Мамлакатимиз тест тизими тестология талабларига мос келмайди(ми?)

Бу йил Ўзбекистон олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги, кечки ва махсус сиртқи бўлимларига кириш тест синовлари олдинги йилларга нисбатан тартибли ўтди. Расмий маълумотларга кўра, 13 кун давомида 57 бинода бўлиб ўтган бу синовларда 604 мингдан кўпроқ абитуриент қатнашди, қарийб 15 минг абитуриент тест синовларига келмади, 2300 дан зиёди тест синовларидан четлаштирилди. Республика бўйича давлат гранти асосида ўртача кириш бали 123, тўлов шартнома асосида ўртача кириш бали 101,9 ни ташкил қилди. Керакли балини тўплай олмаганлар учун ўтган йилги «супер контракт» тизими сақлаб қолинган бўлса, бу йил умуман балл тўплай олмаган абитуриентлар учун ҳам “хушхабар” эълон қилинди: оширилган контрактнинг икки бараварини тўласа, талабага айланади.
Кўп соҳаларда “хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиб” янгиликни жорий қилаётганимизни даъво қиламиз. Контрактнинг юқоридаги шаклларини ўйлаб топганлар ҳам «Мана, хорижда пулини тўлаган ўқийверади», деган важ келтиришади. Бу масаланинг моҳиятини чуқур ўрганмай, юзаки ёндашаётганимиздан далолат. Хорижда хал¬қаро ва миллий рейтинглардаги ўрнини қадрлайдиган, таълим сифати ва битирувчилари келажагини ўйлаган университет ўқитаётган дастурлари моҳиятидан келиб чиққан ҳолда абитуриентлар учун минимал талаблар белгилайди ва бу талабларга жавоб бермаган абитуриент, ҳар қанча пулдор бўлмасин, ўқишга қабул қилинмайди. Университет белгилаган минимал талабларга жавоб берадиган ва ўқиш пулини тўлай оладиган абитуриентлар талабаликка қабул қилинади. Алоҳида иқтидорга, салоҳиятга эга, деб ишонилган абитуриентларни университет, турли фондлар ёки иш берувчилар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди ва уларнинг ўқиш пулини тўлаб беради. Қолганлар ўқиш пулини ўзлари тўлаши ёки таълим кредити хизматига мурожаат қилиши керак бўлади.
Яқинда таълим соҳасига оид бир давра суҳбатида қатнашдим. Буюк Британияда ўқув дастурларини тузиш, педагогика ва таълим жараёнларини баҳолаш мутахассислигини битирганимни ҳамда «Ўзбекистонда ОТМларга кириш тест синовларининг таълимга таъсири» мавзусида магистрлик диссертациясини ёқлаганимни эшитган суҳбат иштирокчилари менга бир савол билан мурожаат қилишди: «Нима деб ўйлайсиз, тест тизими Ўзбекистон таълим тизимига фойдадан кўра кўпроқ зарар олиб келмадими?». Ўринли савол. Бунга жавоб беришдан олдин «Тест тизими ўзи нима, у қандай илмий асосларга эга ва Ўзбекистонда тестологиянинг илмий талабларига қай даражада риоя қилинмоқда?» деган саволга жавоб топиш лозим.
Ҳозирги кунда тестология (баҳолаш назарияси ёки педагогик ўлчовлар) алоҳида фан сифатида эътироф этилиб, хорижий ОТМларда мустақил йўналиш сифатида ўқитилади. Бу соҳада илмий изланишлар олиб борилмоқда, тест билан шуғулланувчи ташкилотлар ўз фаолиятини тестологиянинг илмий талаблари асосида қурмоқда. Бизда, афсуски, тест билан давлат миқёсида шуғулланувчи ташкилот — Давлат тест маркази 20 йилдан ортиқ фаолият юритаётганига қарамай, тестология бўйича ҳеч қандай илмий тадқиқотлар олиб борилмади. Бу соҳа бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмади.
