий таълим тизимида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Абитуриентлар илк маротаба 13 кун давомида замонавий ахборот технологиялари асосида адолат ва шаффофлик таъминланган ҳолда тест синовларини топшириб, жавоблари бир кунда эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш, педагогика, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария таълим йўналишлари бўйича ҳудудлар кесимида тасдиқланган мақсадли қабул квоталари доирасида 2 214 нафар абитуриент ўқишга тавсия этилди. Навоий вилоятининг олис Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларидан 74 нафар абитуриент қўшимча грант асосида ўқишга қабул қилинди.
Жорий йилда “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали, Тошкент шаҳридаги Пучон, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар, “Ипак йўли” туризм халқаро университетлари очилди. Тошкент тиббиёт академияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиаллари ташкил этилиб, қисқа вақтда замонавий тарзда жиҳозланди. Жумладан, Ўзбекистон Миллий университетида биотиббиёт физикаси йўналиши очилиб, унга 50 та ўрин ажратилди.
Юртимизда дастлаб Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти нодавлат олий таълим муассасаси сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, иккинчи нодавлат олий таълим муассасаси бўлиб, Тошкент шаҳридаги Ёжу техника институти ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан Наманган давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт ва Тошкент давлат аграр университетларига 2018-2019 ўқув йили учун хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари асосида бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича қўшимча квоталар белгиланди. Жумладан, Наманган давлат университетига Россия Федерацияси Санкт-Петербург давлат педагогика университети билан ҳамкорликдаги қўшма дастур асосида 60 нафар талаба қабул қилинади. Тошкент давлат иқтисодиёт университетига Урал давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда тўртта йўналишда 125 нафар, Тошкент давлат аграр университетига эса Волгоград давлат аграр университети билан биргаликда битта йўналишда 20 нафар талаба қўшимча қабул қилинади.
Қўқонда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг филиали ташкил этилиши лойиҳаси бўйича чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталидаги маълумотга кўра, Тошкент давлат техника университети Қўқон филиалига 2018/2019 ўқув йили учун бакалавриатнинг 5 та таълим йўналиши бўйича қабул квотаси 125 та этиб белгиланиши кўзда тутилган. Филиалнинг 2018/2019 ўқув йили учун талабалар контингенти Фарғона вилоятида доимий яшаётган (доимий прописка қилинган) республика олий таълим муассасаларига тегишли таълим йўналишлари бўйича ҳужжат топшириб, тест синови натижаларига кўра ўқишга кира олмаган, бироқ тўплаган баллари энг юқори балнинг 30 фоизидан кам бўлмаган абитуриентлар ҳисобидан тўлов-контракт асосида шакллантирилади.
Янги ўқув йилидан ўқиш муддати 5 йил бўлган мактабгача таълим ҳамда педагогика соҳаси бўйича махсус сиртқи бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, тегишли соҳалар бўйича ўқиш муддати 5 йиллик сиртқи бўлим бакалавриат таълим йўналишлари очилди.
Янги ўқув йилидан бошлаб талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизими такомиллаштирилган кўринишда жорий этилади. Бунда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли усуллари, жумладан, педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизими қўлланилади. Олий таълим муассасаси битирувчилари топширадиган якуний давлат аттестация имтиҳонлари оптималлаштирилган ҳолда асосий эътибор битирув-малакавий ишлари ва мутахассислик фанлари бўйича имтиҳонларга қаратилади.