Сўнгги бир йил давомида оммавий ахборот воситаларида тест тизимидаги янгиликларга бағишланган чиқишлардаги барча баҳс-мунозаралар фақат жараён хусусида, яъни тест синовларининг қандай ташкил қилиниши ҳақида бўлди. Матбуотда ва телевидениеда чиқиш қилган ДТМ вакиллари ҳам тест синовларида ишлатиладиган тест топшириқларининг мазмуни, сифати, тестология талабларига мослиги ҳақида тўхталмади.
Тест деганда кўпчилик кўз олдига бир нечта жавоб вариантига эга савол келади. Бу — тестнинг ўта тор тушунилишидир. Аслида, баҳолаш назарияси (тестология) фанида қабул қилинган таърифга кўра, тест — бу баҳоланиши лозим бўлган билим, кўникма, малака, компетенцияларнинг (тестология назариясида «домен» дейилади) синалувчиларда (тест топширувчиларда) қай даражада шаклланганлиги тўғрисида хулоса чиқаришга асос бўладиган топшириқ ёки топшириқлар йиғиндиси.
Бу таърифдан уч муҳим хулоса чиқариш мумкин.
Биринчи хулоса: тест фақат биз билган савол ва бир нечта жавоб вариантидан иборат эмас, бошқа турли шаклларда бўлиши ҳам мумкин. Масалан, Буюк Британия мактаб битирувчилари топширадиган ва ОТМ¬ларга кириш ҳуқуқини берадиган «А даража» деб номланган тестларда батафсил ёзма жавобни талаб қиладиган очиқ саволлар, маълум бир компетенция ёки қобилиятни аниқловчи амалий ва ижодий топшириқлар ҳам кенг қўлланилади.
Иккинчи хулоса: тест — ўлчов воситаси, у орқали домен ўлчанади. Масалан, чизғич ёрдамида узунлик, тарози ёрдамида оғирлик ўлчанганидек, тест ёрдамида билим, кўникма, малака, компетенциялар йиғиндиси, яъни домен ўлчанади (шунинг учун ҳам тес¬тология фани хорижий адабиётларда «educational measurement» — «педагогик ўлчовлар» деб аталади).
Учинчи хулоса: ҳар қандай тест маълум бир доменнинг шакллангани ҳақида тўғри, асосли хулоса чиқариш имконини бериши лозим. Бунинг учун тестдаги топшириқлар баҳоланиши лозим бўлган доменга мос бўлиши, яъни мақсаддан келиб чиққан ҳолда тўғри танланиши лозим. Оддий мисол: бўлажак ҳайдовчининг автотранс¬портни бошқариш малакасини иншо ёрдамида ёки мусиқачининг мусиқа чалиш маҳоратини бир нечта жавоб вариантли тест топшириғи воситасида баҳолаб бўлмайди.
Тест воситасида домен ҳақида чиқарилган хулосаларнинг қай даражада асослилиги валидлик дейилади. Замонавий тестология бўйича олимларнинг якдил фикрича, валидлик баҳолашнинг энг асосий хусусиятидир. Агар тест валид бўлмаса, яъни ўлчаниши лозим бўлган домен ҳақида асосли хулосалар чиқаришга хизмат қилмаса, бундай тестлардан фойдаланиш мумкин эмас. Нотўғри танланган тест биз баҳоламоқчи бўлган билим, кўникма, малака, компетенциялар мажмуини тўғри ўлчаш имконини бермайди.
Валидлик ҳар қандай тестнинг энг муҳим хусусияти экан, ДТМ томонидан ишлатиладиган тест топшириқлари қай даражада валид, деган саволга жавоб излаб кўрайлик. Бирор-бир фан бўйича тузилган тест топшириқлари валид бўлса, тест топширувчининг натижалари шу фанни ўқитишдан кўзда тутилган мақсадларга қай даражада эришганини кўрсатиб бериши лозим. ДТМ фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тест топшириқлари Давлат таълим стандартларига (ДТС) мос бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Демак, ДТМ тест топшириқларининг валидлиги уларнинг муайян фан бўйича ДТСда белгиланган кўникма ва компетенцияларни баҳолашга қай даражада мослиги билан белгиланади. Амалдаги (Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сон қарори билан тасдиқланган) давлат таълим стандартларида ҳам, 2000 йили қабул қилинган стандартларда ҳам адабиёт ёки тарих сингари фанларда «дарсликдаги маълумотларни ёд олиш, хотирада сақлаш» кўникмаси бу фанларни ўқитишдан мақсад сифатида белгиланмаган. Лекин ДТМ томонидан қўлланиладиган адабиёт ёки тарихдан тест топшириқлари айнан шуни — ёзувчи биографияси ёки асар сюжетига оид дарсликда келтирилган деталларни эслаб қолиш ёки тарихдаги беҳисоб саналар ва тарихий шахслар ҳақидаги маълумотларни хотирада сақлашни текширади. Таълим стандартларида чет тилидан турли ҳаётий, академик ва профессионал вазиятларда фойдалана олишни ўргатиш ҳамда нутқ кўникмаларини (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш, гапириш) ривожлантириш чет тили таълимининг мақсади сифатида белгиланган. ДТМ эса чет тилидан фақат грамматик қоидаларни билишни ва қисман ўқишни текширади. Демак, адабиёт, тарих, чет тили сингари фанлардан ДТМ ишлатадиган тест топшириқлари валид эмас — улар давлат таълим стандартларида мақсад сифатида белгиланган кўникмалар ёки компетенцияларни текширишга қаратилмаган.
Тестнинг валидлигини таъминлайдиган муҳим тамойил — репрезентативликдир. Ҳар қандай тестда топшириқлар сони чекланган бўлади, шунинг учун тест топшириқлари текширилаётган доменнинг фақат муҳим, шу фан учун асосий бўлган, аҳамиятга молик (репрезентатив) элементларини қамраб олиши лозим. ДТМ томонидан ишлатиладиган тест топшириқларида аксар ҳолларда бу тамойил бузилади.
Тестнинг валидлигини таъминлайдиган яна бир муҳим хусусияти — унинг ишончлилигидир. Ишончлилик деганда тест айнан шу аудиторияда (яъни айнан шу тест топширувчилар учун) қайта ўтказилганда олинадиган натижалар дастлаб олинган натижалардан катта фарқ қилмаслиги тушунилади. Дейлик, она тилидан бир гуруҳ ўқувчилар тест топширишди. Алиев 100 балдан 90 балл, Валиев 80 балл, Салимов 70 балл олди. Маълум бир вақт ўтиб, худди шу тестни худди шу гуруҳ қайта топширса ва бунда Алиев 70 балл, Салимов 90 балл, Валиев 60 балл олса, демак, тест ишончли эмас.
Табиийки, дарсликларда баён қилинган маълумотларни эслаб қолишни (хотирани) текширишга қаратилган тестларда ишончлилик юқори бўлиши мумкин эмас. Чунки бугун хотирада бўлган маълумот эртага эсдан чиқиши мумкин (айниқса, бу маълумот унчалик муҳим бўлмаса). Тарих, адабиёт сингари фанлардан юқори балл йиғиб ўқишга кирган талабалар билан гаплашиб кўринг — улар абитуриентлигида билган нарсаларини ҳозир билмасликларини айтишади. Сабаби — улар тест топшириш учун ёд олинган маълумотларни фақат тест кунигача хотирада сақлашади.
Тестнинг ишончлилигига топшириқларнинг содда-мураккаблиги ҳам таъсир қилади. Ёпиқ (тўғри жавобни танлашни талаб қиладиган) тест топшириғининг қийинлик даражаси тест топшириқлари апробацияси жараёнида шу топшириққа тўғри жавоб берганларнинг топшириқни бажарганларга нисбати билан белгиланади ва 0 дан 1 гача шкалада ўлчанади. Апробация натижасида ҳаддан ташқари мураккаб (0,3 дан паст) ёки содда (0,7 дан юқори) экани аниқланган топшириқларни тест жараёнида ишлатиш мумкин эмас. Масалан, апробацияда 300 нафар киши қатнашса ва шундан 30 нафари тест китобидаги 1-топшириқ жавобини тўғри танлаган бўлса, демак, бу тест топшириғининг қийинлик даражаси 0,1 га тенг ва бу топшиқни ишлатиш мумкин эмас. ДТМда тест топшириғининг қийинлиги 1 дан 4 гача бўлган шкалада ўлчаниб, уни тест тузувчи эксперт белгилайди. Табиийки, бундай ёндашувда тестнинг мураккаблик даражасини тўғри белгилаш имкони мавжуд эмас.
Тестнинг валидлигига таъсир қилувчи яна бир муҳим омил — тест топшириш шароитларининг стандартлаштирилгани ва тест натижаларини қиёслаш мумкинлиги. Тест топширувчиларнинг натижаларига текширилаётган билим, кўникма, малака ёки компетенциядан ташқари бошқа омиллар таъсири минималлаштирилган бўлиши лозим. Масалан, Алиев ва Валиев битта фандан тест топширса ва Алиев имтиҳонни салқин хонада, Валиев эса иссиқ хонада топширса, тест шароитлари стандартлаштирилмаган бўлади ва натижаларни солиштириш мумкин эмас, чунки хона шароити Алиевга ижобий, Валиевга салбий таъсир қилган бўлиши мумкин. Ёки Алиев ва Валиев битта фандан тест топширсаю, Алиевга нисбатан осон, Валиевга эса қийинроқ вариант берилса, бунда ҳам тест натижаларини солиштириш мумкин эмас.
Кўп вариантлар ишлатилганда уларнинг мураккаблик даражаси айнан бир хил бўлишини таъминлаш имконсиз. Шунинг учун тест билан шуғулланувчи профессионал ташкилотлар кўп вариант ишлатилган ҳолатда тест натижаларини эълон қилишдан олдин ҳар бир вариантнинг мураккаблик даражасини эталон вариант билан солиштириб, тест топширувчилар олган балларни улар ечган тест вариантининг даражасига мослаштиришади. Масалан, инглиз тилидан халқаро миқёсда тан олинадиган IELTS тестининг ўқиш ва тинглаб тушуниш бўлимларида 0 дан 9 гача балл йиғиш мумкин. Айрим ҳолатларда максимал 9 балл олиш учун 40 тадан 40 та саволга тўғри жавоб бериш талаб қилинса, айрим ҳолларда 38 та тўғри жавоб етарли бўлади. Бу ишлатилган тест вариантининг мураккаблик даражасига боғлиқ.
ДТМ кўп вариантли тизимда ишлайди, яъни бир абитуриент ечган тест варианти бошқа бир абитуриент ечган вариант билан айнан бир хил бўлмайди. Лекин улар натижаси эталон вариантга мослаштирилмайди. Демак, бунда тест натижаларини қиёслаш мумкинлиги қоидаси бузилади. Ҳарбий имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг натижаларига муайян балл қўшиб берилиши ҳам тест натижаларини қиёслаш мумкинлиги қоидасининг бузилишига олиб келади. Чунки бунда текширилаётган фан бўйича юқорироқ билим даражасига эга, лекин ҳарбий имтиёзи йўқ абитуриент билим даражаси пастроқ, лекин ҳарбий имтиёзи бор абитуриентга нисбатан пастроқ натижага эришиши мумкин.
Юқорида кўриб чиққанларимиз тес¬тология илмининг бошланғич, энг асосий талабларидан. Мисолларда кўрганимиздек, бу талаблар юртимизда амал қилаётган тизимда инобатга олинмаган. Бунинг устига, минимал бални ҳам тўплай олмаган ёки умуман ҳеч қандай натижа кўрсата олмаган абитуриентларнинг ҳам муайян тўлов эвазига талабаликка қабул қилиниши тестдан кўзланган ҳар қандай мантиқни йўққа чиқаради, алалоқибат таълим тизимига мислсиз зиён етказади. Энди «Тест тизими фойдадан кўра кўпроқ зарар олиб келмадими?» деган саволнинг жавоби юзасидан хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола...
Комил ЖАЛИЛОВ, Лондон университет коллежи Таълим институти (Буюк Британия) битирувчиси